
АБУ ИСО МУҲАММАД АТ-ТЕРМИЗИЙ – ДУНЁ ИМОМИ
Ислом оламида энг машҳур бўлган, энг саҳиҳ ҳадисларни тўплаган, ҳадис илмига энг катта ҳисса қўшган муҳаддисларнинг кўпчилиги айнан бизнинг буюк аждодларимиздир, диёримизда туғилиб-ўсган улуғ зотлардир.
Юртимиз Ислом нури ила мунаввар бўлган аср инсоният тарихида Шарқ уйғониши даври деб аталади. Ўша асрдан бошлаб диёримизда бутун дунёга мударрис бўлган, бутун Ислом оламида эътироф қилинган буюк алломалар етишиб чиқа бошлаган. Хусусан, Ислом умматига Қуръони Каримни тафсир қилиш ҳамда саҳиҳ ҳадиси шарифларни етказиш ва шарҳлаш борасида буюк ватандошларимизнинг хизмати беқиёс бўлган.
Буюк муҳаддислардан бири – буюк ватандошимиз имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ. У зотнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳоқ Абу Исо ас-Суламий аз-Зарир ал-Буғий ат-Термизий бўлиб, ҳижрий 209 (милодий 824) йили Термиз яқинидаги Буғ (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани ҳудудида жойлашган) қишлоғида ўртаҳол бир оилада таваллуд топган. Марказий Осиёлик машҳур тарихчи Абу Саад Абдулкарим ас-Самъоний (1113–1167) Ат-Термизий Буғ қишлоғида вафот этганлиги учун ал-Буғий тахаллуси билан ҳам аталганини, олимнинг кўп йиғлаганидан умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигидан Аз Зарир (кўзи ожиз) тахаллусини олганлигини ҳам қайд қилади.
Лекин эл орасида Ат-Термизий номи билан машҳур бўлишига сабаб унинг бутун ҳаёти ва фаолияти (ёшликдан бошлаб) Термиз шаҳри билан чамбарчас боғлиқ бўлганлигидан, шунингдек, олим туғилган Буғ қишлоғи Термиз шаҳрига яқин бўлиб, маъмурий-идоравий жиҳатдан унга мансуб қишлоқлардан эканлигидан деб изоҳлаш мумкин.
Имом Термизий ўз даврининг етук муҳаддиси сифатида кўпгина шогирдларга устозлик ҳам қилган. Термизийнинг устоз ва шогирдлари орасида турли мамлакат ва элат вакиллари борлиги сезилиб турибди. Шу нуқтаи назардан қаралганда, узоқ ўтмишда ҳам илм-фаннинг тараққиёти ва маърифат уруғларини тарқатиш борасида турли ўлкаларнинг вакиллари якдил бўлиб фаолият кўрсатиб самарали ҳамкорлик қилганликлари, умумбашарий қадриятлар равнақи йўлида ҳақиқий байналмилаллик руҳи мавжуд бўлганлиги ҳозирги давримиз учун ҳам ибратли бир ҳолдир.
Термизий Имом Бухорий билан учрашганида (бу учрашув Нишопурда бўлган ва икки аллома 5 йил биргаликда яшашган) ҳадиснинг матнинигина эмас, унинг ҳикмати ва фалсафасини тушуниб етганини эътироф этади. Ўз навбатида Имом Бухорий ўз шогирдини мақтаб, камтаринлик билан: "Сен мендан баҳра топганингдан кўра мен сендан кўпроқ баҳра топдим", деган. Бу Термизийга берилган жуда катта баҳо эди.
Термизий йўлда, сафарда бўлганда ҳам, ёки бир жойда муқим турганда ҳам устозларидан, учратган ровийлардан эшитган ҳадисларни ёзиб олар, уларни тартибли равишда алоҳида-алоҳида қайд қилиб борарди. 868 йил хориж сафаридан ўз юртига қайтган Термизий илмий-ижодий иш, шогирдлар тайёрлаш билан машғул бўлди ва йирик муҳаддис олим, имом сифатида шуҳрат қозонди. Тақводорлик, ислом дини ва ўз обрўсига гард юқтирмасликка интилиш, дунё мол-матоси ва бойликка бепарво қараш, охиратнинг ғамини ейиш Термизийнинг ҳаёти тарзи эди. Термизийнинг шогирдлари унинг ишларини давом эттирди. Улар ичида Макҳул ибн Ал фадл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Ҳамод ибн Шокир, Абд ибн Муҳаммад Насафий, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Аҳмад ибн Юсуф Насафий ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.
Ат-Термизий ёшлигидан ўта тиришқоқ, идрокли ва заковатли бўлганлиги боис ўз тенгдошлари ичида ажралиб турган. Илмга ўта қизиқиши туфайли ўша даврнинг кўпгина илмларини, айниқса, ҳадис илмини чуқур эгаллаган. Термиз, Самарқанд, Марв ва Марказий Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида истиқомат қилган машҳур уламо ва муҳаддислар асарларини қунт билан ўрганган, қўшни Балх ва Ҳайратон шаҳарларидаги илм аҳллари билан илмий алоқалар ўрнатилишига муносиб ҳисса қўшган олимлардан биридир. Ёшлигидан илм-фанга ташна ат-Термизий 850 йилдан, яъни йигирма олти ёшидан бошлаб узоқ юртларга, қатор хорижий мамлакатлар ва шаҳарларга сафар қилади. Жумладан, у Ҳижоз, Макка, Мадина, Ироқ ва Хуросоннинг қатор шаҳарларида кўплаб муҳаддис, уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан таълим олади, қизғин илмий мунозара ва баҳсларда иштирок этади. Тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабийнинг таъкидлашича, ат-Термизий Миср ва Шомни шахсан зиёрат қилмаган, шу боисдан ҳам бу мамлакатлар уламоларидан билвосита ҳадислар ривоят қилган. Узоқ йиллар давом этган сафарлари чоғида ат-Термизий нафақат ҳадис илмидан, балки илм ал-қироат, ал-баён, фиқҳ, тарих каби фаннинг бошқа соҳалари ҳамда кўплаб устозлардан сабоқ олади.
Шу билан бир қаторда Ат-Термизий Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини тўплашга алоҳида эътибор билан қарайди. Бу борада у ҳар қандай қийинчиликларга бардош беради. У ўзи ўқиган ёки бирор ровийдан эшитган ҳадисини алоҳида қоғозларга қайд этиб борар, уларнинг асли ва иснодини изчиллик билан аниқлаб тўғрилигига тўлиқ ишонч ҳосил қилсагина махсус қоғозларга қайд этарди. Ҳадисларнинг тўғрилигига шубҳа бўлганда уларни алоҳида ажратиб ёзарди. Шу тариқа ҳадислар саҳиҳ (тўғри, ишончли), ҳасан (яхши, маъқул), заиф (бўш, ишончсиз)[1], ғарийб (ғалати) каби хилларга ажратилган.
Ҳадис илмини эгаллашда ва такомиллаштиришда Имом Термизий ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан таҳсил олди. Унинг устозларидан Имом ал-Бухорий, Имом Муслим ибн Ал-Ҳажжож, Абу Довуд, Қутайба ибн Саъид, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғийлон, Саид ибн Абдураҳмон, Муҳаммад ибн Башшор, Али ибн Ҳажар ал-Марвазий, Аҳмад ибн Муний, Муҳаммад ибн ал Мусанно, Суфён ибн Вақи ва қатор таниқли муҳаддисларни кўрсатиш мумкин.
Ат-Термизийнинг устоз ва шогирдлари орасида турли мамлакат ва элат вакиллари борлиги сезилиб турибди. Шу нуқтаи назардан қаралганда, узоқ ўтмишда ҳам илм-фаннинг тараққиёти ва маърифат уруғларини тарқатиш борасида турли ўлкаларнинг вакиллари якдил бўлиб фаолият кўрсатиб самарали ҳамкорлик қилганликлари, умумбашарий қадриятлар равнақи йўлида ҳақиқий байналмилаллик руҳи мавжуд бўлганлиги ҳозирги давримиз учун ҳам ибратли бир ҳолдир.
Ат-Термизий зеҳнининг ўткирлиги ҳамда қувваи ҳофизаси кучлилиги хусусида тарихий манбаларда кўплаб мисоллар, ривоятлар келтирилади. Жумладан, араб тарихчиси Шамсуддин аз-Заҳабийнинг (1274–1347) «Тазкират ул-ҳуффоз» («Ҳофизлар ҳақида тазкира») номли асарида қуйидаги ҳикоя келтирилади: «Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий Маккага ҳажга бораётганида йўлда машҳур муҳаддислар билан мулоқотда бўлади ва уларнинг биридан ҳадислардан сабоқ беришини илтимос қилади. У олим: «Бўлмаса қоғоз-қалам ол», деган. Аксига олиб шу пайт ат-Термизий қалам топа олмаган ва олим рўпарасида ўтириб эшитган ҳадисларини ёзиб олаётгандек қоғоз устида қўлини ҳаракат қилдираверган. Олим эса турли туман ҳадислардан етмишга яқинини ҳикоя қилган. Шу орада олим қоғозга қараб унда ҳеч қандай ёзув йўқлигини кўрган ва ат-Термизийнинг бу ишидан жаҳли чиққан. Ат-Термизий шунда бамайлихотир «Сиз айтган ҳадисларингизни ёддан айтиб берайми?» дегани ҳозиргина олимдан эшитган ҳадисларнинг ҳаммасини бирин-кетин такрор айтиб берган. Ат-Термизийнинг хотираси кучлилигидан ўша олим ҳайратга тушиб қойил қолганлигини билдирган.
Ўз устозлари Имом ал-Бухорий, Имом Муслим асос солган хайрли ишни Имом Термизий чуқур масъулият ва катта идрок билан давом эттирди. Ҳадисшуносликнинг илмий асосда ривожланишига улкан ҳисса қўшиб, мусулмон дунёсидаги энг нуфузли муҳаддислардан бири даражасига кўтарилди. Абу Исо Термизийнинг шоҳ асари бўлмиш «Ал-жомиъ ас - сахийҳ»[2] олим машаққатли меҳнатининг маҳсули сифатида ҳадис илмида катта аҳамиятга эга. Энг аввало шуни айтиш керакки, муаллиф ўз асарини алоҳида-алоҳида бобларга бўлади, имкони борича ҳар ҳадис ровийларини келтиради. Ҳар бир ҳадисдан кейин унинг ишончли ёки ишончсизлик даражасини аниқлаб алоҳида кўрсатади. Олдинроқ биз асарини «Ас-сунан» («Суннатлар») номи билан («Сунани Термизий») аталишини ҳам эслатиб ўтгандик. Бу ном билан аталишига асосий сабаблардан бири – унда фиқҳ масаласига доир аҳком ҳадислар жуда кўп келтирилган. Шулар билан бир қаторда асарда панд-насиҳат, ахлоқ-одоб, гўзал хулқу фазилатлар хусусида ҳам жуда кўп ҳадиси шарифлар келтирилганки, бу даражадаги ҳадислар ҳеч бир муаллиф асарида учрамайди, десак муболаға бўлмайди.
Таркибий жиҳатдан асар бир қанча бобларга бўлинади. Унда таҳорат, салот (намоз), закот, рўза, ҳаж, жаноза, никоҳ, эмизиш, талоқ, савдо-сотиқ, қозилик аҳкомлари, товон тўлаш, меъёр, сайд, қурбонлик, назр-нузур, иймон, сийратлар, жиҳод, кийим-кечак (либос), таомлар, ичимликлар (ал-ашриба), хайр-эҳсон ва саховат, табобат, фарзлар, васиятномалар, хайрихоҳлик ва тақдир, хуружи фитналар, башоратлар, шаҳодатлар, зоҳидлар, жаннат ва жаҳаннам сифатлари, илм, изн сўраш, одоб ва ахлоқ, масаллар, Қуръон фазилатлари, қироат, тафсир, дуолар, маноқиблар (фазилатлар), иллатлар ҳақидаги боблар келтирилган.
Мана шу боблар асарда сарлавҳа тарзида бўлинган бўлиб, бобга доир ҳадислар бўлим мазмунини тўла-тўкис ифодалайди. Ушбу бобга доир масала бўйича муаллиф бир қанча ҳадисларни келтиради, сўнг бу масала юзасидан бошқа уламою фақиҳларнинг фикрларини ҳам батартиб баён этади. Ундан кейин ривоят қилинган ҳадиснинг сахийҳ, ҳасан, заиф ёки ғариблиги даражасига ўз муносабатини билдиради. Шундан сўнг ҳадис ровийлари, санадлари ва санаднинг ўз ичига олган иллатлари хусусида ўз фикрини билдиради.
Хулоса қилиб айтганда, Ат-Термизий китобларида бу хилдаги ҳадисларнинг бирмунча кўплиги унинг беназир изланишларидан далолатдир. Буюк ватандошимиз ҳуқуқшунослик, табиатшунослик, табобат, илми ну-жум, тилшунослик, ахлоқ ва бошқа кўплаб соҳаларда асарлар яратган. Мусулмон оламида буюк муҳаддисларидан бири сифатида машҳур бўлган улуғ аждодимизнинг бебаҳо мероси бугунги кунда ҳам кенг ўрганилмоқда.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:
1.Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқолоний. Фатҳул Барий шарҳу Саҳиҳул Бухорий. - Миср: ад-Дарул аъламийяти линнашри ваттавзиъ, 2013.
2.Аш-Шайх Комил Муҳаммад Авайда. Абу Исо Термизий.
3.Ибн Ҳажар Асқалоний. Таҳзибут таҳзиб. Ал-Маъориф, 2017.
4.Маннаъул Қоттон. Мабоҳису фи улумил ҳадис. Мактабатул ваҳба, 2018.
5.Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Муҳаммад Шамсиддин Саховий. Аз- Зовъул Ломиъ. – Байрут: Дарул жил, 1992.
6.Нуриддин Атар. Шарҳу ъилалит Термизий. – Дамашқ: Дарул минҳажил қовим, 2019.
7.Ҳожи Халифа Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашфуз зунун ъан асамо ал кутуби валфунун. Дару иҳёит туросил арабий, 2008.
Дилафруз Гуламова,
БухДу мустақил изланувчиси
«Жўйбори Калон» аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] Нуриддин Атар. Шарҳу ъилалит Термизий. – Дамашқ: Дарул минҳажил қовим, 2019.б -65
[2] Аш-Шайх Комил Муҳаммад Авайда. Абу Исо ат-Термизий.1998. б-37
Izoh qoldirish