29.04.2021

Илм билан шарафланган илк муслималар

      Маълумки, ҳуқуқий демократик жамиятда маънавий-руҳий эркинликларга тобора кенг йўл очилмоқда. Соғлом фикрли ва иродали, гўзал хулқли, солиҳ амалли аёлни камолот ва ҳидоят сари йўллаш айни кунда муҳим ва долзарб вазифа эканини англаб етдик. Ҳар бир мусулмон аёли  нафақат ўзининг келажаги ва охирати учун, балки жамиятнинг келажаги, унинг фаровонлиги учун ҳам масъул инсон эканлигини ҳис қилиши лозим. Оиласиз жамият, давлат бўлмагани каби, аёлсиз оилани тасаввур этиб бўлмайди.Охирги асрларда мусулмонлар тарафидан илмий кашфиётлар қилинмай қўйди. Бугунги кунда ўлкамизда нафақат мусулмон аёлларнинг, ҳатто, эркакларнинг ҳам илмга рағбатлари сусайган. Ислом дини эркаклар қиладиган оғир касбларни аёлларга фарз қилмаган. Лекин аёлларга хос баъзи ишларни эркакларга хос баъзи ишлар билан тенглаштириб, улар билан тенг савоб олишни жорий қилди.

Тарихдан маълумки, Ислом дини аёлларнинг инсоний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ҳурматини жойига қўйиш билан жамиятдаги мавқеини юксалтирди. Мусулмончилик эндигина ёйилаётган пайтларда ер юзидаги қавмларнинг аёллари кўп инсоний ҳуқуқлардан маҳрум ҳолда, ҳақир ҳаёт кечирар эди.

        Асри саодатда саҳобиялар ўртасида илмлари, зеҳнлари билан ажралиб турган аёллардан Ҳазрат Оиша, Ҳафса, Умму Салама, Карима Бинтул Миқдол, Умму Кулсум  бинти Уқба, Оиша бинти Саъдларнинг (р.а) номлари тарихда қолган.

       Шубҳасиз, шариатнинг уч амал таянчи бор. Булар: илм, амал ва ихлос. Шу уч жуздан ҳар бири ҳақиқийлашса, шариат ҳақиқийлашади. Бир кишида бу уч жуз билан шариат вужудга келса, Аллоҳ розилиги қозонилган бўлади.  Маймуна (р.а.) (шу маънода) амр қилдилар:

Арабчани ўрганинг ва ўргатинг!

Тўрт халифа замонлари ўтиб кетгач, Ислом давлатларида сохта дин пешволари тарафидан аёлларнинг илм олишини таъқиқлайдиган уйдирма ҳадислар ҳам юзага келди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (с.а.в.) ва Ҳорун ар-Рашид даврларида аёллар илм таҳсилининг чўққисида бўлганлар. Кимки “Муслима аёлларнинг илм олишини дин таъқиқлаган ёки таъқиқлайди” иддаосини илгари сурса, билингизки, у кимса Исломга хиёнат этган. Ислом келтирган илм инқилоби аёллар учун бир нажот эшигидир. Мадинада янги тузилган Ислом жамияти ва давлатида ўқиб-ёзадиган аёллар ҳам оз эмасди. Машҳур саҳобийя Аш-Шифо бинти Абдуллоҳ ал-Адавийя исломдан аввал ўқиш-ёзишни биларди. Сўнг бир қанча саҳобияларга ўргатди, масалан, Ҳафса бинти Умар ал-Форуқ. Ўзи шу тариқа исломда илк муаллима бўлди. Аш-Шифодан ташқари ўқиш-ёзишни биладиган Ҳазрат Оиша, Ҳафса, Умму Салама, Карима бинтул Миқдол, Умму Гулсум бинти Уқба ва Оиша бинти Саъд каби саҳобиялар зикр этилган. Улар Муҳаммад (с.а.в.) сўзларини тушуниб олиб, одамларга етказардилар.

Олима саҳобалар ёнида шоиралар ҳам бор эди. Ҳазрати Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) қизлари Фотима аз-Заҳронинг сут қариндоши Аш-Шайма бинтул Ҳорис ас-Саъдийя, Ал-Ҳафса бинти Амр ибниш-Шарид, Атиқа бинти Зайд ва Нажия бинти Жундуб ал-Асломий шоира саҳоба аёллардир.   Тарихда Ислом оламида машҳур аёллар Миср, Испания ва Африкадаги мамлакатларнинг бир қанчасига дахлдорлар. 

Молик бин Анасдан ривоят этган Обида ал-Маданийя, Имом Бухорийнинг “Ал-жоме ас-саҳиҳ”ини Маккада ривоят этган Карима ал-Марвазийя машҳурдирлар. Тасаввуф соҳасида ҳам кўзга кўринган аёллар бўлган, булардан машҳурлари Робиа ал-Адавийя ва Андалусиялик Фотималар маълумдир. Мўминлар онаси Оиша Расулуллоҳдан (с.а.в.) жами 2610 та ҳадис ривоят қилиб, бу борада биринчилардан бўлганлар. Шогирдлари Урва ибн Зубайрнинг эътирофича, Қуръон, ҳадис, фиқҳ, ҳалол-ҳаром, араб тарихи ва насабшунослик, адабиёт каби соҳаларда бу зотга тенг келадигани бўлмаган. Ҳазрати Оишанинг (р.а) аёллардан 88 та шогирдлари ҳам бўлган. Фақиҳа ва муҳаддисалардан Робиъа бинти Муаввад, Умму Атийя, Машҳур Умра бинти Абдураҳмон, Умму Саламанинг қизлари Зайнаб, Умму Абуд-Дардо, Фотима бинти Қайс каби ўнлаб олималарнинг номлари Ислом оламида маълуму машҳур бўлган. Саййида Нафиса Имом Шофеъийдек улуғ алломага устозлик қилган. Гарчи юқорида илмли, истеъдодли саҳобияларнинг номлари келтирилган бўлса-да, Арабистонда ўқиш-ёзишни биладиган эркак ва аёллар саноқли эди. Аёллар келиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан илм ўргатишларини илтимос қилишган. Бир аёл ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.)га дедилар: “Сўзингизни тинглашимизга имкон бўлмаяпти (сўзларингизни эркаклар етказмоқдалар), бевосита ўзингиздан эшитайлик, бир кунни тайин қилинг, биз келайлик, Аллоҳ сизга ўргатганини бизга ўргатинг”. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) бу мурожаатни яхши қаршиладилар ва аёлларга алоҳида дарс ўтишни қабул қилиб, буюрдилар: “Фалон кун, фалон ерда тўпланинглар!” Улар тўпландилар. Ўша кун келгач, ваъз-насиҳат айтдилар, баъзи диний ишларни буюрдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) аёлларга Аллоҳ ўргатганидан ўргатдилар ва шу тариқа исломда аёлларга оид илк мадраса барпо бўлди.Ҳа, Аллоҳ таоло дини Ислом ила аёлларни ана шундай юксакларга кўтарди ва мўминларга аёлларни эъзозлашни буюрди.

Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом 

таълим муассасаси 3-курс талабаси Рамазонова Фараҳноз 

Izoh qoldirish