Рамазон ҳайити куни одоблари
Рамазон ҳайити куни одоблари
Рамазон ҳайити кунига эсон-омон етиб келган ҳар бир мусулмон киши қуйидаги амалларни бажаради:
1. Ийд кечасини ибодат билан ўтказиш.Ийдга ўтар кечанинг ҳам ўзига яраша фазилати бор. Уни бутунлай ёки бир қисмини, хусусан кечасининг учинчи қисмини Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан бедор ўтказиш кўплаб яхшиликларга, улкан савобларга сабаб бўлади.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», – дедилар».
Ибн Можа ва Тобароний ривоят қилган.
2. Ҳайит намози учун ғусл қилиш. Ислом поклик дини. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: «Поклик иймоннинг ярмидир», деганлар. Хусусан, мана шундай ибодатлар олдидан, кўпчилик жамоат тўпланадиган жойларга боришдан олдин ғусл қилиш динимизда алоҳида таъкидланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни ғусл қилар эканлар.
Фокиҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, Азҳо ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
3. Тишларни мисвок ёки тиш пасталари ёрдамида тозалаб олиш. Тишни тоза тутишга Ислом диничалик эътибор берган бирорта дин ёки таълимот йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат бўлишидан қўрқмаганимда, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлар эдим», деганлар.
Шу боис, ҳар намоз олдидан мисвок қилиш суннат амал ҳисобланади. Ҳайит намози учун эса, бу нарса янада таъкидлироқдир.
4. Ийд учун ясаниш. Мусулмон киши ҳайитга энг яхши кийимларини кийиши, иложи бўлса, янги кийим сотиб олиши мустаҳаб. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ байрам қилиб берган кунни нишонлаш, уни қадрлаш рамзи ҳисобланади. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар».
«Ҳибара» – Яманнинг машҳур кийими.
Ўша даврда Яманда саноат ривожланган эди. Яман кийимлари энг яхши кийимлар ҳисобланарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жума ва икки ийд кунлари хутбага чиққанларида Ямандан келтирилган ҳибара деган чиройли тўнларини кийиб олардилар. Шунга биноан, ийдга энг яхши кийимларни кийиш мусулмонлар ичида кенг тарқалган. Саҳобаи киромлар ҳам ушбу суннатга доимо амал қилганлар. Халқимиз қадимдан ушбу суннатни гўзал тарзда амалга ошириб келган. Ҳайит арафаларида кийим-кечак бозорларимизда савдо-сотиқ қизғин авжига чиқиши ҳам шундан. Бу ишда Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш бор.
Аммо шуни ҳам унутмаслик лозимки, аёлларнинг зийнатланишлари шариат доирасида ва маҳрамлар даврасида бўлиши керак.
5. Ҳушбўйлик суртиш. Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан. Жамоатчилик жойга киришда хушбўйлик суртиб олиш юксак одоб намуларидан бири бўлиб, кўплаб ноқулайликларнинг олдини олади.
Юқорида ўтган одобларга эркагу аёл баробар амал қилиши лозим.
6. Намозга чиқишдан олдин бирор егулик тановул қилиб олиш. Рамазон ҳайитида, Қурбон ҳайитига акс ўлароқ, намозга чиқишдан олдин бирор нарса еб олиш ҳам Рамазон ҳайитининг одобларидан саналади. Бунда Фитр куни рўза тутишдан бўлган қайтариққа урғу бериш ва Рамазон рўзаси якун топганлигига эътиборни қаратиш бор. Ўша егулик қуруқ ёки ҳўл мева бўлгани яхши.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилган.
7. Фитр садақасини бериш. Фитр садақаси рўзага боғлиқ садақалардан бўлиб, ҳар бир жон учун икки кило буғдой қийматида берилади. Унинг миллий пул бирлигимизда қанчага тўғри келиши ҳар йили масжидларда эълон қилинади. Фитр садақасини бериш закотга қодир кишиларга вожиб, бошқаларга ихтиёрий ҳисобланади. У фақир, мискинларга берилади. Уни Рамазон ичида бериш ҳам жоиз, аммо афзали ҳайит намозга чиқишдан олдин беришдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин деб фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот – покловчи садақа бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур».
8. Такбир айтиш. Такбир айтиш деганда, «Аллоҳу акбар», дейиш тушунилади.
Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилганини айта туриб, жумладан шундай деган:
«Аллоҳ сизларга осонликни истайди ва сизларга қийинликни истмайди. Саноғни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун». (Бақара сураси, 185-оят).
Ояти каримадаги «Аллоҳни улуғлашингиз учун» деган сўзни аниқроқ айтадиган бўлсак, «Такбир айтишингиз учун» бўлади.
Демак, Аллоҳ таоло бу оятда мусулмонларга рўзани фарз қилиши, унда енгилликни жорий қилиши, рўзани фарз қилиш билан уммати Муҳаммадга осонликни ирода қилиши – буларнинг барча-барчасини «мусулмонлар такбир айтиши учун» қилганини таъкидламоқда.
Валийд ибн Муслим айтади: «Авзаъий ва Молик ибн Анасдан икки ҳайитда такбирни ошкор айтиш ҳақида сўрадим. Улар: «Ҳа, Абдуллоҳ ибн Умар Фитр куни имом чиққунича табирни ошкора айтиб турар эди», дедилар».
Ибн Абу Шайба имом Зуҳрийдан ривоят қилади:
«Одамлар манзилларидан чиққандан бошлаб, то номозгоҳгача, ҳатто имом чиқгунича такбир айтишар эди. Имом чиққач, жим бўлишар ва у табир айтганда такбир айтишар эди».
Такбирни тўлиқроқ айтмоқчи бўлган киши Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги такбирни айтади: «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳ! Валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ва лиллааҳил ҳамд».
Маъноси: «Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Ва Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!».
Такбир Рамазон ойининг охирги куни қуёш ботгандан бошлаб, то ҳайит намози вақтига қадар айтилади.
9. Ҳайит намозига чиқиш. Ийд намози ҳар бир балоғатга етган, соғ-саломат мўмин-мусулмон эр кишига вожибдир. У, ҳайит кунги энг асосий, муҳим амал ҳисобланади. Ҳайит кунининг асосий фазилати ҳам Ийд намозини ўқиш билан рўёбга чиқади. Ийди Фитр намозининг вожиблигига Қуръон ва Суннатда далиллар мавжуд.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида Рамазон ҳақидаги ояти каримани қуйидаги жумлалар билан якунлаган:
«Саноғни мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсаларингиз». (185-оят).
Ушбу оятдаги «Аллоҳни улуғлашингиз учун» иборасида ҳайит намозини ўқиш назарда тутилган, дейди уламоларимиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозини тарк қилмаганлар ва ҳатто узрли аёлларни ҳам, намоз ўқимасалар-да, намозгоҳга ҳозир бўлишга, аммо намозга қатнашмай бир четда туришга амр қилганлар. У зотдан кейин рошид халифалар, саҳобаи киромлар ва салафи солиҳларнинг барчаси Ийд намозига алоҳида аҳамият берганлар. Ислом уммати бугунга қадар Ҳайит намозларини қолдирмай адо этиб келмоқда.
Ийд намозининг вақти кун чиққандан тақрибан 15-20 дақийқа ўтгандан бошлаб, то аср вақтигачадир. Унинг қазоси йўқ, омма жамоат билан ўқиш шарт. Ийд уч кун давом этади.
Ийд намози икки ракъатдир. Унга азон ва иқома айтилмайди. Ҳанафий мазҳабига кўра, ҳар икки ракъатида қўшимча учтадан такбир айтилади ва ҳар такбир айтилганда, такбири таҳримадаги каби, қўллар қулоқ баробарига олиб келинади. Бу такбирлар биринчи ракъатда санодан кейин, иккинчи ракъатда замми сурадан сўнг, рукуъга кетишдан олдин айтилади.
Ийд намозининг биринчи ракъатига «Аълаа» сурасини, иккинчи ракъатга «Ғошия» сурасини замми сура қилиш мустаҳаб саналади.
Нуъман ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайитда ва жумъада «Саббиҳисма Роббикал аълаа» ва «Ҳал атаака ҳадиисул Ғошийа»ни ўқир эдилар».
Муслим ривоят қилган.
Ийд намози ўқилгандан сўнг имом минбарга чиқиб хутба қилади. Ийд хутбасига ўтирган кишилар уни жим туриб тинглашлари вожиб.
Ийд намози Рамазон фазилатлари шукронасининг рамзидир, динимизнинг буюклиги ва олийжаноблигининг нишонасидир, мўмин-мусулмонларнинг Аллоҳга бўлган бандаликлари изҳоридир. Тўлиқ бир ойни кундузларини рўза тутиб, кечаларини қўлдан келганича ибодатлар билан ўтказиб, яна ўша ибодатларининг қабул этилишини Аллоҳдан сўраб, жамоат бўлиб, биргаликда намоз ўқиш, ҳақиқатан, ана шундай юксак маънолар касб этади.
Ҳайит намозига тўпланган жамоатга Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади, Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечиради, дуоларини қабул қилади.
Ибн Ҳиббон ва Имом Байҳақийлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойи фазилатлари ҳақида гапира туриб, жумладан қуйидагиларни айтганларини эшитган эканлар:
«Фитр кечаси бўлганда бу кеча «Мукофот кечаси» деб номланади. Фитр куни бўлганда Аллоҳ азза важалла фаришталарни шаҳарларга юборади, улар ерга тушадилар ва кўчаларнинг оғзида туриб олиб, инсон ва жиндан бошқа барча Аллоҳ азза важалла яратган нарсалар эшитадиган овозда нидо қилиб: «Эй уммати Муҳаммад, кўп савоб берадиган ва катта гуноҳларни мағфират қиладиган карамли Роббингиз томон чиқинг», дейдилар. Қачонки улар намозгоҳларига чиққанларида, Аллоҳ азза важалла: «Эй фаришталарим, ижарага ёлланган кишининг ишини бажаргандаги мукофоти нимадир?», дейди. Улар: «Илоҳимиз, Хожамиз, унинг мукофоти ҳақини тўлиқ берилишидир», дейдилар. Шунда Аллоҳ: «Мен сизларни гувоҳ қиламанки, эй фаришталарим, албатта Мен уларнинг Рамазон ойининг рўзасини тутганлари ва кечаларини қойим қилганлари савобини Ўзимнинг розилигим ва мағфиратим қилдим», дейди».
Бошқа бир ривоятда келишича, мўмин-мусулмонлар Рамазон ойи рўзасини адо этиб, намозгоҳга чиққанларида, Аллоҳ таоло: «Эй фаришталарим, ҳар бир ишчи ўз ҳақини талаб қилади, мен уларни мағфират қилдим», дейди. Шунда бир нидо қилувчи: «Эй уммати Муҳаммад, манзилларингизга қайтинглар, батаҳқиқ, гуноҳларингиз ҳасанотларга алиштирилди», деб нидо қилади. Шунда Аллоҳ таоло: «Эй бандаларим, Менинг учун рўза туттинглар, Менинг учун оғиз очдинглар, бас, мағфират қилинган ҳолда ўринларингиздан туринглар», дейди.
Мазкур ажр ва мукофотларнинг ҳеч қандай муболағали жойи йўқ, булар Аллоҳга осон, У Зотнинг фазлу марҳамати чексиз. Фақат, ушбу фазийлатларга эга бўлиш учун, сиз билан биз ушбу савобларни умид қилган ҳолда, чин ихлос билан Ийд намозига қатнашишимиз лозим.
Ийд намозини ўқишда, умуман, Ийд кунини байрам қилишда оддий урф-одат ёки қандайдир кўникма маъносида эмас, балки, Аллоҳдан савоб умидида, ваъда қилинган яхшиликларни қасд қилган ҳолда, иймону ихлос билан бўлишимиз, ана шу руҳда иш тутишимиз даркор. Ана шунда кўзлаган мақсадга ета оламиз.
10. Ийд намозига эртароқ, пиёда, виқор билан, такбир айтган ҳолда бориш. Намозга қанча эрта бориб, қанча кўп интизор бўлинса, савоби шунча кўп бўлади. Агар йўл узоқ бўлмаса, имкони бор киши пиёда боргани яхши.
Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:
«Ийдга пиёда чиқиш суннатдир», деганлар.
11. Ҳайит намозга бир йўл билан бориб, бошқасидан қайтиш. Бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл ила чиқсалар, бошқаси ила қайтар эдилар».
Термизий, Абу Довуд ва Бухорийлар ривоят қилган.
Уламоларимиз ушбу суннатнинг бир қанча ҳикматлари борлигини таъкидлаганлар. Жумладан, қилинган яхши амалга Қиёмат куни гувоҳлик берадиган нарсаларни кўпайтириш, зеро, ер ўз устида қилинган яхшию ёмон амалларга гувоҳлик беради. Шунингдек, бунда ийдни олқишлаш, Исломнинг маконатини, баракасини кўрсатиш ҳам бор. Қолаверса, мусулмонларнинг кўпроқ қисмини ҳайит билан табриклаш, улардан ҳол сўраш учун ҳам борди-келди йўлни бошқа қилишнинг аҳамияти катта.
12. Хонадон аҳлига кенгчилик, серобчиликка шароит яратиш. Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Бунда ҳадяларни қўни-қўшни ва бошқа мусулмонларга ҳам берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзаро ҳадя беришинглар, бир-бирингизга муҳаббатингиз бўлади», – деганлар».
Байҳақий ва бошқлар ривоят қилган.
13. Қариндош-уруғ, қўни-қўшниларни зиёрат қилиш, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга хурсандчилик улашиш. Ҳайит муносабати билан устоз ва олим кишиларни зиёрат қилиш ҳам жуда катта савобли ишлардан ҳисобланади. Шунингдек, бемор кўриш, йўқсил, қамбағаллар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади.
Ҳайит кунлари сила раҳм қилиш, қариндош-уруғ, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни ризқини кенгайтирилиши ва ажалини ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи рақм қилсин», – дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишиларга фазийлатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Бундай ҳолатларда ҳайитликлар бериш ҳам орадаги кудуратни кўтарилишига сабаб бўлади.
Ибн Абуддунё «Макааримул ахлаақ» номли китобида қуйидаги ҳадисни келтиради:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳадялар беришинг, чунки ҳадя, оз бўлсин ё кўп бўлсин, кек-адоватни кетказади ва меҳр ўйғотади», – дедилар.
14. Болажонларга ҳайитлик бериш, уларга ушбу байрамнинг шукуҳини кўрсата билиш. Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадрятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу (Ийд куни) бизнинг байрамимиздир», деганлар. Демак, биз бу кунларни ана шундай кўтаринги руҳда ўтказишмиз лозим.
15. Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш. Ҳайит муносабати билан табриклаш жамиятда ака-укачилик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлайди, мусулмонларнинг бир-бирларига бўлган муҳаббатларини зиёда қилади, ўзаро алоқаларини мустаҳкамлайди. Хусусан, берилган ва мактуб орқали келган табрикларга жавоб қайтаришни унутмаслик лозим. Саҳобаи киромлар ҳайит куни бир-бирлари билан учрашганларида «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам яхши амалларимизни қабул айласин», деб қўйишар экан. Бундан ташқари, «Ҳайитингиз муборак», «Ҳайитингиз қутлуғ бўлсин» каби иборалар ҳам табриклашнинг бир кўринишидир.
Табрик ва тилакларни изҳор қилишда замонавий имкониятлардан фойдаланилиш ҳам мумкин. Масалан, телефон қилиш ёки телефонда мактуб жўнатиш, электрон почта орқали ёзишмалар қилиш каби.
16. Ҳайит куни одоб доирасида, ҳаром ва манъ қилинган нарсаларни аралаштирмаган ҳолда айрим кўнгилхуши маъносидаги ўйин-кулгилар ҳам қилиш мумкин. Аждодларимиз бундан минг йиллар муқаддам ҳайит кунини «байрам» деб ҳам аташган экан. Бу сўзнинг асли «базрам» бўлиб, «ўйин-кулги қилинадиган, шодиёна кун» деган маънони англатар экан. Улар ҳайит кунлари ўйин-кулги қилиб, шодлик, хурсандчилик изҳор қилиш жоизлигига далолат қилувчи шаръий маълумотлардан келиб чиқиб, ҳайит кунларини «байрам» деб аташган бўлса, ажаб эмас. Ўша маълумотлардан айримларини имом Бухорий ўз «Саҳиҳ»ларида келтирганлар:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Абу Бакр кирганида олдимда ансорийларнинг қизларидан икки қизча Буос куни ансорлар айтишган нарсани қўшиқ қилиб айтаётган эдилар. Икковлари қўшиқчи эмасдилар. Шунда Абу Бакр:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўлаяптими?!», – деди. Бу, ийд куни бўлганди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир», – дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Абу Бакр у(Оиша)нинг олдига Мино кунларида кирганида унинг ҳузурида икки қизча қўшиқ айтар ва дуфф (доира) чалар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ки¬йимларига бурканиб ётар эдилар. Абу Бакр иккови(қиз)ни жиркиб тўхтатди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини очиб:
«Тек қўй уларни, эй Абу Бакр, бу кунлар ийд кунларидир», – дедилар», дейилган.
Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Буос Мадина яқинидаги бир жойнинг номи бўлиб, у ерда Авс ва Хазраж қабилалари орасида қаттиқ уруш бўлган ва ўша кун «Буос куни» деб номланиб қолган. Арабларнинг одати бўйича, ўша Буос урушида икки тараф ҳам фахр маъносида, ўзларини шижоатлантириш учун турли мазмунда байтлар айтишган. Ўша байтлар одамлар орасида тарқаб, халқ қўшиғига айланиб кетган. Ушбу ривоятда айтилаётган икки қизча ҳам ўша байтларни қўшиқ қилиб айтишган экан. Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ижозат берган эканлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ийд куни эди. Қоралар қалқон ва найзаларни ўйнашар эди. Ёки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим, ёки у зот:
«Томоша қилишни хоҳлайсанми?», – дедилар. Мен:
«Ҳа», – дедим.
У киши мени орқаларига турғиздилар. Яноқим у зотнинг яноқларига тегиб турарди. У зот бўлсалар:
«Эй Бани Арфидалар, давом этаверинглар», – дердилар».
Ниҳоят, мен малолланганимда:
«Бўлдингми?», – дедилар.
«Ҳа», – дедим.
«Кетавер», – дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Ҳабашлар келиб, ийд куни масжидда сакраб рақс туша бошладилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени чақирдилар. Мен бошимни у зотнинг елкаларига қўйиб, уларнинг ўйинларига назар сола бошладим. Ниҳоят, ўзим уларга назар солишдан қайтдим», дейилган.
Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Демак, ҳайит кунлари зикр маъносидаги, яхшилик, шижоат, мардлик, халқсеарлик, ахлоқ-одобга тарғиб қиладиган қўшиқларни тинглаш ҳамда довюраклик, полвонлик ўйинларини томоша қилиш каби шариатда рухсат берилган ўйин-кулгилар билан машғул бўлиш ҳам жоиз экан. Бундай ишлар болаларни топқирликка, зийракликка ўргатадиган, кишиларни илм-маърифатини оширишга хизмат қиладиган турли тадбир, мусобақалар шаклида ўтказилса, янада яхши бўлади.
Мен ўзим мусулмон малакатларидан бирида хизмат сафарида бўлган чоғимда ана шундай тадбирларда иштирок этиб, уларнинг шариат асосларида ўтказилиши билан бирга, жуда ҳам кўнгилочар, хузурбахш бўлганини кўриб, қойил қолган эдим. Ўшанда биз билан бир нечта етук олимлари ҳам бирга қатнашишган эди.
Шунингдек, ҳайит кунлари адабий, илмий анжуманлар ўтказиш, маълум мақсадларга қаратилган байрам зиёфатлари уюштириш ҳам яхши натижалар беради.
Р.Мамадшоева
Izoh qoldirish