
АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ ДУНЁҚАРАШИНИНГ ШАКЛЛАНИШИДА ХОЖА ЮСУФ ҲАМАДОНИЙНИНГ ЎРНИ
Мусулмон диний-фалсафий таълимоти тарихида алоҳида ўрин тутган, тасаввуфнинг “Хожагон” (яъни Хожалар) тариқатига асос солган, Хожаи Жаҳон унвонига сазовор бўлган, Шарқ оламининг ифтихори, буюк бобокалонимиз Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний улуғ ориф, мутасаввифдир. Ушбу тариқат Ўрта Осиёда вужудга келган илк мумтоз тариқат ҳисобланади.
Манбаларда Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг илк устозлари имом Садриддин эканлиги, кейинчалик Юсуф Ҳамадоний билан учрашиб, унга мурид (шогирд) бўлганлиги ҳақида маълумотлар келтирилган . “Устозлари имом Садриддин деган бузург эрди, кибори уламойи замондин, анинг ёнларига тафсир ўқуб ўлтуриб эрдилар”[1:18-20]. 22 ёшида Бухорои Шарифда номи оламга кетган шайх Абу Ёқуб Юсуф ал Ҳамадоний билан учрашиш шарафига муяссар бўлади. Тез орада Ҳамадоний уни сўфийлар жамоасига олиб киради”[2:2].
Тариқат тарихига тааллуқли асарнинг муаллифи Фаҳриддин бинни Хусайиннинг “Рашахот айн ал-Хайат” номли асарида ёзилишича:”Мазкур тариқатнинг бошловчиси Абу Якуб Юсуф ал - Ҳамадоний ҳисобланиб, бироқ унинг халифи руҳий устози - асосчиси шу тариқатнинг янги, унинг амалиётига хос бўлган таълимотнинг яратувчиси Абдулхолиқ Ғиждувонийдир.” [3:61] ..дейилган.
Абдулхолиқ Ғиждувоний дунёқарашининг шаклланишида устози Юсуф Ҳамадонийнинг ўрни каттадир.
Туркистонда XII-XIV асрларда вужудга келган “Яссавия”, “Хожагон”, “Нақшбандия” тариқатларининг маънавий отаси, Ҳусайин ибн Баҳром Бузангирди Юсуф Ҳамадоний 1050 йилда Эроннинг Ҳамадон шаҳри яқинидаги Бузангирд қишлоғида таваллуд топган ва 1142 йилда вафот этган. Юсуф Ҳамадоний араб ва форс юртларида кўп вақт кезиб йирик тасаввуф орифи бўлиб етишган.
Юсуф Ҳамадоний Балх, Ҳирот, Марв, Термиз, Бухоро, Самарқанд шаҳарларида бўлади. Бухорои Шарифда қолиб, бу ерда масжид, мадраса, хонақоҳ қурдириб, туркигўй ва форсигўй шогирдларни тарбиялаб вояга етказади. Тўрт валий: Ҳожа Ҳасан Андоқий, Хожа Абдулло Барроқий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний у буюк шахснинг халифалари ҳисобланган. Устози Хуросонга кетгандан кейин, Хожаи Жаҳон у кишига бағишлаб асарлар ёзган ва уларда устозининг валийлик хислатларини баён этган. Бу ҳақда Хожаи Жаҳоннинг ўзи “Мақсад ас-соликин” асарида қуйидагича ҳикоя қилади: “Ҳақдан огоҳ бўлган ва унинг таомилига муштоқ, мутлақ ҳақиқатнинг толиби воқиф бўлгинки, ёшлик чоғида ғурур, кибр, нафс ва шайтон васвасаси ғолиб бўлиши мумкин. Шу пайтда умид пайдо бўлиб, бу кароматни топдим, давлатга эришдим, саодатни топиб, Шайх Абу Юсуф Ҳамадонийнинг йўлига кирдим. энди бўлса Абу Юсуф Ҳамадонийнинг хизматларидамен. У киши Муҳаммад с.а.в. шариатларига хилоф бўлмаганлар. Асосий яшаш жойлари Ҳамадон бўлиб, турли жойларда ҳам бўлганлар. У кишининг муборак лафзларидан шундай сўзлар чиқарди: ҳазрат Муҳаммад с.а.в.нинг йўллари тўғри йўлдир. Чунки у киши одамларга шундай дер эдилар:-“Менинг суннатимга амал қилинглар. Юсуф Ҳамадонийнинг халифалари Хожа Хасан Андоқий, Барроқий, Аҳмад Яссавий, мен фақир Ғиждувоний у кишининг хизматларида ҳозир эдик” ”[4:2] .
Шунингдек шу ўринда муридлари Хожаи Жаҳонга сулукларининг бошида Абу Бакр Сиддиқ туришини, охирида Ҳожа Али Формадийга етганлигини ва Юсуф Ҳамадоний Формадийдан кейин менга етди деб, муборак кафтини Ғиждувоний бошларига қўйганлигини ҳикоя қилади. Формадий вафотидан кейин 4 киши у кишининг шогирдлари: Абдулло Мирзо Майиққий, Хожа Исхоқ Фахр Наср Ободий, Хожа Ҳамидуддин Мўлтоний, Юсуф Ҳамадоний, кейин Ҳамадоний Абдулхолиқ Ғиждувонийга қараб: “Мен қандай тўртинчи халифа бўлсам, сен ҳам тўртинчи халифасан” деб айтганлар. Абдулхолиқ Ғиждувоний “Шунда мен савол бердим, сиздан кейин ким халифа бўлади? Мендан кейин Хожа Абдулло Барроқий, кейин Хожа Хасан Андоқий, кейин Аҳмад Яссавий ва у Туркистонга сафар қилади, тўртинчи халифа сен бўласан ва ҳаммани шариатга чақирасан” ”[5:3]. деб айтган сўзлари келтирилган.
Aбдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” асарида ёзилишича, аҳлуллохдан Хизр алайхиссалом ёш Абдулхолиқни маънавий фарзандликка қабул қилади ва унга “зикри дил” (қалб зикри) ни ўргатади”[6:1383].. Бy зикр вазифасини доимий равишда бажаришга одатланган Хожа Абдулхолиқ улуг файзу футуҳга эришади. Унга қалб зикрини таълим берган ва маънавий фарзандликка кабул қилган устози Хизр алайхиссалом бўлса, суҳбат ва хирқа пири улуг шайх Хожа Юсуф Ҳамадонийдир. Шайх ҳазратлари Бухорои шарифга ташриф буюрганларида йигирма икки ёшли Хожа Абдулхолиқ Хизр алайхиссаломнинг тавсияси билан унга мурид бўлади, суҳбатларидан баҳра топиб, тез орада маънавий камолот ҳосил килади.
Юсуф Ҳамадонийнинг халифаларидан Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари Яссига қайтаркан, устозининг васиятига биноан муридларини Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийга топширади. Шундан кейин Бухорода муршидлик кила бошлаган бу улуг зотнинг муридлари сафига оддий халк катори, кўплаб амалдорлар, ҳатто Бухоро ҳукмдорларидан Муҳаммад Умар Садр ҳам қўшилади. Хожа Абдулхолиқ ҳазратларининг обрў-мартабалари факатгина Ўpтa Осиё ҳyдуди билан чекланмайди. Шом диёрида ҳам ул зот хонакоҳ барпо этиб, муридлар тарбияси билан шуғулланганликлари ривоят қилинади.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний Хожагон-Нақшбандия тариқатининг етук муршидларидан, унинг ривожига улкан ҳисса қўшган пири комил сифатида: биринчидан, Хожагон сулукида хафий зикрни бошлаб берган бўлса, иккинчидан, устози Хожа Юсуф Ҳамадоний томонидан ишлаб чиқилган ва Хожагон-Нақшбандия тариқатининг бош шиорларига айланиб кетган “ҳуш дар дам”, “назар бар қадам”, “caфар дар ватан”, “xилват дар апжуман” қоидаларига яна тўртта “ёдкард”, “бозгашт”, “нигохдошт”, “ёддошт” каби рашҳаларни илова қилди. “Калимоти қудсия” деб аталадиган бу рашҳа-қоидаларга унинг издоши ва маънавий фарзанди Хожа Бахоуддин Нақшбанд ҳазратлари яна учта: “вуқуфи замоний”, “вуқуфи ададий” ва “вуқуфи қалбий” қоидаларини илова қилиб, Нақшбандиянинг яхлит назарий тизим тамойилини шакллантирган ва сулук тарбиясини янада ривожлантирди. Шу боис Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари “сарҳалқаи силсилаи Нақшбандия” номи билан улугланганлар”[7:253] .
Хожа Абдулхолиқ Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бошланган тариқат силсиласида Юсуф Ҳамадонийдан кейин ўнинчи ҳалқа пири эди. Хожа ҳазратлари бу ҳалқанинг давом этиши учун вафотидан олдин Хожа Aхмад Сиддиқ, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Авлиёи Кабир (Авлиёи Колон), Хожа Сулаймон Карманийларга халифалик ижозати берганлар. Бу зотларнинг ҳар бири иршод ишларига машғул бўлишган. Нақшбандиянинг олий ҳалқасини эса Хожа Ориф Ревгарий давом эттирган .
Хожаи Жаҳон айтадики, художўй шахс, ҳақшунослик йўлига тушган шогирд, муридларнинг маънавий руҳоний устози - муршидини ўз отасидан ҳам кўпроқ ҳурмат қилиши лозим. Чунки муршидлик лавозими, руҳий мураббий оталик мавқеидан юқоридир, зероки мураббий сўфийга ҳаққа яқинлашиш йўлини кўрсатади. Ғиждувоний ўзи бу қоидага амал қилиб, устози Бухорога кетгандан кейин, пирига бағишлаб “Мақомоти Хожа Юсуфи Ҳамадоний” ва “Рисолаи шайх ал шуюх ҳазрати Хожа Абу Юсуф Ҳамадоний” деган асарлар ёзиб, у кишининг таржимаи ҳоли, таълимоти, фазилатлари ҳақида батафсил маълумотлар ёзиб қолдирган.
“Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний” асарида Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг сурат ва сийрати, гўзал ахлоки, юриш-туриши, ибодати, ҳаёт фаолияти ва шогирдларига муносабати хусусида атрофлича маьлумот беради. Шунингдек, тариқат аҳлларини Юсуф Ҳамадонийнинг намунали ҳаёт тарзидан ибрат олишга чақиради.
Юсуф Ҳамадоний таълимотининг ўзига хослиги шундаки, ушбу таълимот илк тариқатлардан кейин яратилган, ўзида ҳушёрлик, назарда огоҳлик, анжуманда хилватда бўлиш, доимий тафаккур мукаммаллигига даъват этиш, хуфия зикр, меҳнатсеварлик, касб-ҳунарли бўлиб, ҳалол яшаш, жамиятга зарар келтирмаслик, бирор нарсага ҳам озор бермаслик каби шунга оид ғояларни ўзида мужассамлаштирган илк мумтоз тариқат ҳҳисобланади. Мутасаввиф тасаввуфни ривожлантириб, такомиллаштириб, Хуросон, Маворауннаҳрдаги тасаввуфий тажрибаларни ўзлаштириб, уларни асарларига сингдирди, шахсий ҳаётига тадбиқ этди.
Юсуф Ҳамадоний замонасининг етук шайхлари Абдулқодир Гилоний, Имом Ғаззолий билан суҳбатлар қилган. Манбаларда Юсуф Ҳамадонийнинг Ғаззолийдан фарқи илмий-маърифий асарлар ёзишдан кўра, одамлар орасида юриб, муридлар таълим-тарбияси билан шуғулланишни афзал кўрганлигини “Ғаззолий асарларининг кўплиги билан шуҳрат қозонган бўлса, Хожа Юсуф Ҳамадоний кўплаб муридлар етиштиргани билан тасаввуфий жиҳатидан олдиндадир”дейилганида кўрамиз. ”[8: 19].
“Абдураҳмон Жомий “Нафаҳот ул унс”тазкирасида Юсуф Ҳамадоний ҳақида батафсил маълумот берган”[9:375-377]. Қолган муаллифлар Жомийнинг маълумотларини такрорлаш билан чегараланганлар. Муҳиддин Арабий ва Нажмиддин Розийлар ҳам Юсуф Ҳамадоний шахсиятидан баҳс юритишган” ”[10:4]. Алишер Навоий “Насойим ул муҳаббат”да “Хожа Юсуф Ҳамадоний қаддас Аллоҳу сирраҳулазиз кунияти Абу Яъқубдир (имом, олим, орифи раббоний, гўзал ҳоллари, кўп эҳсонлари, юксак каромот ва мақомотлари бор эди) деб сифатлайди ва унинг Боғдодга бориб, Абу Исҳоқ Шерозийдан илм ўргангани, илмий доираларда қатнашгани, Боғдод, Исфаҳон ва Самарқанд шаҳарларида ҳадис эшитгани ва тасаввуф йўлига кириб, Абу Али Формадийга мурид бўлгани ҳақида хабар беради” ”[11:252] .
Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг “Рутбат ул ҳаёт”, “Кашф”, “Рисола дар одоби тариқат”, “Рисола фи аннал-кавна мусаххарун лил-инсон”, “Рисола дар ахлоқ ва муножот”каби асарлари мавжуд.
Юсуф Ҳамадонийнинг бу ерда келтирган барча фикрлари Абдулхолиқ Ғиждувоний маънавий меросида ривожлантирилиб давом эттирилган бўлиб, тариқат одобларига оид фикрларида ўз аксини топгандир. Умуман олганда, “Тариқат одоби”да сулук йўлига кирган ҳар бир муриднинг қалб поклиги, нафс тарбияси, зикр вазифалари, шайх билан муносабатлари ва бошқа мавзулар қисқача ва асосли баён этилган бўлиб Абдулхолиқ Ғиждувоний кейинчалик Хожагонлар тариқати одобларида буларни давом эттирган.Булар Абдухолиқ Ғиждувонийнинг “Васиятнома,” “Мақсад ас соликин”, Муҳаммад Қосим Бухорий томонидан кучирилган “Маслак ал орифин”(Аз гуфтор Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний)асарларида баён этилган бўлиб, тадқиқотимизнинг барча параграфларида ўз аксини топган.
Ҳамадоний ўз замонасининг мўътабар шайх пирларининг шогирди-муриди бўлганлиги, жуда кўп кун, ойлар давомида ўз нафсини тийиб рўза тутганлиги, муқаддас шаҳарларга сафар қилиб, хирқа жун матодан тикилган либос кийиб, кўҳнадўзлик касби билан шуғулланиб, хайр қилиш, муҳтож, ожиз кишиларга ёрдам бериб, шогирдларига ҳамиша ўз меҳнати билан кун кўриши, бойликка берилмаслиги каби инсоний хислатларни бажаришга даъват этган.
Абдулхолиқ Ғиждувоний устозининг доимо шариат йўлига даъват этишини, кибр ва бидъатга қарши мухолифатга чақиришини, фитнадан, тақлид қилишдан сақланишни, бу тариқатнинг дарвешлари содиқ эканликларини айтган. Устозлари Юсуф Ҳамадоний жамиики ишларда пок бўлиб, уларда ҳидоят, яъни йўлбошчилик, маърифат нури борлигини фахр билан ёзган. Бу шайхларнинг сўзлари билан айтганда: “Бу нур Муҳаммад орқали, Абу Бакр Сиддиқ орқали бизгача асрлар оша етиб келгандир ва доимий боқий бўлиб қолади. Барча мўминларга вожибдирки, бу йўлдан борсинлар, бу хонадоннинг суҳбатида бўлсинлар. Кимки бу йўлда амал қилса, барча зулмлардан омон қолар, бидъат дарёсининг тўлқинларидан қутулар”. ”[12:3].. Юсуф Ҳамадоний Абдулхолиқ Ғиждувонийга “Эй Абдулхолиқ! Сулук ҳақ йўлдир ва икки - хилдир. Зоҳирий сулук - яъни ташқи йўл ва ботиний сулук ички йўл. Зоҳирий сулук шудирки, жамики аҳволда шариатга риоя этсин. Нафсни муҳофаза қилсин. Ўзини тоза сақласин. Иккинчи қисм ботиний сулук бўлиб, у қалбни поклашга қаратилгандир, у замима - яъни ёмон хислатлардан покланишга қаратилгандир. Ботиний таҳоратга, яъни қалб зикрига ҳаракатдир” деган”[13:17]..
Хулоса қилиб айтганда, Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг устози Юсуф Ҳамадонийга нисбатан ҳурмати, меҳри чексиз бўлган.
Алишер Навоий Абдулхолиқ Ғиждувонийнниг маънавий-руҳий камолотга етишида устози Юсуф Ҳамадонийнинг ўрни беқиёслиги, таъсирининг катталиги, жуда юксак мақомга етганларини, риёзатга машғул бўлганлигини ва натижада жуда юксак ҳолатга етишиб, ҳолатларини мағфий тутганликларини ва ҳеч кимга ошкор этмаганликларини, бу улуғ зотнинг валоят даражалари шу мақомга етдики ҳар намозлари вақтида Каъбага бориб келганларини эътироф этади.
Шуннигдек, Абдулхолиқ Ғиждувоний асослаган камолот йўли – хожагон таълимотига Алишер Навоий юксак таъриф бериб шундай ёзган: “Уларнинг равиши тариқатда ҳужжатдур. Барча форуқнинг мақбулидурлар. Ҳамиша сидқу сафо йўлида ва (Муҳаммад) Мустафо соллалоҳу алайҳи ва саллам шаръу суннати мутобаатида ва бидъату ҳаво мухолафатида қадам урубдурлар ва пок равишларин ағёр кўзидин яшурубдурлар”. Ҳазрат Навоий ушбу таъриф орқали Абдухолиқ Ғиждувонийнинг ҳаёт тарзини хожагонлар тариқатида асосий ҳужжат эканлигини ҳамда бу йўл барча учун энг мақбул эканлигини таъкидлайди. Абдулхолиқ Ғиждувоний асослаган хожагон таълимоти асосида Муҳаммад с.а.в. шариати ва суннати бўлиб, ушбу таълимот бидъат ва кибру ҳавога қарши маърифат мажмуаси ҳисобланади. Хожагон таълимотида хуфия (яширин) зикр қилиш мавжуд бўлганлиги учун, бу йўлдагилар пок равишларини ўзгалар кўзидан пинҳон тутишган дейилган.
Абдулхолиқ Ғиждувоний устози Юсуф Ҳамадонийнинг “Ҳуш дар дам”, “Назар бар қадам”, “Сафар дар ватан”, “Хилват дар анжуман” ўгитларини ўзи асослаган хожагон таълимотининг асосий тамойиллари сифатида киритган. Хожаи Жаҳоннинг “Рисолаи соҳибия” асарида маъмулот берилишича, Юсуф Ҳамадоний садоқатли шогирдига “Эй Абдулхолиқ, хавотирни билиш иши сенга ҳавола қилинди” деб хотирани ўрганиш масаласини унга юклатган. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний устози берган вазифага садоқат билан жиддий ёндошиб, хотира масалаларини чуқур ўрганди ва хотира билан боғлиқ янги тўрт тамойил: “Ёдкард” – хотирага келтириш, “Бозгашт” – қайтиш, хотирани поклаш, “Нигоҳдошт” – нигоҳ яъни хотира, зеҳнни сақлаш ва “Ёддошт” – хотирани узоқ муддат пок ҳолда сақлаш тамойилларини кашф этди ҳамда уларни хожагон таълимотининг асосий тамойиллари қаторига қўшди. Натижада хожагон таълимоти асоси саккиз рашҳа – ҳаётбахш ўгитлардан иборат бўлди. Абдулхолиқ Ғиждувоний “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний”асрида устозига нисбатан қуйидаги: “илҳом бағишловчи”, “ҳидоят қалами”, “шафқатли хожа”, “валийлик сарвари”, “ҳидоят қуббаси”, “ҳамадонлик муршид”, “шайхлар шайхи”, “тариқат сайёҳи”, “ҳақиқат денгизининг ғаввоси”,”пайғамбарларнинг хожаси”, “ғайб сирларининг кашшофи”, “азиз шайх”, “йўли пок шайх”, “буюк шайх”каби таърифларни берганлигининг ўзи унинг Хожагон-Нақшбандия тариқатининг асосчиси сифатидаги дунёқарашининг шаклланишида ва тариқат ривожида ўзига хос катта рол ўйнаганлигининг намунаси ҳисобланади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
1.Али Сафий. Рашахот – Б. 18-20.
2. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Мақсад ас-соликин. -Б.2
3.Дж.С.Тримингэм. суфийcкие ордена в исламе. Москва: Наука , 1989. –С.61.
4.Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Мақсад ас-соликин. -Б. 2.
5.Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Мақсад ас-соликин. -Б. 3.
6. Абдураҳмон Жомий. Нафаҳот ул-унсмин ҳазар отил-қудс. Теҳрон, 1370. -С. 383.
7.Алишер Навоий. Мукаммал асарлар туплами Йигирма жилдлик. Ўн еттинчи жилд, Насойим ул-мухаббат. Toшкент, 2001,-Б. 253.
8.Юсуф Ҳамадоний. Рутбат ул- ҳаёт Доктор Муҳаммад Амин Риёҳий муқаддимаси. Теҳрон 1361ҳ.ш.19-б.
9.Абдураҳмон Жомий. Нафаҳот ул-унс минҳазарот ил-қудс. Теҳрон.1337х.ш.375-377-б.
10.Юсуф Ҳамадоний. Рисолалар.С.Сайфуллоҳ, Н.Ҳасан. “Mavoraunnahr”. 2018. –Б. 4.
11.Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Ўн еттинчи том. Насойим ул-муҳаббат. Т: Фан, 2001, -Б. 252.
12. Юсуф Ҳамадоний. Рисола (фи аннал-кавна мусаххарун лил-инсон). Истанбул, Купрули кутубхонаси, Ф.А.Пошо, № 853. -Б. 3.
13.[1]Юсуф Ҳамадоний. Рисола фи аннал-кавна мусаххарун лил-ин- сон. Истанбул, Купрули кутубхонаси, Ф.А.Пошо, № 853. 17.
Ойгул Турсуновна Шарипова
“ Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси директори
Izoh qoldirish