Фарзанд бурчи
بسم الله الرحمن الرحيم
الْحَمْدُ للّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ. الْحَمْدُ للّهِحَـمْدًايُوافِىنِعَمَهُوَيُكافِىمَزيدَه،يَاربنالَكَالْحَمْدُ كمايَـنْـبَغِ ىلِجَلالِوَجْهِكَو لِعَظِيْمِسُلْطَا نِكسُبْحَا نَكَاللَّهُمَّلا أُ حْصِيثَنَا ءً عَلَيْكَ، أَنْتَكَمَا أَ ثْنَيْتَعَلَىنَفْسِكَوَ أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَه إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ , وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ وَ صَفِيُّهُ وَ خَليلُهُ. خَيْرُ كِتابٍ أُنْزِلَ عَلَى خَيْرِ نَبِيٍّ أَرْسَلَ. أَرْسَلَهُ أللهُ إلى العالَمِ كُلِّهِ بَشيراً و نَذيراً اللَّهُمَّصَلِّعَلَىسَيِّدِ نَامُحَمَّدٍوَ عَلَىآ لِسَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ، صَلَاةً وَسَلَامًا دَائِمَيْنِ مُتَلَازِ مَيْنِ إِلَى يَوْمِ الدِّين و على آله و أصحابه أجمعين، أمّا بعد،
У сиз дунёда ҳеч иш битмайдиган, ҳеч кимга ҳожати тушмайдиган, фарзанди ҳам, ота-онаси ҳам йўқ бўлган Зот Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Ёшликларида ота-оналаридан етим қолган, дунёдаги барча мусулмон оталарга ўрнак-намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин.
МАВЪИЗА
Ҳар бир ишга қодир Аллоҳ таоло дунёни сабаблар олами қилиб қўйди. Яъни ҳар бир нарса бўлишлигига бир нарсани сабаб қилиб қўйди. Ўзининг қудратини пинҳон қилиб ва бандаларини сабаблар ила синади. Бандаларини дунёда кўпайтириш учун бир эркагу бир аёлни сабаб қилди. Худои таборак ва таоло Ўзининг китобида шу ҳақида хабар беради:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُواْ رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِّن نَّفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيرًا وَنِسَاء
“Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни таратган Роббингиздан қўрқинглар!”[1]
Бизларни дунёга келишимизга сабаб ота-онамиздир. Шунинг учун биз одамлар орасида қанчалик ҳурмату эҳтиром эга бўлмайлик, жамиятда қанчалик юқори мавқеъда бўлмайлик, аммо барибир Аллоҳ олдида биз ота-онамиздан пастмиз.
Уламолар айтадилар: “Агар ота-онанинг ҳаққига баробарига риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром кўрсатишда ота устун қўйилади. Чунки насаб ундадир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Чунки эҳсон ундадир. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради”
Отанинг мавқеъсини баёнлаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « رِضَا الرَّبِّ فِى رِضَا الْوَالِدِ وَسَخَطُ الرَّبِّ فِى سَخَطِ الْوَالِدِ ».
“Ота розилигида Худонинг розилиги бор. Отанинг ғазабида Худонинг ғазаби бор”
Фарзандга нисбатан отанинг муҳаббати онанинг муҳаббатидан кўра фарқлидир. Онанинг муҳаббати боласига уни қорнида пайдо бўлгандан бошланади ва шу билан боласига умрбод боғланиб қолади. Аммо отанинг муҳаббатини фарзанд қозониши лозим. Ўзининг фаросати, итоати ва хизмати билан. Фарзанд дунёда қилган барча хизматларининг ютуғи бу отанинг ризосини қозонишдир. Отанинг розилигини топиш йўлида Аллоҳ таолонинг розилиги топса бўлади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадислари ила бизларга ишора қилмоқдалар. Нима учун айнан ота? Чунки отанниг қалби онанинг қалбидан кўра нозикроқ бўлади.
Жаннат талаби, талаб ризои модарон,
Кун ту тавоф хоки пои модарат.
Аз амри Худо муайяд шавад амри падар,
Хушнудии Ҳақ аст ризои падарат
Улуғ тобеин Товус ибн Кайсон р.а. отани ҳурмати ҳақида шундай дейди: “Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдандир: олим, соч-соқолига оқ тушган мусулмон, султон ва ота. Киши отасини исми билан чақирса, унга жафо қилган бўлади”.
Ота ва она Аллоҳ таолонинг бизга берган улуғ неъматидир. Улар фарзандларининг улғайиши йўлида ўзларини шамдек фидо қиладилар. Бу йўлда киймай кийдирдилар, емай едирдилар, ўз вазифаларини адо қиладилар.
АСОСИЙ МАВЗУ
Бугунги маърузамизда, муҳтарам жамоат, бу ерда тўпланган барча эркаклар биз ота бўлиб фарзандларимиз олдида оталик ҳаққини адо қила билаяпмизми? Умуман, оилада отанинг ўрни, отанинг борлиги қанчалик эканлиги, фарзанд отасиз ўсса қанақанги оқибатларга олиб келади шулар ҳақида суҳбат қиламиз.
Ҳозирги кунда айрим ёш болалар отасиз ўсишмоқда. Бунга бир нечта сабаблар бор. 1. Отаси вафот этган 2. Ота-онаси ажрашган 3. Отаси узоқ йиллардан бери сафарда ёки 4. Ота оилада фарзандларига беэътибор.
Бундай ҳолатлар ўзимизнинг қариндошимиз болаларидир ёки қўшнимиз оиласида ота йўқ ёки яқин ўртоғимиз болалари отасиз катта бўлишмоқда ёки ҳозир орамизда шундай эркаклар борки, уларнинг фарзандлари ота меҳрига зор. Мана шунақанги оиланинг болалари ўсса қандай ҳолатларга олиб келади?
ОТАСИЗ ЎСАЁТГАН БОЛАЛАР
Оилада отанинг йўқлиги ўғил боладан кўра қиз болага кўпроқ ёмон таъсир кўрсатиб, тушкунликка тушуради. Отанинг меҳрига зор бўлиб ўсган болалар ўсмирлик даврини ҳамма нарсадан безиган, руҳан синиқ ҳолатда ўтказишади.
Отаси билан бирга бўлган фарзандлар эса, ҳаётда ўзига ишонч билан ўсади. Жамиятнинг ҳар қандай таъсиридан ўзини сақлай оладиган, ўзининг шахсий фикрига эга шахс сифатида шаклланади. Отаси бор оилалардаги болалар доимо “Мен ҳимояланганман” деган ишонч билан хотиржам юришади. Ота фарзанд учун катта илоҳий неъмат.
Отанинг асосий вазифаси едирмоқ, кийинтирмоқгина эмас. Иқтисодий таъминот иккинчи даражали масала. Биринчи масала – фарзандни тарбия этиш, гўзал хулқ билан хулқлантириш.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам отанинг вазифасини эслатиб дейдилар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « إِنَّمَا أَنَا لَكُمْ بِمَنْزِلَةِ الْوَالِدِ أُعَلِّمُكُمْ ».
“Мен сизларга худди отанинг ўрнидаман, сизларга таълим бераман.”
Демак, отанинг ўрни фарзандларига одоб ва таълим бермоқлиги экан. Баъзиларимиз бола тарбиясини “онасиниг иши” деб ҳисоблаймиз. Тарбияда эса, ота алоҳида ўрни бор ҳамда онанинг алоҳида ўрни бор.
Валид ибн Нумайр ибн Авсдан ривоят қилинади:«У отасининг: «Улар: «Солиҳлик Аллоҳдан, одоб оталардан», дейишар эди», деганини эшитган экан».
Улуғларимиз биз эркакларга тарбия борасидаги вазифамизни эслатишмоқда. Инсоннинг салоҳиятли, ҳидоятли бўлиши Аллоҳ иродаси билан, аммо кишининг одобли ёки одобсиз бўлиши отадан экан.
Айрим оталар оилада фарзандлари олдида ўзини фақат жазоловчи сифатида намоён қилади. Бола эса отасининг ғамхўрлиги ва эътиборини хоҳлайди. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ مُعَاذٍ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « وَأَنْفِقْ عَلَى عِيَالِكَ مِنْ طَوْلِكَ وَلاَ تَرْفَعْ عَنْهُمْ عَصَاكَ أَدَباً وَأَخِفْهُمْ فِى اللَّهِ ».
“Топганингдан аҳлингга едир ва асоингни аҳлинг бошига кўтарма ва уларни (ўзингдан эмас балки) Худодан қўрқит”
Баъзилар арзимаган ҳолатларда хотинидан ажрашиб, боласини тирик етим қилиб қўяётган оталар, билиб қўйсинларким, улар болаларини жуда кўп неъматлардан маҳрум қилмоқдалар. Эшитиб турганлар бизга ҳар қандай баҳоналарни рўкач қилиб: “Онаси менга болани кўрсатмаяпти, мени доим ёмонлайди ҳоказо ва ҳоказо сўзлар ...” Балки биз ўзимиз каттиқ хоҳламаётгандирмиз. Кибримиз, ориятимиз қўймаётгандир.
Нима бўлса ҳам ҳар доим илож бор. Нима бўлса ҳам бола доим отасини кўргиси келади. Ҳар кўришганда ўзимизнинг холислигимизни кўрсатайлик. Соф табиатли болалар қалбимиздаги холисликни сезади. Биз Худонинг амри ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам васиятлари бўйича фарзандимиз олдидаги вазифаларимизни адо қилаверайлик. Боламиз ўзининг беғубор тарозиси билан кимнинг ким эканлигини англаб етади. Аммо ҳар қандай баҳоналар билан болаларни оталик меҳридан маҳрум қилсак ҳам дунёда, ҳам охиратда маломатда қолиб кетамиз.
Отанинг тарбиясидан маҳрум бўлган болалар билан қуйидаги муаммолар вужудга келади:
- Мактабда ўзлаштириши паст бўлади, натижада балоғат ёшига етганда, спиртли ичимликларни истеъмол қилувчи, чекувчи, наркоман ва ҳаром йўлларга моил киши бўлиб ўсади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ота-онаси бор оилалардаги фарзандлар мактабда ўқиши осон ва ютуқларга тез эришади. Айниқса, бунда отанинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлашади, тадқиқотчи олимлар, чунки фарзанддаги Худо берган истеъдод ва қобилиятларни ривожланишига айнан отанинг таъсири катта экан.
Нима учун бора-бора отасиз катта бўлган болалар ўзини мана шунақанги ҳаром йўллар, ароқ ичиш ёки гиёҳванд истеъмол қилувчи бўлади? Чунки ҳар бир ичувчи киши одамлардан ўзидаги бир нарсани яшириш учун ичади. Отасиз катта бўлган болалар эса ўзининг қўрқувини, ўзига бўлган ишончсизлигини яшириш учун ичади.
قال - عليه الصلاة والسلام - : « حَقُّ الولدِ على الوالِدِ ، أنْ يُحْسِنَ اسْمَهُ ، ويُعلِّمهُ الكِتابَةَ ، ويزَوِّجهُ إذا بلَغَ و أن لاَ يَرْزُقَهُ إلا طَيِّبًا » .
“Фарзанднинг отадаги ҳаққи: ота боласига чиройли исм қўйиши, ўқиш ва ёзишни ўргатиши, болағатга етса уйлантириши ва ҳалолдан едириши”
- Отасиз ўсганларнинг айримлари ўсмирлик ёшида арзимаган нарсалар учун ўз жонига қасд қилишлик ҳолатлари кузатилади. Бристол университетининг олимлари аниқлашларича, ёшлигида отасиз ўсган қизларнинг 25% ида хафақонлик, ҳаётдан умидсизлик ва ўзини тўлақонли инсон эмас эканлиги ҳис қилиб юрар экан, ўғил болаларнинг 10% и эса шу ҳиссиётда бўлар экан.
Боланинг ҳаётида энг асосий бу ота-онанинг эътибори. Бу эътибор сабабли бола ҳар доим ўзини бехатар ҳис қилади ва ишонадики, агар мабодо бирор нарса қўлидан келмаса ҳам ота-онаси уни қўллаб-қувватлашини билади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : كُلُّكُمْ رَاعٍ ، وَكُلُّكُمْ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ
“Сизларнинг ҳар бирингиз бошқарувчидир ва ҳар бир қўл остингиздагидан сўраласизлар”
- Оталик ибратидан бебаҳра қолган фарзандлар ва оилада эркакнинг вазифаларини билмаганидан жуда кўп вақт оила қуришдан ҳадиксираб, уйланмай юришади.
وَابْنِ عَبَّاسٍ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " مَنْ وُلِدَ لَهُ وَلَدٌ فَلْيُحْسِنِ اسْمَهُ وَأَدَبَهُ ، فَإِذَا بَلَغَ فَلْيُزَوِّجْهُ فَإِنْ بَلَغَ وَلَمْ يُزَوِّجْهُ فَأَصَابَ إِثْمًا ، فَإِنَّمَا إِثْمُهُ عَلَى أَبِيهِ "
“Кимга Аллоҳ таоло фарзанд берса, чиройли исм қўйсин ва гўзал одобда тарбияласин. Вақтики фарзанд балоғатга етса, уйлантирсин (қиз бола бўлса турмушга берсин). Агар уйлантирмаса (ёки турмушга чиқармаса) ва шу туфайли фарзанди гуноҳ иш қилса, Аллоҳ таоло унга ҳам, отасига ҳам гуноҳ ёзади.”
- Отасиз ўсган болалар оналарига нисбатан қўпол ва дағал муносабатда бўлишади ва ҳаттоинки қўл кўтариш ҳолатлари ҳам кузатилган.
Айнан 15-20 ёш ўсмирлик даврдаги болаларга отанинг қаттиқ тартиб интизоми жуда зарур. Чунки ўсмир боланинг бўйи онасининг бўйи билан баробар, онанинг кучи энди болага етолмайди, натижада бола кучсиз онасини беписанд қилиб қўяди.
عَنْ مُسْلِمِ ابْنِ عَبْدِ اللَّهِ الْحَنَفِيِّ ، قَالَ : " بَرَّ وَلَدَكَ فَإِنَّهُ أَجْدَرُ أَنْ يَبَرَّكَ , فَإِنَّ مَنْ شَنَأَ عَقَّهُ وَلَدُهُ "
“Болангга яхшилик қил. Шунда у сенга яхшилик қилади. Ким ёмонлик қилса, боласи унга оққ бўлади”
Отанинг қарамоғида ўсган болалар отасиз катта бўлган болалардан кўра итоатли, ўзини бошқара оладиган, ўртоқлари олдида ўз ҳурматини йўқотмайдиган ва ўз ишларига жавоб бера оладиган бўлиб ўсади.
- Айниқса қиз болалар ўсмирлик даврида отанинг тарбиясига муҳтож бўлишади. Чунки қизининг мустақил ҳаётида отанинг вазифаси жуда катта. Ота вояга етган қизини уйдаги мустақил ишларини олқишлаб туришлиги, қизнинг келажак ҳаётидаги масъулиятини ва ўзига бўлган ишончини янада оширади.
Қиз бола отасидан алоҳида эътиборни талаб қилади ва доимо отасига суянади. Ота ҳам доимо қизининг ишларини ва фикрларини қўллаб-қувватлайди. Қизининг қобилиятларидан ва кўринишдан фахрланади. Бу билан ота қизининг келажакда рисоладагидек аёл бўлиб етишишига замин яратади.
عن أم المؤمنين عائشة رضي الله عنها قال فَقَالَ النَّبِيّ صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : مَنْ اُبْتُلِيَ مِنْ هَذِهِ الْبَنَات بِشَيْءٍ فَأَحْسَنَ إِلَيْهِنَّ كُنَّ لَهُ سِتْرًا مِنْ النَّار "
“Кимгаики Аллоҳ таоло қиз неъмати билан сийласа, сўнгра уларни чиройли тарбияласа, улар отаси учун дўзахдан парда бўлишади”.
Қизларнинг тарбияси, таълими ва маданияти ҳамда, яшаб, ўсиш учун зарур ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарздан фақат қиз турмушга чиққандан кейингина озод бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, оталик меҳридан айрилган қиз болалар руҳий касалликларга кўпроқ дучор бўлишар экан[2].
- Отадан маҳрум бўлган ўғил болаларда кўпинча аёллик хусусиятлар феъл-атворларида намоён бўлиб туради. Оилада ўғил фарзанд отасидан ҳар нарсада ўрнак олади. Шу билан бирга боланинг эркаклик хусусият отаси сабабли шаклланади.
Демак, бундан билинадики, фарзандлар олдида отанинг ўрни онадан кўра кам эмас. Ҳар бирини ўзинниг ўрни, ўзининг аҳамияти бор. Ота болаларни доимо ўзига ишонадиган, ғайратли ва масъулиятни ҳис қиладиган қилиб тарбиялай олади.
Муҳтарам ота оналар, фарзандларимизга бепарво, беэътибор бўлмайлик. Болалар бизларга “менга беэътибор бўлаяпсиз” деб айтолмайди. Чунки улар қалбидаги ички кечинмаларини тўла ифодалолмайди. Айниқса, болаларимиз 15-20 ёшларида оталарининг эътиборларига муҳтож бўладилар. Чунки бу пайтда улар жиддий бир суҳбатдош истайдилар, ўзларининг шахсий муаммоларини ечишда ва ўзларига тегишли бўлган сирларни сирлашишда. Бундай вазиятларда оталардан талаб қилинадиган ҳолат уларни тўла эшита билиш, тушуна билиш ва жиддий ҳолатларига жиддийлик билан жавоб бериш. Чунки ота-онаси билан суҳбатдош ва сирдош бўлган фарзанд ҳеч қачон ёмон йўлга бормайди.
Ҳақиқий эркак бўлиш учун, фақатгина ўғил бола бўлиб туғулишнинг ўзи кифоя эмас, эркаклик руҳини ота тарбиялаши лозим. Бу эса ота ўғил фарзандига фикрларига, ҳатти ҳаракатига эътибор қаратиши билан бўлади. Қиз бола эса келажакда турмуш ўртоғи билан муносабатларини отасининг унга бўлган муносабатига асосланиб қуради.
Ўзимизга бир эътибор берайлик уйга борганда неча минут болаларимизга вақт ажратаяпмиз. Уларнинг иймонлари қандай шаклланаяпти, тартиб интизомлари исломга мувофиқми, уларга тўлақонли меҳр улашиб билаяпмизми.
ҲИКОЯТ: Ишдан кеч қайтгач чарчаган ота эшикни олдида 5 ёшли ўғли уни кутаётганини кўрди.
“Дада, сизга бир савол берсам майлими?”
“Ха, албатта, нима савол экан?” жавоб берди ота.
“Дада, сиз бир кунда қанча пул ишлайсиз?”
“Тахминан 20 минг, нега сўраяпсан”, деди ота. Болакай бироз ўйланиб турди-да, секингина:
“Дадажон, менга 5 минг беролмайсизми?” деб сўради.
Ота ғазабланди. “Ёш бола бўлиб отангдан пул сўрайсан. Сенга пул нега керак?! Бор, дархол хонангга кириб жойингга ёт! Нима учун бунчалик эрка бўлиб қолибди”, дея ота ғўлдириганича ўзининг диванига чўзилиб олди.
Болакай индамай хонасига кириб кетди ва кетидан эшикни ёпиб қўйди. Ота ўтириб, ўғлининг берган саволини ўйлаб қолди.
Бир соатлардан кейин, ота тинчланди ва ўғлига қаттиқ гапириб қўйганига афсуслана бошлади. Балки у ростдан хам 5 мингга арзийдиган нарса олмоқчидир, ундан ташқари у мендан бирор марта пул сўрамаганди, деб ўйларди у. Ота ўғлининг хонаси олдига келиб эшикни очди.
“Ўғлим ухлаяпсанми?” секин сўради у.
“Йўқ дада, уйғоқман,” жавоб берди бола.
“Мен ўйладим, балки аввал сенга қаттиқ гапириб қўйгандирман”, бошлади ота.
“Бугун кун узун бўлди ва мен чарчаганим учун сенга озгина жахл қилиб қўйдим. Мана сен сўраган 5 минг.”
Бола ўрнидан турди ва қувонганидан “Рахмат дадажон!” деб қичқирди. Кейин у ёстиғини тагига қўлини тиқиб, бошқа ғижимланган пулларини чиқарди. Ота, ўғлининг берган пулидан ташқари пуллари борлигини кўриб, яна жахли чиқа бошлади. Болакай шошилмай пулини санаб, отасига қаради.
“Пулинг бор бўлса, мендан нега пул сўрадинг?” ҳайратланди ота.
“Чунки бор пулим етарли эмас эди, дада, лекин энди етарли,” жавоб берди бола.
“Дадажон, мана энди 20 минг пулим бор... эртанги кунингизни менга бағишланг”, деди.
ХОТИМА
Азизлар, ҳозир болаларимиз бизнинг меҳримизга, эътиборимизга муҳтож бўлиб турганларида ўзимизнинг меҳримизни, эътиборимизни аямайлик. Чунки эрта кексайиб уларнинг меҳрига, эътиборига муҳтож бўлганимизда улар ҳам биздан меҳрларини, эътиборларини аямайдилар!
سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ ، أَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلا أَنْتَ ، أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ
[1] Нисо 1
“Жўйбори калон” аёл қизлар
ўрта махсус ислом таълим муассасаси
ўқитувчиси Нозигул Ҳалимова
Izoh qoldirish