13.03.2026

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИДАН БЕБАҲРА ҚОЛУВЧИЛАР

Рамазон — мўминлар қалбида нур уйғотадиган, инсонни гуноҳлардан поклаб, Аллоҳга яқинлаштирадиган муборак ойдир. Бу ойда шундай бир кеча борки, у бутун инсон тарихидаги энг улуғ кечалардан бири ҳисобланади. У — Лайлатул Қадр, яъни Қадр кечасидир. Қуръони Карим айнан шу кечада нозил қилинган ва у кечанинг қадри шу даражада буюкки, Аллоҳ таоло уни минг ойдан афзал деб таърифлайди.

Бу кеча — раҳмат ёғиладиган, фаришталар ер юзига тушадиган, дуолар қабул бўладиган, гуноҳлар кечириладиган ва тақдирлар ёзиладиган муқаддас вақтдир. Шу сабабли уламолар Қадр кечасини “умрни ўзгартирувчи кеча” деб атаганлар.

Бироқ шундай улуғ кеча бўлишига қарамасдан, баъзи инсонлар унинг фазилатидан маҳрум бўлиб қоладилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда огоҳлантириб, Қадр кечасининг фазилатидан маҳрум қолиш — барча яхшиликлардан маҳрум қолиш билан тенг эканини таъкидлаганлар.

Қадр кечасининг буюк фазилатлари

Имом Ибн Можа келтирган ҳадисда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Албатта, сизларга бу ой келди. Унда бир кеча борки, у минг ойдан яхшироқдир. Ким унинг фазилатидан маҳрум бўлса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Унинг яхшилигидан фақат ҳақиқий маҳрум кишигина маҳрум бўлади».

Бу ҳадис Қадр кечасининг нақадар улуғ эканини кўрсатади. Чунки бу кечада инсон қисқа вақт ичида бутун бир умрга тенг ибодат савобини олиши мумкин.

1. Кечанинг баракаси

Аллоҳ таоло Духон сурасида шундай марҳамат қилади:

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةٍ مُبَارَكَةٍ

«Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик».

Бу кеча муборак кеча деб аталишининг сабаби — унда Қуръони Карим нозил қилинганидир. Қуръон инсонни зулматдан нурга олиб чиқувчи илоҳий дастурдир. Шунинг учун у нозил бўлган кеча ҳам барака ва раҳматга тўладир.

2. Минг ойлик ибодат савоби

Қадр сурасида Аллоҳ таоло айтади:

لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ

Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир” Яъни бу кеча 83 йилдан ортиқ вақтдан ҳам яхшироқдир.

Бу дегани, агар мўмин бу кечада ибодат қилса — намоз ўқиса, Қуръон тиловат қилса, зикр ва дуо қилса — гўё у инсон саксон йилдан ортиқ вақт давомида ибодат қилгандек савоб олади.

3. Фаришталар ер юзига тушади

Аллоҳ таоло Қадр сурасида шундай дейди:

تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا

«У кечада фаришталар ва Руҳ (Жаброил алайҳиссалом) тушадилар».

Тафсир уламолари айтадиларки, бу кечада ер юзи фаришталар билан тўлиб кетади. Улар ибодат билан машғул бўлган мўминларни кўриб, уларга салом берадилар ва дуоларига «омин» дейдилар.

Ибн Касир бу ҳақда шундай ёзади:

«Фаришталар масжидларда ва ибодатда бўлган мўминларга салом берадилар».

4. Раҳмат ва барака нозил бўлади

Бу кечада Аллоҳнинг раҳмати кенг ёғилади. Фаришталар фақатгина тушиб қолмайди, балки раҳмат ва баракани ҳам олиб тушадилар.

Ибн Касир айтади:

«Бу кечада барака кўп бўлгани сабабли фаришталар жуда кўп бўлади».

5. Гуноҳлар кечирилади

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Ким Қадр кечасини имон ва савоб умидида ибодат билан ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади».

Бу — мўмин учун улкан имкониятдир. Чунки инсон йил давомида қилган хатолари ва гуноҳларидан покланиши мумкин.

6. Дуолар қабул бўлади

Қадр кечаси дуо учун энг қулай вақтдир. Оиша онамиз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Агар Қадр кечасини топсам, нима дуо қилай?» деб сўраганлар.

Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

«Эй Аллоҳ! Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан, мени ҳам кечир».

Бу дуода жуда чуқур маъно бор. Чунки банда Аллоҳдан нафақат гуноҳни яширишни, балки уни бутунлай ўчириб ташлашни сўрайди.

7. Бир йиллик тақдирлар ёзилади

Саҳоба Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар:

Қадр кечасида Лавҳул маҳфуздан бир йил давомида содир бўладиган ишлар фаришталарга топширилади.

Бу ерда:

  • ким ўлади
  • ким тирик қолади
  • ризқлар
  • ёмғир
  • ҳатто ким ҳаж қилади

каби ишлар белгиланади.

Қадр кечасидан маҳрум қолувчилар

Имом Табароний келтирган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

Аллоҳ таоло Қадр кечасида мўминларни мағфират қилади. Фақат тўрт тоифа инсон бундан мустасно:

  1. Доимий шароб ичувчи
  2. Ота-онасига оқ бўлган киши
  3. Қариндошлик алоқасини узган киши
  4. Мушоҳин — адоват сақловчи киши

Мушоҳин сўзи арабча «шаҳнаа», яъни адоват ва нафрат маъносидан келиб чиққан.

Уламолар уни шундай таърифлаганлар:

  • Имом Нававий: биродарига нисбатан қалбида гина сақловчи киши.
  • Ибн Ҳажар: уч кундан ортиқ аразлашиб юрувчи киши.
  • Ибн Муборак: мусулмонларга нафрат сақловчи киши.

Қадр кечаси — инсон ҳаётидаги энг қимматли имкониятлардан биридир. Бу кеча мўмин учун гуноҳлардан покланиш, қалбни янгилаш ва Аллоҳга янада яқинлашиш учун берилган илоҳий неъматдир. Бир кечада инсон бутун бир умрга тенг савобга эришиши мумкин.

Бироқ бу фазилатдан ҳар ким ҳам баҳраманд бўлавермайди. Гуноҳ, адоват, ота-онага итоатсизлик ва қариндошликни узиш каби иллатлар инсонни бу буюк раҳматдан маҳрум қилиб қўяди.

Шунинг учун мўмин киши Қадр кечасини кутиб олганида қалбини поклаб, адоват ва гинани тарк этиб, Аллоҳга сидқидилдан илтижо қилиши лозим. Чунки бу кеча — дуолар қабул бўладиган, гуноҳлар кечириладиган ва тақдирлар ёзиладиган кечадир.

Ким бу кечанинг фазилатини англаб, уни ибодат ва тавба билан ўтказса, у ҳақиқий бахтга эришади. Аммо ким бу имкониятни қўлдан чиқарса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, барча яхшиликлардан маҳрум бўлган бўлади.

 

 

“Жўйбори Калон” аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси  Жамол Мавлонов

 

 

 

 

Izoh qoldirish