19.05.2025

“Абдухолиқ Ғиждувоний таълимотида жамиятга муносиб бўлмоқ хусусида”

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга қилган  Мурожааатномада “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори деган ғоя кундалик фаолиятимизга чуқурроқ кириши керак” деб таъкидлаб, барча жабҳаларда халқнинг ташаббускор, фаол бўлиши лозимлигига эътиборни қаратадилар  Фаолллик эса илм – маърифат, кенг дунёқараш бўлган жойда намоён бўлади.

Шу маънода олганда инсоният тафаккурининг бой маънавий мероси ҳисобланган тасаввуф ва унинг ижтимоий фаолликка ундаши билан бошқа тариқатлар орасида жаҳоний аҳaмиятга эга бўлган хожагон – нақшбандия тариқатига бўлган муносабат ўзига хос ўринга эгадир. Президентимизнинг 2017 йил 11 июлдаги “Абдухолик Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Бахоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайѐргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги Ф-4988-сонли Фармойишлари шу соҳадаги ишларни  сифат жиҳатидан янги босқичини бошлаб берди.

Шу мақсадда тасаввуфий ирфоний таълимотнинг буюк асосчиларидан бири сифатида Хожаи Жаҳон Абдухолиқ Ғиждувоний таълимотини ўрганиш жуда  муҳим аҳамият касб этади. Мутасаввиф таълимотида инсон деган номга муносиб бўлиб ижтимоий ҳаётда фаолият кўрсатиш ҳам диний, ҳам дунёвий нуқтаи назардан фарз эканлигига эътибор берилади.

Хожаи Жаҳон ўзидан олдинги барча мутасаввифлар сингари инсон моҳияти ҳақида фикр юргизиб, унинг омуҳталиги, бир томондан руҳ, жон ва иккинчи жиҳатдан жисм, жуссадан таркиб топганлигига шубҳа қилмас эди. Руҳ, жон ёки баъзи мутасаввифларнинг каломи билан айтганда, нафс одамнинг аслий, ҳақиқий, мангу, илоҳий, абадий томони бўлиб, у инсоннинг жисмий томонидан бир қанча белгилари, сифатлари билан фарқ қилади. Инсоннинг руҳи ёки нафси маънавийдир. Мутасаввифлар инсон руҳи, нафаси, жонини эса рухий қалб ҳам деб айтадилар. Мутасаввифлар шу жумладан мўътабар сўфий Хўжаи Жаҳон,  ақидаларича инсон ҳам “кичик олам”-“олами асғар” ва ҳам “буюк олам”-“олами акбар”. Кичик олам сифатида инсон ўзидан пастки барча оламлар: ноорганик олам, ўсимликлар олами, ҳайвонлар оламининг кичик тарздаги мужассамидир, зероки пастги табақа оламларнинг барча жисмий ва маънавий хусусият ва сифатлари инсонда кузатилади. Табиий оламдаги барча унсуротлар инсон жисми жасадида мавжуд, тирик ўсимликларга тааллуқли бўлган барча хусусиятлар ҳам: модда алмашинуви, ўсиш, ўзгариш, кўпайиш инсонда мавжуд. Шу жиҳатдан инсон ўзидан илгари муқаддам барча оламлар тараққиёти ривожланишининг якунидир. Бундан ташқари, инсон ақл, заковат, кучли ирода, ҳиссиёт, сезгилар, нутқ соҳиби ҳамдир. Руҳий, маънавий жиҳатдан инсон ниҳоясиз. Унинг руҳий нафси ҳеч бир жиҳатдан чегараланмаган. Чегарасиз инсон руҳияти моддий оламда кузатиладиган фазо, макон ва вақтга боғлиқ эмас. Абдухолиқ Ғиждувоний айтганларки, инсон учун энг  мушкул, қийин, мураккаб иш ўзни билишдир. Одам ўзини билиб олса, шартли равишдаги ўзга томон-олам, Худони билиб олади. 

Инсон руҳи жиҳатдан боқий яшаш учун бу дунёдаги ҳаётдан фойдаланиши лозим, маънавий жиҳатдан юксалиши, тараққий этиши лозим. Бунинг учун эса, хўжагон аҳлининг айтишларича хилват, холи, кимсасиз жойда яшаш эмас, жамиятда бўлиб, покланиш, софланиш воситаси билан руҳий бойлик, мангу ҳаётга ўтиш мумкин. Увайсий асроршунос Хўжаи Жаҳон деярлик ҳамма рисолаларида барча мусулмонларнинг вазифаси барча инсонларга, айниқса бева-бечораларга меҳрибонлик қилиш, муҳтожларга ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг оғир ҳаётини енгиллаштиришга  ўз мурид шогирдлари, издошларини даъват этган, ожизу заифларга шафқатли, ғамхўр бўлишга чақирганлар. Ғиждувоний фикрича ҳақиқий тақводор пок шахс ўз ҳаётида эҳсонли бўлишни, яшашида яхшилик қилишни, хайрли аъмолни содир этишни ўз олдига асосий маънавий-ахлоқий мақсад қилиб қўймоғи лозим. Хожаи Жаҳон Абдухолиқ Ғиждувоний томонидан айтилган инсондўстлик ғоялари, улуғ ҳикматлари ҳаёт қонуни ҳисобланади. “Ёмонларга ҳам яхши муносабатда бўлиш”, “доимо халқга хизмат қилиш, уларнинг оғирини енгил қилиш қўлдан келмаса, зарар ҳам келтирмаслик” каби ўгитлар берилади. Неча-неча минг йиллар давомида инсоният томонидан қабул қилинган “Одамлар сенга қандай муносабатда бўлишларини ҳоҳласанг, сен ҳам уларга шундай муносабатда бўл”, “сен ўзингга нимани раво кўрмасанг, бировларга ҳам шуни раво кўрма” дейилган ахлоқнинг “олтин қоидаси” улуғ ориф ҳикматларида ўз аксини топгандир. Барчага яхшилик қилиш, хайрли амолли бўлиш йўли билан маънавий-ахлоқий ҳаётни юксалтириш, ҳақиқий инсоний ҳаёт даражасига етиш мумкиндир.

Мутасаввиф таълимотида ёшларга энг биринчи вазифа сифатида илм олиш лозимлиги таъкидланади. Зеро киши илм билан ўз олдига қўйган барча эзгу мақсадларига эришади. Қуръони Каримда илмли билан илмсиз ҳеч вақт баробар бўла олмаслиги, илм қидиришдан бир қадам ҳам узоқлашмаслик, ҳадис илмини ўрганиш, ота-онага, устозларга ҳурмат, катта-ю кичикка иззатда бўлиш, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, ботиний-зоҳирий пок бўлиш, ҳалол меҳнат билан яшаш, доимо яхшилар билан бўлиш, солик ишларни амалга ошириш, ҳамда одобли ахлоқли бўлиш, ёмонларга ёмонлик билан жавоб бермаслик, уларнинг ёмонлиги ўзи учун берилган жазо эканлигини тушуниш, ақлга мувофиқ иш тутиш, хайрли бўлиш, илм олиш фарзлиги, ўзгаларга нисбатан меҳрибонлик, дўстлик, иймон, ижтимоий ҳаёт қонуниятларига риоя этишга даъват этилади. Тасаввуф аҳли дунёвий ва шариат илмларини “зоҳирий илмлар” деб атаганлар. Маърифат “ботиний илм” деб юритилган. Тасаввуф аҳли зоҳирий билимни  Тангрини билишнинг биринчи босқичи, дейдилар. Аллоҳни билиш дунёни билишдан бошланиши керак. Чунки дунё-Тангрининг ижоди, унинг сифатлари, қудратини намоён этиб турадиган кўзгу. Хўжаи Жаҳон Абдухолиқ Ғиждувонийдан “Маърифатнинг камоли нимада?”-деб сўраганларида, у киши қуйидагича жавоб беради:  “Худованд сенга кўз берди-кўриш қувватини ато этди. У тил берди ва ширин сўзлашиш қудратини ато этди. Улардан тўғри фойдаланиш, саодатга элтишга сабаб бўлади, уларни нотўғри гуноҳ йўлида ишлатиш эса, шақоват-яъни бахтсизликни келтириб чиқаради. Шу юқоридаги латоифларнинг тўғри, Ҳақ йўлида ишлаши инсонда комил маърифат борлигидан дарак беради. Маърифатнинг чегараси нафсни бошқариш ва бунинг тадбири ҳалол нарсалардангина баҳраманд бўлмоқни одат қилмоқдур”[3:17], - дейди. Доимо андишали бўлиб, ҳамма ишни фикр билан қилиш керак. Шунингдек, Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний биродарликка қабул қилинаётган кишига қўйиладиган бешта талаб, хислатнинг иккинчиси - илмни дунё ишларидан юқори қўядиган бўлиши керак. Ўз илмини бойитиб боришга ҳамиша вақтни топиши керак. Ҳaр бир қиладиган ишнинг илмини билиши лозим. Инсоннинг камолга етишида илм асосий омил эканлигини таъкидлаб, Ғиждувоний илм ва маърифатнинг қадрини доимо баланд тутишни таъкидлаган. Мутасаввиф диннинг тарaққиётида фаннинг ролини билган ва ботиннинг камол топишида зоҳирий илмлар - илми қолнинг ўрнини муҳим деган. 

Ғиждувоний ўгитларига амал қилиб, таълимотларини давом эттирган мўътабар сўфий Ориф ар Ревгарий ўзининг “Орифнома” асарида “Ориф эмас ул кишиким, илм ва маърифатни пулдор, дунёпараст ва бадавлат одамлар олдига “дастурхон”, бозор, балки хор  айлагай!”[6:4] , деб илмнинг қадрини пастга урувчилардан норози бўлади. Абдухолиқ Ғиждувоний илмни бағоят теран ва ҳар томонлама ўрганишга даъват қилади, илм амалга ҳаётий. Ҳар қандай амални қалбдан, ихлос билан адо этиш кераклигини қуйидаги ўгитларларида таъкидлайди. “Ислом асоси уч нарсададур: биринчиси; ҳар тоате ибодатким айларсиз-анинг илмидан воқиф бўлинг!, иккинчиси; ҳар илмники ўрганибсиз-унга амал қилинг! учинчиси, ҳар амалники этгайсиз-сидқу ихлос билан этинг!”  

Шунингдек, Хўжаи Жаҳоннинг илмни юксак қадрлашларини устозлари Юсуф Ҳамадоний ҳақида гапирганларида, у кишининг ҳам илм тарғиботчиси эканликларини фахр билан тилга олади. 

Мутасаввиф таълимотида Холиқ ризолигини олиш учун яхши хулқ атворли бўлишга даъват этади. Яхши хулқ атворлилик бу-ҳақиқий инсонийлик, олийжаноб, меҳрибон, камтарин, саҳий, ватанпарвар, ҳалол, меҳнатсевар, ор - номусли, дўст, мард ва бошқа фазилатларга эга бўлиш демакдир. Бундай инсон табиийки жамиятга фақатгина наф келтиради, унга зарар етқазмайди, оғирини енгил қилади. Худди мана шу жамиятга хизмат этиш, ўша муқаддас вазифа - Аллоҳга яқинлашишнинг муҳим йўли эканлигини Хўжаи  Жаҳон доимо таъкидлайди.

Мутасаввиф доимо ҳар қандай ҳолатда ҳам ақлга мувофиқ иш кўришни таъкидлаган. “Ақлнинг яхшилиги иймондандур. Иймон-юракда Худонинг борлигидир. ҳар бир тоат-иймондур”[6:7а] деб иймон ҳақидаги фикрларни баён этган. 

Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний ҳар бир инсон ҳаётида яшар экан, заррача бўлса ҳам гуноҳ қилмаслиги, агар оз бўлса ҳам бунга  йўл қўйса, қалбининг саҳифасини қоронғу қилишини, иймонни камайтиришини таъкидлайдилар. “Ҳар бир гуноҳким иймоннинг қувватини камайтиради. Шайтон васвасаси билан дил қафасида сақланаётган имон қуши ташқарига чиқади”[3:16б]. 

Мўътабар шайх “иймон-саодат сармоясидир” дейди. “Сармоя” бош, асос маъносини англатса, демак иймонли инсон бахт саодатга, камолга, етукликка эришади. Иймоннинг ўзи «тил ва дилнинг бирлиги» ва солиҳ амалнинг бошидир. “Кимки бу сармояни  қўлга киритмаса, у маҳшар (яъни охират) кунида шарманда бўлади. Иймонлилар бу кун ва охиратни ўйлаб иш кўрадилар. Иймонлилар ҳалол ва ҳаромни биладилар, нимага риоя қилишни ўзларига касб қилиб оладилар”[3:17б].  

Покликни тасаввуф аҳли биринчи навбатда маънавий-ахлоқий поклик, ёмон хислат ва сифатлардан қутулиш ва фақат яхши, хайрли сифатларга эга бўлиш, яшашда, ҳаётда, ўзгаларга яхшилик, дўстона муносабатда бўлиш, деб тушунганлар. Агар киши ҳаётда, бошқалар билан муносабатда ноинсоф, жабру-ситамгар, хирси, нафси мансаби учун ҳар қандай ноодилликни, инсофсизликни, жирканч феълу ҳаракатларни содир этса, шундан кейин ундай одам  тоату ибодат билан шуғулланиб, намоз ўқиб, ҳажга бориб ўз гуноҳларини шу йўл билан тузатмоқчи бўлса, покланмоқчи, ювмоқчи бўлса, бундай юзаки, ноҳақиқий эътиқод, ибодатнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ, бундай тарзда у ҳақиқий гуноҳсиз бўлиб, дўзахдан қутулиб, жаннатга ета олмайди, у учун шу дунёдаги ҳаётнинг ўзи дўзахга айланади.

         Хўжаи Жаҳон ўз муриду шогирдларига, ҳамсуҳбатларига доимо жамиятда эҳсону хайрли иш, амал қилишни таъкидлаган. Ҳатто ёмонлар сенга нисбатан бирон зарарли амал содир этган бўлса ҳам, унга  нисбатан раҳмли бўл, зероки унинг ёмонлиги унинг ўзи учун етарли жазодир. Ёмон қилмиши туфайли уни ўз виждони  ботиний жиҳатдан қийналади, бундай ҳолатда виждон азобидан қутула олмайди деган. Бу борада Хўжаи жаҳоннинг қуйидаги мисралари диққатга сазовордир:

Гар дар дилат аз касе шикоят бошад,

Дарди дили ту аз ў бағоят бошад.

Зинҳор ба интиқом машғул машав,

Бадро бадии хеш кифоят бошад.[4:7]

 

Таржимаси:

Агар сенинг кўнглинг бирон кишига нисбатан 

шикоятли бўлса,

Ундан кўнглинг кўп оғриган бўлса,

Зинҳор ундан ўч олишни ўйлама,

Чунки унга унинг ёмонлигининг ўзи кифоядир.

Абдухолиқ Ғиждувоний таълимотича бу фоний, ўтар дунёда одамларнинг ҳаётида фаол иштирок этиш, уларни ҳимоя этиш (тоат ибодат билан бирга) - Аллоҳ кўрсатган йўлдан бориш ва унга яқин бўлишнинг асосий йўлларидан биридир. Мўътабар инсоншунос Ғиждувоний халқ манфаатлари йўлида хизмат этишга, унинг ҳаётини енгиллаштириш, уни  иложи борича ҳар томонлама кўмаклашиш, ёрдамлашишга чақиради. Агар одам бу ишга қодир бўлмаса, ўз юкини халқ устига ташламай, бирор касбни эгаллаб, ҳалол меҳнат билан яшаши керак. “Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний… айтибдурларки, “халқдин оғирликни кўтармак керак ва бу муяссар бўлмас магар ҳалол касб била. “Даст ба кору, дил ба ёр” деган сўз хўжагон… тариқатларида амри муқаррар (яъни бажарилиши шарт иш) турур”[5:30-31] “Васиятнома”да шунингдек, халққа нисбатан мужодала ҳолатида бўлмаслик, иложи борича кишидан ҳеч нарса талаб этмаслик, ўзга кишига хизмат буюрмаслик, ҳамма фақиру бечораларга меҳру-шафқат кўзи билан қараш ва ҳар бир одам, айрим кишиларни паст ҳисобламаслик ва бошқа инсонпарварлик, инсондўстлик ғоя-фикрлар ўз аксини топгандир.  

Улуғ ориф ўзининг инсондўстлик ғояларини устози Юсуф Ҳамадоний ҳақида ёзган асарларида ҳам баён этади. “Устози Юсуф Ҳамадоний фазилатларини баён эта туриб, маънавий - ахлоқий фазилатлардан бири, каттаю-кичикка бир хил иззат - ҳурматли бўлишга чақиради. Масалан устозларининг умрларида умуман мол дунё йиғмаганлари, ёмон, бидъатчи, фосиқ, бенамоз одамларнинг суҳбатида  ўтирмаганликлари, бирон кишига ҳам ёмонликни раво кўрмаганликлари, ҳар бир мўминга аввало ўзлари олдин салом берганликлари, ишсиз, дангасаларни ёқтирмасликлари кабиларни баён этган. Айниқса, устозининг одамларни ирқи, миллати, молу-мулклилиги, бой камбағаллиги билан ажратмасдан, ўз меҳнати билан, бировларга зарар келтирмасдан яшайдими, шунинг учун ҳурмат қилганликларини ифодалайди. Барча халққа, одамларга дўстона муносабатда бўлганликларини: турк, араб, тожик, жуҳуд, қуллар билан маҳалла-мажлисларда суҳбат қуриб, маънавий-ахлоқий масалалар ҳақида ҳалол нима, ҳаром нима, шуларни тушунтирганлар” дейилади[2:17].

         “Тил ва дилнинг доимо бир хил бўлиши”, “касбнинг фарзлиги”, “фақирни дўст деб билиш” каби ўгитларини қайта-қайта меҳр билан такрорлаб баён этган. Шу билан соликларга шу фазилатларни, олийжаноб эканлигини уқтирган. Шундай инсонпарвар, инсондўст киши ҳақиқий инсон бўлиб, Оллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлади деган. Демак, Абдухолиқ Ғиждувоний маънавий-ахлоқий таълимотининг асосий негизи ҳам шу:

  • фақиру қашшоқ, камбағаллар, муҳтожларни қўллаб қувватлаш, уларга нисбатан меҳрли, эътиборли бўлиш;
  • Омманинг захмату ранжларини, машаққатини енгиллаштиришга ҳаракат қилиш;
  • Уззу кун хонақоҳда ўтирмасдан, ҳамиша инсонлар билан бирга бўлиш, жамият ҳаётида фаол бўлишни маслаҳат беради.

 

Хўжаи Жаҳоннинг “Дари шайхиро банд ва дари ёриро кушой, дари хилватро банд ва дари сухбатро кушой”, яъни одамлар учун шайхлик эшигини ёпгину, ёрдам эшигини очиш, хилват эшигини ёпиб, суҳбат эшигини очиш деган ўгити чуқур маъноли, мазмунли, юксак маънавий-ахлоқий ғоя ва панду- насиҳатдир.  

          Абдухолиқ Ғиждувоний ирфоний-тасаввуфий дунёқарашида поклик ҳақидаги қарашлар муҳим ўрин эгаллайди. Бу таълимотда покликни улуғлик сифатида олиб қарайди. Поклик амалий ҳаётда, турмушда меҳнат ва кишилар билан бўлган муносабатда намоён бўлади. Покиза ҳис туйғу инсоннинг маънавиятини шакллантиради. Чунки поклик мазмунида оқиллилик ва эътиқодлилик, шарм ва ҳаё, ор-номус, зийраклилик ва фаросатлилик, вафодорлик, ҳалоллик, вазминлик ва улуғворлик, тежамкорлик, меҳрибонлик каби яхши хислатлар мужассамлашгандир. Покиза ақл инсонни руҳий жиҳатдан юксалтиради. Киши ҳаётида ахлоқий поклик биринчи даражали вазифадир. Чунки  ахлоқий поклик ва таъма молпарастликка хирс қўйишга мутлақо зиддир.

         Шунинг учун Хўжаи Жаҳон таълимотича, ҳар бир инсоннинг энг биринчи вазифаси, бурчи маънавий ахлоқий покликдир. Унда шахс софликни яшаш қоидаси қилиб қўйиши лозимлиги таъкидланади. Ана шу поклик моҳиятини “Васиятнома”  номли асарида қуйидагича ифодалайди:

Покиза хисол боши андар ҳама ҳол,

Ки зи хислати покиза-ки шуд аҳли камол.

Бехтар зи ризогии ҳақ чи ёбад банда,

Рози аст Худо аз марди покиза хисол.[1:17а]

Таржимаси:

Ҳар қандай ҳолда покиза бўлсанг, 

Камолот аҳлининг юксак даражаси ҳам шундадир.

Бандага Ҳакнинг ризолигидан ортиқ нарса йўқдир,

Худо ҳам покиза хислатли марддан розидир.

 Яхшиликларни ҳеч нарса талаб қилмасдан қиладиган инсонлар бировлар учун доимо эзгу ишларни бажарадилар. Уларга доимо мададкор бўладилар, бировларнинг ташвишлари билан яшаб, доимо бир савоб ишни бажаришга ҳаракат қиладилар. Бу эса ҳақиқий ахлоқий сифатдир. Уни пок, холис, ҳақиқий яхшилик дейиш мумкин. Бундай кишиларни покиза, ахлоқий пок инсонлар деймиз. Уларнинг қалби мангу, ўлмас, абадий, ҳар қандай салбий сифат ва хусусиятлардан ҳолидир. Мўътабар шайх Хўжаи Жаҳон шундай кишиларни “ҳар қандай ҳолатда ҳам покиза инсонлар” дейди. Ана шундай хислатли кишиларгина “камолотга” етишадилар. Хўжаи Жаҳон “камолот аҳлининг юксак даражаси покизалик хислатидир” деб уқтиради. Ҳақиқий инсонлар ҳаётларида доимо ҳақиқатга эришиш учун ҳаракат қиладилар. Бундай ҳаракатнинг маъноси таркидунёчилик эмас, табиат ато этган ақл идрок, фаҳм фаросат билан, ҳам диний ирфон, ҳам жамиятда, оилада, кишилар орасида ҳамжиҳатлик, бахтли саодатли ниҳоятда покиза ҳаётни қуриш, хайрли, савобли, ишлар қолдириш, яхшилик, эзгуликни кўпайтириб,  ярамаслик, ёвузликка барҳам бериш, ватан учун фидокорлик кабилардир.

         Шундай ҳаёт кечирган тақдирдагина инсон Тангри ризолигига эришади. Шунинг учун Хўжаи Жаҳон “Бандага эса Ҳақнинг розилигидан ортиқ нарса йўқдир. Худо ҳам покиза хислатли марддан розидир” дейди. “Мард” сўзи кенг маънода – ҳақиқий инсон ахлоқий сифатга эга кишини билдиради. Инсон ҳаётда ана шу “мардлик” даражасига етгунча, ҳар хил воқеаларни бошидан кечиради. Ҳаётдаги ташвишли ҳолатлар инсонни “ғафлат”дан уйғотади. У гуноҳларини англай бориб, ўзини англай бошлаб, зоҳиран ва ботинан покланади. Шу тариқа ҳақиқий инсонийлик сифатларига эга бўлади ва мардлик мақомига етади. Мардлик мақомига етган шахс маънавий ахлоқий жиҳатидан юксалади. Яъни руҳий юксакликка эришади. Руҳ бу курашда моддийликни-жисмни ўзига бўйсундириб, илоҳий маърифатни таниш, Ҳақнинг асрорини билиш учун хизмат қилдира олса, комил инсон бўлади. Тасаввуф аҳлининг таълимотича, Тангри доимо яхшилик хайр этувчи мутлақ вужуд ҳисобланади. Тангри сифатларини ўзида жо этган инсонни олами кабир (катта олам), илоҳий олам ва ўзидан пастги барча оламлар ноорганик, ўсимликлар олами, ҳайвонлар оламининг кичик тарздаги мужассами-олами асғардир. Шу боис инсон ўз маънавий ахлоқий камолоти ила парвардигорга яқинлашади.

         Мутасаввифлар, шу жумладан Хожаи Жаҳон айтишича инсон ўзини билиб олиши учун уни турли саноқсиз тубан, пастликка, қуйи жисмоний моддий даражаларга жалб этувчи, тортувчи ахлоқий, ҳиссий, хирсий сифат хусусиятлардан қутулиши ва покланиши, софланиши лозим. Нафсоний, шахватий, ғазабу қахрий, чегарасиз жисмий истаку орзулардан, мансабу лавозимлар, беҳад мулки бойликларга ҳирс қўйиш, уларни жамғаришдан қутулмаса, ўшаларга булғаниб кетса, ҳеч вақт ўзини ўз ҳақиқати, аслий томонини билиб олишга муяссар бўла олмайди ва унда нафақат ўзи ҳақиқий маънавий шод хурсанд бўла олмайди, ҳатто эл, мамлакат, халқ осойишта руҳий фароғат, роҳатга эриша олмайди. Чунки покланиш йўлида кўндаланг бўлиб турган катта тўсқинлик бу-худбинлик, худпарастлик, беҳад шахсий манфаату истак ва тилакларга берилиш, ҳирс қўйишдир.

         Фақат шахсий манфаат, ғараз истаку тилакларга берилиш одамни муайян маънода нобино этади, у ўзидан бошқа ўзгани кўра олмайди, оқибатида ўзининг аслий, ҳақиқий, илоҳий томонини ўткинчи, фоний, моддий, жисмий жиҳатдан ажрата олмайди.

         Худпараст, худбин шахс: “Мен-бу мен ва ҳеч бир ўзга эмас” қоидаси билан яшайди. Худпарастлик, худбинликнинг охир оқибати махсуслик, айримлик сезгиси ҳисиётнинг сабаби, турли одамлар, гуруҳлар, тоифа, табақалар ўзаро можароларнинг сабаби, бемаъни ғайри дўстий ҳодисалар содирланишининг сабабидир. Агар худбинлик, худпарастлик бўлмаса эди, ҳеч қандай бемаъни манманлик кибру такаббур, рашку ҳaсaдлик ҳам мавжуд бўлмас эди. Худбин, худпарастлик, тасаввуф аҳлининг таълимоти, қарашларича одамнинг тубан, фардий, жисмий, нафсоний, ҳирсий томони тубан оламини сақлаш, ҳимоялаш, мустаҳкамлашга қаратилган.

         “Шунинг учун тасаввуф аҳли, ўз аслини, ҳақиқий, боқий томонини билиб олган улуғвор инсонлар, том маънодаги, Хўжаи Жаҳон сингари, одамлар башариятига ҳидоят этиб, йўл кўрсатиб, тубан чегараси нафсий, шахватий ва бошқа жисмий жасадий тамойил, майллардан қутулиш кераклигини такрор - такрор таъкидлаганлар. Агар одам, Хўжаи Жаҳон айтганидек, тубан, ёмон, шаррий, хислат, хусусият, сифатлардан софланилган, тозаланган бўлса, ундай киши барча одамлар билан одоб, ахлоқ жиҳатидан яхши муносабатда бўлиб, одиллик, инсоф юзасидан амал қилади, ёмон кишилар ёмонлигини ҳам тушуна олади, уларга нисбатан раҳмдил, шафқатли бўлиб, уларни хайрли йўлга солишга интилади. Зероки, хайрли одобли, инсофли бўлмасдан туриб, ёмон, шаррий хислат, сифатларга ботиб булғаниб кетган киши ўзини абадий, илоҳий, мангу томонини била олмайди.

Хўжаи Жаҳон ва у киши сингари бошқа сўфию шайхлар ўзларининг ҳақиқий, аслий томонларини ноаслий жисмий-жасадий жиҳатларидан айира билганлар. Жисмий жасадий ҳолат вақтинчалигини, аслий ҳақиқий томон учун муайян ҳолат сифатида ўтарлигини яхши англаб олганлар. Шунинг учун аслий томонларини англаган шахслар учун ўлим ваҳимаси йўқ, улар ундан қўрқмайдилар. Уларнинг англаганича ўлимни ҳеч қандай фожиавий жиҳати йўқ, улар зероки ўлим киши учун бир ҳолатдан, бир навъ яшаш тарзидан иккинчи ҳолат, иккинчи хил яшаш тарзига ўтишдир, жисмоний жасадий ўлим абадий руҳ, жон мавжудлик тарзининг ўзгаришидир.

Шунинг учун  Хўжаи жаҳон “ҳар доим охирги нафасга тайёр бўл, яъни ҳар бир нафасни охирги деб ўйла, ҳар ишни ўз вақтида қил-ки, ғафлат юз тутмасин. Ўлимга тайёрлик-умрни беҳуда ўтказмаслик” деб таъкидлаган.[4:19]

“Ўлимдан олдин оқил кишилар оқибатни андиша қиладилар, дунёда яшаш қисқа  муддатли ҳолатдир. Шу оз, қисқа муддатнинг ўзи яна қисқа муддатлидир. Шунинг учун одам охиратни ўйлаши керак”[3:17б]

  Бу хос-яъни илоҳий сифатлар билан сифатланган, одамларнинг хусусияти эканлиги, дунёга алданиб унинг ўткинчи зийнатларига учмасликни, нафсга берилиб, жисм-жонга ёмон, разил иллатларни илаштирмасликни, ёмон, фосиқ фикрлардан сақланишни, барчага хизмат қилишни, ҳеч кимга хизмат буюрмасликни, тоатли бўлишни, зоҳир ва ботинни доимо пок тутишни, мансабга интилмасликни, камтарин бўлишни ва доимо Қуръони Карим тиловати билан шуғулланишни қуйидагича ифодалайди:

“Сен ҳар қачон дунё оройишига алданиб, унинг жилвагар зийнатларига учма, нафсоний муродинг талабларини фаромуш айлаб, жисму жонингга илакиши мумкин бўлган разил иллатлару бузуқ хаёл ва фосиқ фикрлардан ўзингни мосуво қил! Ва барча - барчага молу жонинг билан баб-баравар хизмат қилиб ва ҳеч кимга ножўя хизмат буюрмагил, тоат-ибодатнинг барча арконларига сидқидилдан риоя эт. Зоҳир ва ботинни хиралик ва қудуратлардан пок айлаб, ўзингни Оллоҳ йўлига тўла бағишла ва ҳаргиз юксак мансабу олий даража мақомотларга талабгор бўлма! Ва фақиру ғанийликда аҳволингда ҳеч қандай ўзгариш сезилмасин ва ҳаргиз шахсий манфаатларга берилиб сенга Қуръони Карим тиловати ила тоат-ибодат этмоқ малол келмасин”[6:4].

Шунингдек, бу асарда дилнинг поклиги ҳақида пок ва эътиқодли бўлиш, “зероки қора юрак, чиркин кўнгил бутун аъзойи баданни палид (ҳаром) қилгай!”дейилади[6:4]

Хўжаи  Жаҳонга савол берадилар: “Дилнинг фароғати нимадан ҳосил бўлур?”. Абдухолиқ Ғиждувоний дилнинг фароғати унинг тасфияти-яъни поклигидадир. Агар ул дилга дунё молидан заррае тамаъ бўлмаса, дил фароғатда бўлур, деб жавоб беради.

Умуман олганда доимий рвишда хожагон-нақшбандия таълимотида устивор ғоя ҳисобланган “Дил ба ёру, даст ба кор” биз учун жамиятда яшаш қоидаси бўлиб қолади.

Мамлакатимизда маърифий исломни ривожлантириш, буюк алломалар қадамжоларини обод қилишга қаратилган эътибор халқаро миқёсда тан олинмоқда. Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ISESCO томонидан Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди.

  Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий – иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2019 йилнинг март ойидаги Бухоро вилоятига ташрифини Абдухолиқ Ғиждувоний ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошлади.

  Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Ориф Ревгарий, Али Ромитаний, Бобойи Самосий, Маҳмуд Фағнавий, Саййид Амир Кулол меъморий мажмуаларини ўз ичига олган “Етти пир” зиёратгоҳини замон талаблари даражасида реконструция қилиш ва уларни боғловчи янги сайёҳлик йўналиши ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эдилар.

Шунга мувовиқ, “Етти пир” зиёратгоҳларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасида янги масжид ва ёзги айвон, хазира ёдгорлиги ва зиёратгоҳ қошида меҳмонхона қурилмоқда, мажмуа атрофи ободонлаштирилмоқда.

“Китобда ўқиш бошқа, зиёрат қилиб, юракдан ўтказиб ўрганиш бошқа. Бу жой маърифат маркази бўлиши, одамлар ўзига илм олиб кетиши керак”[8:61сон] дея такидлаган эдилар Президентимиз. Бу масканларни обод қилиш билан бирга “Етти пир” ҳақида китоб яратиш, уларнинг илмий меросини тарғиб этиш зарурлиги таъкидланди.

Муҳтарам Президентимиз “Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ. Бу хазинани мукаммал ўргани, одамларга, ёшларга осон тилда етказиш керак. Мақсадимиз ёшларимиз ўзимизнинг алломаларга эргашсин, меросини билсин, улар билан фахрлансин”, деб таъкидлаган эдилар[8:61сон]. 

Хулоса қилиб айтганда, Абдухолиқ Ғиждувоний таълимотида:

- инсон деган номга муносиб бўлиб жамият ҳаётида фаолият кўрсатиш ҳам диний, ҳам дунёвий нуқтаи назардан фарз эканлиги;

- инсон ақл, заковат, кучли ирода, ҳиссиёт, сезгилар, нутқ соҳиби сифатида жамиятни бошқариши; 

- инсон руҳий жиҳатдан боқий яшаш учун бу дунёдаги ҳаётдан фойдаланиши лозим, маънавий жиҳатдан юксалиши, тараққий этиши кераклиги;

- инсон хилват, холи, кимсасиз жойда яшаш эмас, жамиятда бўлиб, покланиш, софланиш воситаси билан руҳий бойлик, мангу ҳаётга ўтиш мумкин;  

- барча мусулмонларнинг вазифаси ижтимоий ҳаётда барча инсонларга, айниқса бева-бечораларга меҳрибонлик қилиш, муҳтожларга ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг оғир ҳаётини енгиллаштириш, ожизу заифларга шафқатли, ғамхўр бўлиш, эҳсонли бўлишни, яшашида яхшилик қилишни, хайрли аъмолни содир этишни ўз олдига асосий маънавий-ахлоқий мақсад қилиб қўймоғи лозим;  

-доимо жамиятга хизмат қилиш, уларнинг оғирини енгил қилиш қўлдан келмаса, зарар ҳам келтирмаслик; барчага яхшилик қилиш, хайрли амолли бўлиш йўли билан маънавий-ахлоқий ҳаётни юксалтириш, ҳақиқий инсоний фазилат эканлиги кабилар буюк мутасаввиф тариқатининг маънавий негизи ҳисобланади.   

 

Фойдаланган адабиётлар:

  1. Абдухолиқ Ғиждувоний. Васиятнома. – В.176а.
  2. Абдухолиқ Ғиждувоний. Мақсад ас – соликин. –Б.17.
  3. Абдухолиқ Ғиждувоний Маслак ал орифин. – В. 17б.
  4. Болтаев М.Н. Хужа Абдухолиқ Ғиждувоний инсондўст ҳаким – рифъат шайх. Бухоро. 1994 йил.
  5. Султон И. Баҳоуддин Нақшбанд абадияти. – Т. : Ўз. Р. ФА. Фан. 1994 йил –Б. 30-31.   
  6. Хожа Муҳаммад Ориф ар Ревгарий. Орифнома. Форс – тожик тилидан Садриддин Салим Бухорий, Исроил Субҳоний таржимаси. – Т.: Навруз. 1994. – Б. 4.
  7. Хожа Юсуф Ҳамадоний.Одоби тариқат.Тошкент.”Movarounnahr”,2018.
  8. Халқ сўзи. 2019 йил 30 март 61-сон.
  9. Акимушкин О.Ал-Гиждувани.Ислам.Энциклопедический словарь.-Москва: Наука,1992.
  10. Березиков Е.Хожалар аҳлининг хожаси.Шарқ юлдузи.1992й.№10.
  11. Бертельс Е.Э.Суфизм и суфийская литература.-Москва:Наука, 1965.

 

Шарипова Ойгул Турсуновна 

 

Жўйбори калон” аёл-қизлар ўрта махсус 

ислом таълим муассасаси директори

 

Izoh qoldirish