Солиҳ ва соғлом фарзанд
Ҳомиладорлик аёл ҳаётидаги энг гўзал ва қайта такрорланмас давр. Халқимизда “Энг чиройли аёл ҳомиладор аёл” деган гап ҳам бежизга айтилмаган. Аёл иккинчи ёки учинчи фарзандига ҳомиладор бўлар экан, бошқача ҳиссиётларни, жисмоний ўзгаришларни бошидан кечиради. Ўзим ҳам она сифатида шундай жараёнлардан ўтиб, устозлардан ўрганганларимга амал қилишга ҳаракат қилганман. Ҳомиладорликдан туғгунча аёл Қуръонни 11 маротаба хатим қилса, фарзанди тез фурсатларда қори бўлади дейди устозлар.
Мўмин инсон ҳаётини парҳезкорлик билан ўтказиши талаб қилинади. Ҳомиладорликда аёл ҳам эркак ҳам бирдай бунга аввалгилардан ҳам кўпроқ амал қилиши керак. Аёлнинг Фотиҳа сурасини ўқиши қалбига хотиржамлик берса, Оятал Курси ҳомила ва онани муҳофаза қилади, онанинг қўрқув ва хавотирини камайтиради. Бақара сурасини ўқиш шайтонни узоқлаштиради, уйга файз-барака беради. Марям сурасининг ўқилиши ҳам ниҳоятда фойдали. Марям онамиз ҳомиладорлик даврида, пархезкор, Аллоҳ зикрида бўлган. Шу сабабидан бу сура осон туғруқ, болани аҳлоқи гўзал бўлишида аҳамиятли. Юсуф сураси ҳам келажакда боланинг қалби юмшоқ, чиройли хулқга эга бўлишига сабаб бўлади.
Аллоҳни эслаш, бекорчи гап сўзлардан ўзини тийган ҳолатда, кунлик юмушларда ҳам тили зикрда бўлиши, хусусан, Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ Акбар ва бошқа зикрларни айтиши она-бола руҳий саломатлигига фойдали.

Ота ҳам она билан бирга Оли Имрон сурасининг 38-ояти, Фурқон сурасининг74-оятини ўқиб Аллоҳ Таолодан солиҳ фарзанд сўраб дуо қилиши фарзанднинг она қорнидаёқ солиҳ бўлишига омилдир.
Шунингдек беҳуда иш ва сўзлардан йироқ бўлиши, атрофдагиларни норози қилиш, сўрамай олиш ёки ейишликдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиши зарур. Бу даврда асабийлашмаслик, ранжимаслик ҳомиланинг соғлом ривожланишида муҳимлигини динимиз ҳам тиббиёт ҳам таъкидлаган.
Бу даврда ўзим ҳам шифокорларнинг назоратида бўлиб, зарур тавсияларни олганман. Хусусан, витамин оқсил ва минералга бой таомларни истеъмол қилиш, фоливий кислота, Витамин Д, Йод, темир каби зарур шифо воситаларини маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиш тавсия этилган.
Аллоҳ таоло бандаларга неъматларни танасига шифо, ибодатларига қувват қилиб яратган. Маҳсулотлар орқали танамиз зарур витамин ва минералларга эга бўлади. Масалан, сут, йогурт, қатиқ кабилардан калций оламиз, гўшт эса оқсил билан таъминлайди. Афсуски, кўп ҳолларда аёлларимиз кўнгли нимани тусаса шуни ейди. Зарарли маҳсулотларга ружу қўйган бўлиб, фойдали таомлар, илик шўрва, димлама кабиларни исташмайди. Натижада мана шундай озуқалар таъсирида туғилган гўдакларда турли касалликлар аниқланяпти. Боғингизда пишиб етилган табиий маҳсулотлар, мавсумий мева ва сабзавотларни, ҳафтада бир маротаба бўлсада балиқни тавсия қилган бўлардим.
Балиқли котлет
Керакли масаллиқлар: 300 грам балиқнинг лаҳм қисми, 2 дона ўртача катталикда сабзи ва 2 дона ўртача пиёз. Бир чой қошиқ крахмал, бир ош қошиқ ёгурт, таъбга кўра туз ва мурч.
Тайёрланиши: Пиёзни тўртбурчак тўғраб, сабзи қирғичдан чиқарилади. Блендирда майдаланган балиқ гўштига тайёр сабзи, пиёзни солиб сметани, туз ва мурч қўшиб аралаштирамиз. Аралашмадан котлет ясаб, ўртача оловда 3 ош қошиқ ёғ солиб қизартириб оламиз. Икки томони қизаргач четга олиб қўямиз. Ўша қозонга бир стакан сув ва бир қошиқ помидор пастасини солиб бироз аралаштиргач, котлетларни солиб паст оловда 15 дақиқа димланади.
Маҳфуза БОЗОРОВА,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом mаълим муассасаси ўқитувчиси
УЗ
РУ
EN
العربية
Izoh qoldirish