27.03.2026

ҚУРЪОН ЎҚИЛАДИГАН ХОНАДОН

 

ҚУРЪОН ЎҚИЛАДИГАН ХОНАДОН

Инсон ҳаётида уй — бу фақатгина паноҳ топадиган жой эмас, балки қалблар ором оладиган, руҳлар озиқланадиган муқаддас маскандир. Агар бу масканда Аллоҳнинг каломи — Қуръони Карим садоси янграса, у оддий деворлар билан чекланиб қолмайди, балки нурга тўлган маънавий боғга айланади. Қуръон тиловати тушган хонадон — фаришталар қўнадиган, раҳмат ёғиладиган ва сакинат ҳукм сурадиган макондир. Ана шундай уйлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида башорат берганлар.

Имом Бухорий келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: " مَا اجْتَمَعَ قَوْمٌ فِي بَيْتٍ مِنْ بُيُوتِ اللَّهِ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَيَتَدَارَسُونَهُ بَيْنَهُمْ إِلَّا نَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ وَحَفَّتْهُمُ الْمَلَائِكَةُ وَذَكَرَهُمُ اللَّهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ "

Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади”, деб марҳамат қилдилар.

Қуръон тиловати янграган хонадон — бу осмон билан ерни боғловчи нурли кўприкдир. У ерда йиғилган қалблар Аллоҳнинг каломи атрофида бирлашар экан, уларнинг устига сакина тушади, раҳмат уларни қучади, фаришталар эса уларни ҳимоя қанотлари билан ўраб олади. Бу ҳолат инсон қалби учун энг буюк неъматдир. Чунки Қуръон — фақат ўқиладиган китоб эмас, балки яшаладиган ҳаёт, тутиладиган йўл ва қалбларга шифо бўлган илоҳий нурдир. 

Имом Байҳақий келтирган ҳадисда: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: "إِنَّ الْبَيْتَ الَّذِي يُقْرَأُ فِيهِ الْقُرْآنُ لَيَتَرَاءَى لِأَهْلِ السَّمَاءِ كَمَا تَتَرَاءَى النُّجُومُ لِأَهْلِ الْأَرْضِ".

«Албатта, ичида Қуръон ўқиладиган уй осмон аҳлига (фаришталарга), худди ер аҳлига юлдузлар кўринганидек (порлаб) кўринади».

Қайси уйда Қуръон тиловати янграса, у уй заминда бўлса-да, осмон билан боғланиб қолади. У нурли макон фаришталар назарида юлдуз мисоли порлайди — худди ер аҳлига осмон юлдузлари қандай кўринса, шундай равшан ва гўзал манзара бўлиб намоён бўлади.

Қандай бахтлидирки, шундай хонадонлар осмон аҳлига юлдузлар каби порлаб кўринади! Ер аҳли юлдузларга қараб ҳайратга тушгани каби, фаришталар ҳам Қуръон садоси янграган уйларга боқиб ҳузур топадилар. Бу — Аллоҳнинг каломини улуғлаганларга берилган буюк шарафдир. 

Имом Дороқутний келтирган ҳадисда: Анас ва Жобир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

عَنْ أَنَسٍ وَجَابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "أَكْثِرُوا مِنْ تِلَاوَةِ الْقُرْآنِ فِي بُيُوتِكُمْ، فَإِنَّ الْبَيْتَ الَّذِي لَايُقْرَأُ فِيهِ الْقُرْآنُ يَقِلُّ خَيْرُهُ وَيَكْثُرُ شَرُّهُ وَيُضَيَّقُ عَلَى أَهْلِهِ".

Уйларингизда Қуръон тиловатини кўпайтиринглар. Чунки қайси уйда Қуръон ўқилмаса, у уйнинг яхшиликлари камайиб, ёмонликлари кўпаяди ва аҳлининг баракаси кўтарилади

Инсон руҳи илоҳий озуқага муҳтож. Қуръон — Аллоҳнинг каломи ва нуридир. Уй ичида бу нур бўлмаса, у ерда маънавий зулмат ҳукм сура бошлайди. Қуръон ўқилмаган уйда илоҳий файз камаяди. Бу худди қуёш нури кирмайдиган хонанинг зах ва совуқ бўлишига ўхшайди.

Ҳадисларда келишича, Қуръон ўқилмаган уйдан фаришталар чиқиб кетади. Фаришталар бўлмаган жойда эса инсон ўзини ҳимоясиз ва ёлғиз ҳис қилади. Маънавий бўшлиқ ҳеч қачон бўш турмайди. Фаришталар тарк этган жойни шайтонлар ва жинлар эгаллайди.

Шайтоннинг энг катта қуроли — инсонга қўрқув ва камбағаллик ваъда қилишдир. Қуръон тиловати билан ҳимояланмаган уйда шайтоний васвасалар инсоннинг хаёлини бузади, арзимаган нарсалардан ваҳима чиқаради.

Шайтонлар уйдаги арзимаган тушунмовчиликларни катта жанжалга айлантиради. Доимий уруш-жанжал бўлган уйда эса хотиржамлик бўлмайди, бу эса тўғридан-тўғри тушкунликка олиб келади.

Имом Доримий келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: "إِنَّ الْبَيْتَ لَيَتَّسِعُ عَلَى أَهْلِهِ، وَتَحْضُرُهُ الْمَلائِكَةُ، وَتَهْجُرُهُ الشَّيَاطِينُ، وَيَكْثُرُ خَيْرُهُ أَنْ يُقْرَأَ فِيهِ الْقُرْآنُ، وَإِنَّ الْبَيْتَ لَيَضِيقُ عَلَى أَهْلِهِ، وَتَهْجُرُهُ الْمَلائِكَةُ، وَتَحْضُرُهُ الشَّيَاطِينُ، وَيَقِلُّ خَيْرُهُ أَنْ لا يُقْرَأَ فِيهِ الْقُرْآنُ".

«Албатта, ичида Қуръон ўқиладиган уй ўз аҳли учун кенгаяди, унга фаришталар ҳозир бўлади, шайтонлар ундан қочади ва унинг яхшиликлари (хайри) кўпаяди. Ва албатта, ичида Қуръон ўқилмайдиган уй ўз аҳли учун тор бўлиб қолади, ундан фаришталар кетади, шайтонлар эса унга келади (тўпланади) ва унинг яхшилиги камаяди».

Инсоннинг уйи қасрдек кенг бўлса ҳам, агар унда Аллоҳнинг зикри бўлмаса, қалби сиқилаверади. Бу тиббиётда "руҳий сиқилиш" деб аталади. Вақтнинг, пулни ва меҳрнинг баракаси учади. Инсон тинмай ишлайди, лекин ҳаловат топмайди.

Кейинги давр олимлари таъкидлайдиларки, уйда овоз чиқариб Қуръон ўқиш — фарзандлар учун энг катта тарбиядир. Бола ота-онасидан кўрган амални табиий равишда қабул қилади ва уйда Қуръон овози эшитилиб туриши унда маънавий ҳимояни шакллантиради.

Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумид-дин» «Албатта, қалб ва уйга ғафлат ғолиб бўлса, у шайтоннинг тутуни (духон) билан тўлади. Бу тутун торлик ва низо-жанжалларни келтириб чиқаради. Қачонки у ерда Қуръон овози юксалса, худди кучли шамол туманни тарқатгани каби, ўша тутун тарқаб кетади. Натижада сакинат тушади ва макон ўз аҳли учун кенгаяди».

Ҳаким Термизийнинг таъбири билан айтганда, Қуръон — Аллоҳнинг сифати бўлиб, у зикр қилинган жойда зулмат тура олмайди. Фаришталар келган макон эса муборак бўлади, вақт ҳам, ҳаёт ҳам баракали кечади. Демак, Қуръон ўқилган уй — бу дунёдаёқ жаннат нафаси уфуриб турган макондир. 

Хулоса қилиб айтганда, Инсон уйини гўзал жиҳозлар, кенг хоналар ва зоҳирий фаровонлик билан безаши мумкин. Аммо агар у ерда Қуръон садоси эшитилмаса, бу гўзалликлар руҳга ором бермайди. Асл ободлик — деворларда эмас, қалбларда; асл нур — чироқларда эмас, Қуръон оятларидадир. У ерда қалблар юмшайди, ризқ баракаланади ва инсон ўзини Аллоҳга яқин ҳис этади.

 Аксинча, Қуръондан маҳрум уй — қанчалик кенг бўлмасин, руҳан тор ва зулматли бўлиб қолади. Шунинг учун ҳар бир мўмин ўз уйини Қуръон нури билан ёритишга интилиши, унинг садосини деворларига эмас, аввало қалбига жойлаштириши лозим. Зеро, Қуръон ўқилган жой — фақат уй эмас, балки Аллоҳ раҳмати тушадиган, саодат гуллайдиган муборак макондир.

 

“Жўйбори Калон” аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим  муассаса мударриси                                                    Жамол Мавлонов

 

Izoh qoldirish