29.01.2026

маънавий-маърифий ҳамда амалий йўналишдаги давра суҳбати

#маънавий_маърифий_учрашув
#китоб_тақдимоти

 

2026 йил 29-январ куни “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида маънавий-маърифий ҳамда амалий йўналишдаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Комилжон Раҳимов иштирок этиб, ўзининг илмий фаолияти давомида тўплаган тажрибалари ҳамда ижодий изланишлари билан ўртоқлашди.

Хусусан, аждодларимиздан мерос бўлиб қолган дуру-гавҳарга тўла қўлёзмаларни ўрганиш ва тадқиқ этишга доир қимматли илмий ва амалий тавсиялар тақдим этилди. Давра суҳбати илмий тавсиялар билан бир қаторда амалий машғулотлар тарзида ҳам давом этди.

Жумладан, ҳазрат Алишер Навоий, Саъдий Шерозий каби буюк мутафаккирлар қаламига мансуб бир неча байтлар устоз томонидан талабаларга тақдим этилиб, уларни эски ўзбек ёзувида ёзиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, мазкур байтларни араб тилига таржима қилиш топшириғи берилди.

 

Тезкор ва зукко талабалар топшириқларни бажарганидан сўнг, профессор Комилжон Раҳимов ҳар бир ишни алоҳида таҳлил қилиб, баҳолади ҳамда янада юқори натижаларга эришиш сирлари билан ўртоқлашди.

Бухоро заминининг етти пирларининг аввали бўлган Хўжайи Жаҳон Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг форс тилидаги “Васиятнома” асарининг настаълиқ хатида битилган қадимий қўлёзма нусхасидан бир вароғи устоз раҳбарлигида талабалар билан биргаликда ўқилиб, таҳлил қилинди. Қўшимча равишда яна икки варақни ўқиб келиш вазифаси талабаларга топширилди. Эртага таҳлилни давом эттириш мақсадида профессор Комилжон Раҳимовнинг яна ташриф буюриши маълум қилинди.

Давра суҳбати якунида таълим муассасаси устозлари ва маъмурияти профессор Комилжон Раҳимовга мазмунли ва манфаатли ташрифи учун чуқур миннатдорчилик изҳор этдилар!

Ӯқув-услубий бӯлим бошлиғи М.Хужаева. 
 

 

 

Izoh qoldirish