22.04.2021

РЎЗАНИНГ НИЯТИ

«Ният» сўзи луғатда «қасд қилиш» маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса ният деб қалбнинг бир ишни қилишга азму қарор ила, иккиланишсиз эътиқод қилишига айтилади. Демак, киши қалбида эртага Рамазоннинг кунларидан бири эканини билса ва рўза тутишни кўнглидан ўтказса, ният қилган бўлади.

Ният масаласида рўзалар иккига бўлинади:

1. Кечаси ният қилиш ва тайин қилиш шарт бўлган рўзалар. Бундай рўзалар «зиммада собит бўлган рўзалар» ҳам дейилади. Улар Рамазоннинг қазоси, бузиб юборилган нафл рўзаларнинг қазоси, каффорат учун тутиладиган рўзалар ва мутлақ назр қилинган рўзалардир.

2. Кечаси ният қилиш ва тайин қилиш шарт бўлмаган рўзалар. Бундай рўзалар «муайян замонга боғлиқ рўзалар» ҳам дейилади. Улар Рамазон рўзаси ва барча нафл рўзалар бўлиб, шаръий кундузнинг ярмидан олдин қилинган ният билан тўғри бўлаверади.

Рамазон рўзасини нафл нияти билан ёки мутлақ ният ёхуд бошқа вожиб рўза нияти билан адо қилса ҳам бўлади. Фақат сафарда ва беморликда бўлмайди.

Рамазон рўзаси каби нафл ва муайян назр рўзани ҳам шаръий кундузнинг ярмидан аввалги ният билан тутса бўлади. Фақат нафл ва муайян назр рўзани бошқа вожиб рўза нияти билан тутиб бўлмайди, чунки рўза тутувчи ўзига вожиб бўлган нарсани ўзи бекор қила олмайди.

Қазо, каффорат ва мутлақ назр рўзалар учун уларни кечаси тайин қилиб, ният қилиш шарт қилинган, чунки бундай рўзалар учун муайян вақт тайин қилинмаган. Шунинг учун уларнинг бошланиш вақтини тайин қилиш вожиб бўлади.

Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни кечқурун қуёш ботаётганда Рамазоннинг ҳилоли кўринмаса ва ҳаво булутли бўлса, ўттизинчи кун шак куни бўлади, чунки ўша кун шаъбоннинг ўттизинчи куними ёки Рамазоннинг биринчи куними деган шак, иккиланиш бўлади. Агар ҳаво очиқ бўлса ҳам ой кўринмаса, шак бўлмайди.

Ният қилишнинг энг афзал вақти ифтор қилиш пайтида эртанги куннинг рўзасини ният қилишдир. Рамазон ойида рўза кунлари эканини билса-да, рўза тутишни ҳам, тутмасликни ҳам ният қилмай тонг оттирса, рўзадор бўлиб қолмайди. Зеро, рўза кунлари эканини билишнинг ўзи билан рўзадор бўлиб қолинмайди. «Иншааллоҳ, эртага рўза тутаман» дейиш билан ҳам ният дуруст бўлаверади, чунки рўзада бу калималар Аллоҳ таолодан тавфиқ, мадад умидини ифода қилади.

Бир киши ҳар куни рўза тутмоқчи бўлиб саҳарлик қилса, тили билан ҳам, дили билан ҳам рўзани ният қилмаса ҳам, саҳарлик қилгани ният ўрнига ўтади. Лекин саҳарлик қилаётган вақтда рўза тутмасликни ният қилса ёки одати ҳар куни ўша вақтда таомланиш бўлса ёхуд ҳамма қатори саҳарликка турсаю, ўзи рўза тутмайдиган киши бўлса, унинг саҳарлик қилгани ният ўрнига ўтмайди. Саҳарлик ниятнинг ўрнига ўтиши Рамазоннинг рўзасида, тайин қилинган назрда ва нафл рўзалардадир. Бундан бошқаларда эса саҳарлик қилиш билан биргаликда қайси рўзани тутаётганини дил билан ният қилиши зарур. Кечанинг аввалида «саҳарликка тураман» деб ният қилиш рўза ниятининг ўрнига ўтмайди.

Қуёш ботиши билан эртанги куннинг рўзасини ният қилса, нияти дуруст бўлади. Масалан, бир киши шундай ният қилиб, беҳуш бўлиб қолсаю, беҳушлиги эртаси куннинг қуёши ботгунича давом этса ҳам, у ўша куни рўзадор бўлган ҳисобланади. Қуёш ботишидан аввал ёки ботаётганда эртанги куннинг рўзасини ният қилишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки қуёш ботгандан сўнг қайта ният қилиш зарур.

Ҳ.Ҳалимова

Izoh qoldirish