02.09.2026

Мустақиллик — неъмат, уни асраш — шукр

Инсон тупроқдан яратилгани учун ҳам тупроққа талпинади. Ҳар бир нарса ўз аслига тортганидек, одам тупроқ ҳиди ва она замин бағрида асл хотиржамлигини топади.
Ёз кунларида қуруқ ерга илк ёмғир томчилари тушганда тараладиган тупроқ ҳиди ҳар бир инсонга ёқимли ва оромбахш таъсир қилади. Бу дунёдаги энг қимматбаҳо атирлардан ҳам кўра кўпроқ кўнгилга таскин беради, чунки бу инсон вужудининг ўз асли бўлмиш нам тупроқни танишидир.
Гўдакларнинг қум ва лойга табиий мойиллиги: ихтиёрсиз, ўз ихтиёрига қўйилган ёш болалар табиатан қум, лой ва тупроқ ўйнашни яхши кўради. Улар сунъий пластмасса ўйинчоқлардан кўра тупроқ билан соатлаб чарчамай ўйнашади. Бу — бола фитратидаги тупроққа бўлган туғма ва беғубор мойилликнинг ёрқин ифодасидир.
Аллоҳ таоло инсонни тупроқдан яратар экан, унинг фитратига она заминга, туғилиб ўсган маконига бўлган соф муҳаббатни жо қилди. Бу меҳр — бировнинг ўргатиши ёки ташқи тарғибот билан пайдо бўладиган сунъий туйғу эмас, балки руҳимиз ва қонимиз билан бирга яралган туғма меҳрдир. Шу боис, инсон қанчалик олис ва обод ўлкаларда яшамасин, унинг фитратидаги мана шу илоҳий омонат — она Ватан ишқи ҳеч қачон сўнмайди ва қалбини доимо ўз илдизи томон чорлаб туради.
Имом Термизий келтирган ҳадисда, Абдуллоҳ ибн Адий ал-Ҳамро аз-Зуҳрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳазвара тепалигида (уловлари устида) туриб шундай деганларини кўрдим: «Аллоҳга қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши ерисан ва Аллоҳнинг наздида Аллоҳнинг энг суюкли ерисан! Агар мен сендан (мажбуран) чиқариб юборилмаганимда эди, асло чиқмас эдим!»
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилиб ўсган она шаҳарлари Маккани ўз ихтиёрлари билан эмас, балки мушрикларнинг тазйиқи ва қувғини туфайли мажбуран тарк этаётган эдилар. Кўзлари ёшга, муборак қалблари соғинч ва маҳзунликка тўлган ҳолда, шаҳарнинг тоғу тошлари, сойлари ва муқаддас кўчаларига қараб, худди тирик инсонга сўзлагандек хитоб қилдилар: «Қандай ҳам пок ва гўзал шаҳарсан! Мен учун нақадар севимлисан! Агар қавмим мени сендан ҳайдаб чиқармаганида эди, сендан ўзга юртда асло яшамаган бўлур эдим!» 
Инсоният тарихида қалби энг пок, фитрати энг мукаммал бўлган зот — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларига назар солсак, Ватан қадри ва ундан айрилиш изтиробининг нақадар буюк ҳақиқат эканига гувоҳ бўламиз.
Эътибор беринг, Оламларга раҳмат бўлган зот ўз ихтиёрлари билан эмас, балки зулм ва мажбурият остида она шаҳарларидан айрилаётган эдилар. Бу нола шунчаки бир макон билан хайрлашув эмас, балки инсон руҳияти учун Ватандан жудо бўлиш, ғариблик ва мусофирликка юз тутиш нақадар оғир синов эканининг очиқ далилидир.
Демак, ўз юртида, ота-боболари хоки ётган тупроқда тинч ва хотиржам нафас олиш — инсон учун беқиёс бахт ва олий неъматдир. Ўз ватанида ризқ топиб, яқинлари қуршовида яшаш саодат бўлса, она тупроқдан йироқда, бегона юртларнинг бемеҳр муҳитида ғариб бўлиб яшаш — қалбнинг тузалмас азоби ва битмас ярасидир.
Яқин кунларда халқимиз ҳаётида яна бир қутлуғ сана – Юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланади. Бу шунчаки тарихий сана ёки йиллар ҳисоби эмас. Бу — Аллоҳ таоло халқимизга ато этган тинчлик, осойишталик, эркинлик ва ўз юртида хотиржам яшаш неъматларини яна бир бор эслаш, уларнинг қадрига етиш ва шукрини адо этиш учун бир фурсатдир.
Аллоҳ таоло Қуръон каримда марҳамат қилади: 
“Орангиздаги фазилатни унутманг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчи Зотдир”
Cўнгги ўн йил давомида юртимиз ҳаётида кенг кўламли янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширилди. Кечаги кун билан бугунги кунни солиштирсак, ҳаётимизнинг деярли барча соҳаларида янгиланишлар бўлганига гувоҳ бўламиз. Юртимиз обод бўлди, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳаларда муҳим ишлар амалга оширилди.
Инсон баъзан қўлидаги катта неъматларни доимий бўлгани учун сезмай қўяди. Ҳар куни эрталаб ўз уйида хотиржам уйғониши, оиласи бағрида яшаши, кўчага хавфсиз чиқиши, масжидда бемалол ибодат қилиши, фарзандларининг тинч ўқиб-улғайиши — буларнинг барчаси оддий ҳолатдек кўринади. Аслида эса буларнинг ҳар бири улкан неъматдир.
Айниқса, ўз Ватанида тинч ва хотиржам яшаш — буюк неъмат. Унинг қадрини Ватанидан айрилган, ғарибликда яшаган ёки юртида тинчликни йўқотган инсон яхшироқ ҳис қилади.
Демак, мустақиллик, тинчлик ва осойишталик ҳақида гапиришдан мақсад фақат ўтган тарихни эслаш эмас. Балки: «Бу неъматларни бизга Аллоҳ берди», деб эътироф этиш, уларнинг қадрини англаш ва шукрини амал билан адо этишдир. Ва бунга сабабчи бўлаётганларни ҳаққига дуои хайр қилиш.
Неъматнинг шукри фақат «Алҳамдулиллаҳ» дейиш билан тугамайди. Ватан тинчлигининг шукри — унинг тинчлигини асраш; мустақилликнинг шукри — уни қадрлаш; фаровонликнинг шукри — ҳалол меҳнат қилиш; фарзандларимизга берилган имкониятларнинг шукри — уларга яхши таълим ва тарбия беришдир.
Имом Аҳмад келтирган ҳадисда: Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Кимки (неъматнинг) озига шукр қилмаса кўпига (ҳам) шукр қилмайди. Кимки одамлардан миннатдор бўлмаса Аллоҳга (ҳам) шукр келтирмайди. Аллоҳнинг неъматини гапириш Аллоҳга шукр келтирмоқдир. Гапирмаслик куфрони неъматдир. Жамоат раҳматдир. Фирқа (жамоатдан ажрашнинг оқибати) азобдир”.
Бу ҳам Ватанимиз учун жуда муҳим сабоқ. Юртнинг кучи фақат унинг бойлиги ёки биноларида эмас, балки халқининг аҳиллиги ва бирлигидадир. Одамлар бир-бирини ҳурмат қилиб, тинчликни асраб, эзгу мақсад йўлида ҳамжиҳат бўлсалар — бу жамият учун раҳматдир. Низо, адоват ва парокандалик эса жамиятни заифлаштиради.
Шундай экан, 35 йиллик мустақилликни нишонлар эканмиз, унинг энг катта маъноларидан бири шукр бўлсин: ўтган кунни эслаб шукр қилиш, бугунги тинчликнинг қадрига етиш ва келажак авлодга обод ҳамда осойишта Ватан қолдириш.

✍️ Жамол домла Мавлянов
"Жўйбори Калон" аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Izoh qoldirish