29.04.2025

“Авроди Нақшбандия” асари хусусида

   Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг ўзбек халқи маънавий меросига бўлган ихлос ва ҳавас кундан кунга ортиб бормоқда. Манбаларимизни ўрганиш, уларни таржима қилиш, таҳлил қилиш ҳамда нафақат халқимиз, балки бутун дунё мусулмонларига етказиш биз, манбашунос ва шарқшуносларнинг асосий вазифамиздир.                                                                                               

        Маънавий қадриятлар асосини энг аввало Ислом дунёсида машҳур саналмиш, Бухоройи Шарифнинг азиз ва мўътабар авлиёлари етти пирлар Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний (Хожайи Азизон) Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ас-Сухорий, Хожа муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг ҳалол-пок ҳаёт йўллари ва уларнинг мероси ташкил қилади ва ушбу авлиёлар халқ тажрибаси ва донишмандлигида мужассам этган бой маънавий-ахлоқий қадриятларни англаб етишга эришдилар. Буюк донишмандларнинг ушбу ютуқлари нафақат бугунги кун талабларига жавоб беради, балки комил инсоннинг, жамиятда инсонпарварликнинг ривожланиши жараёнларини бевосита рағбатлантиради. Демак Шарқ мутасаввуфлари қарашлари ҳозирги вақтда баркамол авлодни тарбиялаш учун зарур бўлган инсон, унинг ҳаётининг мазмуни ва оламда тутган ўрни тўғрисидаги билимлар манбаидир. 

 Баҳоуддин Нақшбанднинг бой илмий меросидаги инсон, инсоннинг руҳий камолоти, инсонийлик ҳақидаги ғояларни манбашунослик нуқтаи назардан ўрганиш, таҳлил ва талқин килиш, турли маънавий таҳдидлар диний экстремизм, ақидапарастлик, ахлоқсизлик, эгоцентризм мавжуд бўлган шароитда ёшларимизнинг маънавий иммунитетини шакллантириш борасида Баҳоуддин Нақшбанд асарларининг ғояларини ўрганиш ва ундаги эзгу ахлоқий фазилатларни тарғиб этиш долзарбдир.

Демак, Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёт йўли ва маънавий меросини ўрганиш, инсон камолоти ҳақидаги ғоялари ва уларнинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамиятини таҳлил этиш давр талаби.

 Маълумки, Баҳоуддин Нақшбанд-асли исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад Жалолиддин бўлиб, Хожаи Бузург (улуғ Хожа) Шоҳи Нақшбанд, Ҳазрат Баҳоуддин, Баҳоуддин Балогардон номлари билан жаҳонга машҳурдирлар. Авлиёлар султони  “Силсилаи шариф”даги ўн олтинчи ҳалқанинг пири муршиди ҳисобланадилар.

   Ҳазрат Баҳоуддин 1318 йилда Бухоро яқинидаги Қасри Ҳиндувон қишлоғида туғилганлар. Кейинчалик Қасри Ҳиндувон Қасри Орифон  (Аллоҳни танувчилар қишлоғи)га айланди. 

   Ҳазрат Баҳоуддин она томонидан сиддиқийдурлар, яъни насаблари Абу Бакр Сиддиққа бориб тақалади. Ҳазрат Баҳоуддин Бобойи Саммосий, Саййид Мир Кулол, Қусам Шайх, Халил ота, Ориф Деггероний, Баҳоуддин Қишлоқийлардан сабоқ олганлар. Ҳазрат Баҳоуддин увайсий бўлиб, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний руҳларидан таълим олганлар. [1]

   У зот дунёга келган хонадон эгалари, айниқса, оналари ва боболари аҳли илмга, аҳли тасаввуфга ўта ихлосманд одамлардан бўлганлар. Шунинг учун улар ёш Муҳаммад Баҳоуддинни ёшлигиданоқ саводини чиқариш учун Бухородаги номдор мударрислардан бирининг қўлига топширдилар. Ўша даврда Ислом маданияти маркази сифатида шуҳрат қозонган Бухородаги илмий ва диний муҳит Баҳоуддинга катта таъсир кўрсатгани боис  у бутун вужуди билан илм олишга киришиб кетди. Тез орада Аллоҳ берган ақл, идрок , зеҳн, кучли хотира, мустаҳкам ирода каби худодод (мавоҳиб) туфайли Қуръонни ўқий оладиган, форс тилида ёзилган асарларни мутолаа қила оладиган ва натижада Қуръондаги намоз ўқиш учун керак бўладиган кичик-кичик суралардан бир нечтасини ёд олишга ва “Фарзи айн” номли (мусулмонлар билиши зарур бўлган таълимотлар тўплами, форс тилида) китобнинг мазмунини ўзлаштириб олишга муваффақ бўлади. Бундан ўта хурсанд бўлган бобо набирасини ўша даврнинг бузрук пири муршиди, Хожагон тариқати раҳнамоси Хожа Муҳаммад Бобойи Саммосийнинг мунаввар хонадонига олиб борар экан, йўлда бундан бир неча йил муқаддам келини Муҳаммад Баҳоуддинга кўзи ёрай деган кезларда Шайх Бобойи Саммосий уларнинг қишлоғидан ўта туриб, атрофни бир ҳидлаб олиб, бу ерда яқин кунларда файзли ва баракали фарзанд туғилажак ва келажакда унинг шарофати билан бу манзил-маконлар Қасри Орифон  бўлажак , деган сўзларини эслади. Дарҳақиқат, у зот айтганидек, бир ҳафтадан сўнг  Аллоҳнинг иродаси ва Эшон Бобонинг башоратига мувофиқ Муҳаммад Баҳоуддин дунёга келган эди, Ўша вақтда бобосининг кўнглида , шояд, Эшон башорат қилган фарзанд менинг набирам бўлиб чиқса, деб умидвор бўлган эди. Шу умидворлик билан бобо набирасини пири комил эшигига етаклаб борди. Устоз Бобойи Саммосий (қ.с) янги шогирди солиқ Муҳаммад Баҳоуддинга сўфийликнинг йўл-йўриқлари, таълимотлари, тариқатнинг тартиб-қоидалари ва одоблари, солиқнинг бурч-вазифалари ҳақида илк сабоқларни бера бошлади. 

Бир муддат ўтганидан сўнг устоз Баҳоуддинни тарбия қилиш ва унга тасаввуфнинг назарий, амалий таълимотларини чуқур ўргатиш вазифасини ўзларининг энг истеъдодли халифаларидан бири Хожа Саййид Амир Кулол (қ.с) га топширдилар. 

Хожа Баҳоуддин Нақшбандий ёшликларида оталари билан бирга ишлаб матоларга нақш қилиш (гул тушириш) билан машғул бўлган бўлсалар, оталаридан сўнг ўз ерларида деҳқончилик қилиб яшаганлар. У зот икки марта муборак ҳаж сафарига борганлар. 

      Баҳоуддин Нақшбандий жуда кўп шаҳарларда бўлганлар, жумладан, Макка, Мадина, Нишопур, Ҳирот, Марв, Самарқанд, Насаф. Лекин қаерда бўлмасинлар, ҳамма жойда Қуоъони Карим ва ҳадиси шарифнинг кўрсатмаларини халққа етказмоқ, бидъатдан эл онгини покиза этмоқ учун саъй-ҳаракат қилганлар.  Нақшбандия таълимотича, “Нақш банд бар дил банд”, яъни кўнглингда Аллоҳ таоло зикрини нақш айла демакдур. Демак, нақшбанднинг мазмуни юракда Аллоҳ номини нақш айлаш ҳисобланади.[2]  Шайх Хожа Баҳоуддин нафақат муридлар тарбия қилиш билан балки, бўш вақтларида китоблар таълиф қилиш билан ҳам машғул бўлганлар. “Чаноқ қалъа”(1909), “Бухоройи шариф”(1912), “Шўро” (1914), журнал ва газеталаридаги маълумотларга қараганда, буюк мутафаккир тасаввуф назарияси ва амалиётига доир 13 та асар ёзган. Улар орасида “Ҳаётнома”, “Далилул ошиқийн”, “Адаб ас-соликин”(“Муридлар одоби”) , “Насиҳат ус-соликин”(“Муридлар учун насиҳат”) асарлари алоҳида аҳамиятга эга. [3]   Бир неча  йиллардан буён олимлар ҳазрат Нақшбанднинг ўз асарлари борлигига шубха билан қарашган.

Аммо фалсафа фанлари доктори, профессор Г.Н.Наврўзова бу маълумотнинг хато эканлигини исботлаб, ҳазратнинг “Аврод” номли асарлари мавжуд эканлиги қайд этилди.  Г.Н.Наврўзова тадқиқотлари “Аврод” асарининг қўлёзма нусхаси сақлангани ва бу асарга ёзилган яна иккита шарҳнинг мавжудлигини аниқлашга имкон берди. Москвадаги  “Наука” нашриёти собиқ Шўролар иттифоқи Фанлар Академияси қошидаги Шарқшунослик институтининг Санкт-Петербург бўлимида сақланаётган қўлёзмалар ҳақидаги қисқа каталогини “Арабские рукописи института Востоковедения Академия Наук СССР” номи билан икки қисмда нашр этди. Унинг биринчи қисмида 3464 ва 3465 тартиб рақамлари, В 3829 ва А 1539 шифр остида Баҳоуддин Муҳаммад Нақшбанд ал-Бухорийнинг (вафоти 791/1389) “Аврод” номли асари сақланаётганлиги кўрсатилади. Асар номи зикр этилганидан кейин А.Б.Холидов таълиф маъносини билдирувчи белгини қўйиб, “Аврод”нинг муаллифи Баҳоуддин Нақшбанд эканлигини таъкидлаган. Баҳоуддин Нақшбанд “Аврод” асарининг В 3829 шифр билан сақланаётган қўлёзма нусхаси 756-89а варақларида сақланган. Бу нусха ҳижрий 1287, милодий 1870/71 йилда Волга бўйига кўчирилган. “Аврод”нинг А 1539-шифрли нусхаси 256-44а варақларда ёзилган қўлёзмада сақланмоқда.[4]                                                                                                                                                                                                   “Аврод” калимаси  араб тилидан олинган сўз бўлиб, “вирд” сўзининг кўплигидир. “Вирд” сўзининг маъноси:   

   1)  манба;     2) сув олгани бориш;   3) дуо ва ибодатларга бағишланган кечанинг бир қисми;   4) кечанинг бир қисмида Қуръони Каримдан ўқиладиган дуо ва зикрлар;  Амалда эса Қуръони Каримдан такрорлаб юришга одатланилган бўлакка айтилади. “Фалончи Қуръони Каримдан вирдини ўқиди” дегани ўзига вазифа қилиб олган бўлагини ўқиди, дегани бўлади. Тасаввуфда эса кунда такрорлаб юришга одатланилган зикрлар, дуолар ва Қуръони карим суралари вирд дейилади.[5]   Айни замонда “вирд”нинг тасаввуфий тушунча маъноси ҳам бор; шайх ва муридларнинг узлуксиз ўқиб юришлари шарт бўлган тиловат, зикр, тасбеҳ, дуо, саловот каби мажбуриятларни ўз ичига олган. Демак, “вирд” тушунчаси дуо тушунчасидан кенг бўлиб, асосий мақсад талаб этиш эмас, балки Аллоҳ ризолиги учун юкланган вазифаларни бажаришдан иборат экан.    

Шўролар даврида йирик шайхлар таржимайи ҳоли, ирфоний-адабий меросини ўрганиш қатағон қилингани боис “Аврод”лар тўғрисида етарли маълумотга эга эмас эдик. Ҳолбуки машҳур шайхлар кўпчилигининг ўз “Аврод”лари бўлган. Бинобарин, ҳақиқат даражасига юксалган шахслар ўз муридларига илоҳий файзларни қабул қилиш йўлларини ўз авродлари орқали очиб берганлар. Шундан келиб чиқиб далил айтиш мумкинки. Руҳий камолот пиллапояларидан кўтарилиб, муайян мақом-даражага етган Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳам ўз “Аврод”лари бўлган.                “Аврод” тарк этмай узлуксиз бажариб туриш зарур бўлган вазифалар маъносини англатишини юқорида айтиб ўтдик. Баҳоуддин Нақшбанд “Аврод”и ҳам худди шу мавзуга бағишланган бўлиб, Нақшбандия тариқатига кирган солик юксак манзилга –Ҳаққа етиш учун мунтазам англаб, моҳиятига етиб, мушоҳада етиб ва қалб билан такрорлаб туриши зарур бўлган санолар, аллоҳнинг исмлари, зикр, тасбеҳ, Қуръон оятлари,, салавот ва дуолар тўпламидан иборатдир. Бинобарин, Хожанинг “Аврод”ини соликлар учун илоҳий файзни қабул қилиш мақсадида яратилган муборак  “сарчашма” деб баҳолаш мумкин. [6]     Ҳазрат ўз асарини  Аллоҳ Азза ва Жалла исмлари ва сифатлари билан У Зотни  васф этиш билан бошлайди. Азалдан мавжуд Зотнинг ҳамиша тирик ва муқаррарлиги, Ундан ўзга илоҳ йўқлиги, Буюк Зот, Олий Зот бўлмиш Парвардигорнинг буюк куч-қудрат эгаси эканлиги, барча яхшиликлар  фақат Унинг қўлида ва У барча нарсага Қодир эканлиги, ҳам Аввалу ҳам Охир, ҳам Зоҳиру ҳам Ботин, ҳам Воҳиду ҳам Ваҳҳоб барча нарсани билгувчи Зот эканлиги, инсон мавжудотлар ичида энг мукаммал қилиб яратилганлиги ҳақида сўз боради. Демак, инсон бу оламда ўз ўрни, асл моҳияти, Аллоҳнинг ердаги халифаси эканлиги ва унинг барча сифат ва исмларини ўзлаштириб, куч-қудратини намойиш этиш учун яратилганлигини билиши ва шунга мос амал қилиши керак.  Инсон бутун оламни ўзида акс эттирган мукаммал зот эканлигини ва бу камолот даражасига етмоқ учун Аллоҳнинг олий, пок куч-қувватлари билин узвий боғланишда бўлиши зарурлиги уқтирилади. Мазкур рисолада Қуръони Каримнинг “Оли Имрон” сурасининг 26-27 оятлари, “Раҳмон” сурасининг 19-20-оятлари, “Бақара” сурасининг 255-ояти, “Ғофир” сурасининг 1,2,3-оятлари, Пок Парвардигорга ҳамду сано, тасбеҳу таҳлиллар ва такбирлар келтирилган.  Нақшбандия тариқатида хуфёна зикр қабул қилинганлиги учун бу асар фақат тариқат аҳли орасида маълум бўлган ва уларнинг ўзига хос руҳий камолот йўлини кўрсатган. Шунинг учунт бўлса керак  бу асар ҳозирги кунгача тадқиқ этилмай, таржима қилинмай ва ўрганилмай келинган. Хулоса қиладиган бўлсак, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанддан “Аврод” номли ёзма мерос қолган.Унинг қўлёзма нусхалари ҳам мавжуд. Ҳозирги кунда Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд “Аврод” асари фалсафа фанлари доктори, профессор Г.Н.Наврўзова, Ж.Нуриддинов ҳамда туркиялик олим Карим Уста томонларидан   таржима вариантлари мавжуд.   Мазкур асарни чуқур ва ҳар томонлама тадқиқ этиш, биринчидан, орифлик даражасига юксалган шайхнинг дунёқарашини ўрганишга имкон берса, иккинчидан, Нақшбандия таълимотини илмий ўрганиш учун замин яратади.[7]                                                                                                                                                             

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Садриддин Салим Бухорий.Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир.Тошкент. “Наврўз”. 2017. 34-35 бетлар.

2.Абдулқаҳҳор Шоший. Авлиёлар китоби.Тошкент. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2018. 32-33 бетлар.

3. “Бухоро мавжлари” журнали хазинасидан. Етти пир ва етти авлиё. Бухоро. 2019. “Бухоро вилоят босмахонаси” МЧЖ нашриёти.89-90 бетлар. 

4.Г.Н.Наврўзова.БаҳоуддинНақшбанд.(Манбалартаҳлили).Тошкент.

“Sanostandart” нашриёти. 2019. 240-бет. 

5. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Нақшбандия. Вазифалар Зикрлар. Тошкент. “HILOL-NASHR” нашриёти. 85-бет.

6. Баҳоуддин Нақшбанд. Аврод (тўлдирилган қайта нашр) .Изоҳ ва шарҳлар муаллифи ва таржимон ф.ф.доктори, проф.Г.Н.Наврўзова. Тошкент. “Sano standart” нашриёти. 2019.          43-44-бетлар. 

7. Баҳоуддин Нақшбанд. Аврод (тўлдирилган қайта нашр) .Изоҳ ва шарҳлар муаллифи ва таржимон ф.ф.доктори, проф.Г.Н.Наврўзова. Тошкент. “Sano standart” нашриёти. 2019.          46-47-бетлар. 

 

Рахимова Нодира Кадировна.   

                  

“Жўйбори калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом

 таълим муассасаси ўқув-услубий,

 илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи 


 

[1] Садриддин Салим Бухорий.Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир.Тошкент. “Наврўз”. 2017. 34-35 бетлар.

[2] Абдулқаҳҳор Шоший. Авлиёлар китоби.Тошкент. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. 2018. 32-33 бетлар.

[3] “Бухоро мавжлари” журнали хазинасидан. Етти пир ва етти авлиё. Бухоро. 2019. “Бухоро вилоят босмахонаси” МЧЖ нашриёти.89-90 бетлар. 

[4]Г.Н.Наврўзова. Баҳоуддин Нақшбанд.(Манбалар таҳлили).Тошкент. “Sano standart” нашриёти. 2019. 240-бет. 

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Нақшбандия. Вазифалар Зикрлар. Тошкент. “HILOL-NASHR” нашриёти. 85-бет.

[6]Баҳоуддин Нақшбанд. Аврод (тўлдирилган қайта нашр) .Изоҳ ва шарҳлар муаллифи ва таржимон ф.ф.доктори, проф.Г.Н.Наврўзова. Тошкент. “Sano standart” нашриёти. 2019.         43-44-бетлар. 

 

[7]Баҳоуддин Нақшбанд. Аврод (тўлдирилган қайта нашр) .Изоҳ ва шарҳлар муаллифи ва таржимон ф.ф.доктори, проф.Г.Н.Наврўзова. Тошкент. “Sano standart” нашриёти. 2019.         46-47-бетлар. 

 

Izoh qoldirish