Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат йўқ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ота-онага яхшилик қилиш маъсият бўлмаган нарсаларда бўлиши лозимлиги ҳақидаги масаладаги асосий далиллар қуйидаги оят ва ҳадиси шарифлардир.
1. Аллоҳ таоло Анкабут сурасида айтади:
«Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик. Агар улар сенинг ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун ижтиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма. Қайтишларингиз Менгагинадир. Бас, сизларга қилган нарсаларингизнинг хабарини берурман» (8-оят).
2. Аллоҳ таоло Луқмон сурасида айтади:
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга мажбурласалар, уларга итоат этма! Ва бу дунёда икковлари суҳбатини яхши қил ҳамда Менга йўналганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, сизга нима амал қилганингизнинг хабарини берурман» (15-оят).
3. Ҳасандан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат йўқ», дедилар».
Ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Яъни бандани рози қиламан деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди. Мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун барча яхшиликларни қилиши матлуб. Аммо бу ишлар шариат кўрсатмаларидан заррача ҳам четга чиқмаслиги лозим. Акс ҳолда банда Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлиб қолади.
4. Юқорида келтирилган Саъд ибн Абу Ваққос ва у кишининг оналари ҳақидаги ҳадис.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Манба: ISLOM.UZ
Izoh qoldirish