18.12.2025

18 декабр – Халқаро араб тили куни

#Мақола 

                                                                                                              18 декабр – Халқаро араб тили куни.

18 декабр – Халқаро араб тили куни БМТ томонидан таъсис этилган бўлиб,  1973-йилда БМТ Бош Ассамблеяси ва унинг асосий қўмиталарининг  расмий ва доимий фойдаланиладиган тиллари қаторида араб тилини киритиш тўғрисида   қарор қабул қилинган. 

2010 йил Халқаро она тили куни арафасида БМТ Жамоатчилик билан алоқалар бўлими ташкилотдаги олтита расмий тилнинг ҳар бири учун   алоҳида байрам таъсис этиш таклифини киритган. Мазкур ғоянинг маданиятлараро диалогни мустаҳкамлаш ва кўп тилли дунёни   ривожлантириш йўлида хизмат қилиши назарда тутилади. 

2012-йилда Марокаш, Саудия Арабистони  ва Ливия таклифи билан ЮНЕСКО  Ижроя кенгашининг 190-сессиясида бу кун Жаҳон араб тили куни сифатида тасдиқланган ва эълон қилинган.

2012  йилдан буён дунёда  18 декабр – Халқаро араб тили куни нишонланиб келинади.  Бундан мақсад, гўзал сўзларни ўз ичига олган ушбу беназир луғатни бутун дунё аҳолисига танитишдир. Араб тили балоғат ва фасоҳат жиҳатидан дунё тиллари ичида энг етук тил ҳисобланади. Ундан ташқари араб тили энг кўп тарқалган тиллардан бўлиб, 422 миллион шахс ушбу тилда гаплашади.
(Аллоҳнинг китоби Қуръони карим ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари бўлмиш ҳадислар араб тилида экани мусулмонлар учун энг олий тил эканига кифоя қилади).

Муфассир Ҳофиз ибн Касир шундай деган эканлар: “Араб тили - тилларнинг ичида энг чиройлиси, ширалиси, сўзамолидир. Энг тушунарлиси ва ақлга келиши мумкин бўлган маъно-фикрларни етказишда энг имконияти кенгидир. Шу сабабдан энг ҳурматли Китоб энг ҳурматли тилда, энг ҳурматли Расулга, энг ҳурматли фаришта воситасида, Ер юзининг энг ҳурматли жойида, энг ҳурматли ой - Рамазон ойида нозил қилина бошлагандир”.
Аллоҳ таоло ушбу тилни тушунарли, инсон маълумот қабул қилишида қулай, енгил ва осон деб номлайди:.
“...Бу эса, очиқ-ойдин араб тилидадир”. (Наҳл сураси, 103-оят)
Ва шунингдек, бошқа оятда шундай марҳамат қилади:
“Бас, албатта, Биз У (Қуръонни) сенинг тилинг ила осонлаштирдик. Шоядки, эсласалар”. (Духон сураси, 58-оят)
Кўпгина салафи солиҳлар ҳам араб тилини ўрганишнинг аҳамияти ҳақида сўзлашган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:
“Араб тилини ўрганинглар ва бошқаларга ҳам уни таълим беринглар!” деб айтганлар.
Убай ибни Каъб розияллоҳу анҳу: “Қуръони каримни ёд олишга, ўрганишга уринганингиз каби араб тилини ўрганишга ҳам ҳаракат қилинглар”, дея айтганлар.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Араб тилини ўрганинглар, чунки у сизнинг Ислом динингизнинг бир қисмидир. Мерос илмини ўрганинглар, чунки у Ислом динингизнинг бир қисмидир”. Ушбу тил                   14 асрдан бери ўзгармайди ва муомаладан чиқмайди. 

 

                                                                                                                                                                                                                                                                                                                             Г.Шомуротова

Izoh qoldirish