28.10.2024

Диний багрикенглик-юксак фазилат

Ислом дини бағри кенг ва осонлик динидир. Чунки Аллоҳ инсонни худди шу табиат ила яратган. Соф табиатли инсон шиддат ва қийинчиликни ёқтирмайди. У доимо осонлик ва юмшоқликка мойил бўлади. Бу маънони таъкидловчи ҳужжат ва далиллар кўп. Аллоҳ таоло Ўз набиййига мурожаат қилиб дейди:

فَبِمَا رَحْمَةٍ مِّنَ اللّهِ لِنتَ لَهُمْ وَلَوْ كُنتَ فَظّاً غَلِيظَ الْقَلْبِ لاَنفَضُّواْ مِنْ حَوْلِكَ

Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар.[1]

Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарлар раҳмли, бағрикенг ҳамда шафқатли қилиб юборган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида энг шафқатли, энг меҳрибон ва энг раҳмдил, муомала борасида энг одобли, хулқ-атвор жиҳатидан энг оддий, ёмон ахлоқлардан энг узоқ киши эдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас, балки кечириб юборадиган бағри кенг эдилар.

Имом Аҳмад келтирган ҳадисда, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

فعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : كَانَ غُلَامٌ يَهُودِيٌّ يَخْدُمُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَمَرِضَ ، فَأَتَاهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعُودُهُ ، فَقَعَدَ عِنْدَ رَأْسِهِ فَقَالَ لَهُ : أَسْلِمْ !! فَنَظَرَ إِلَى أَبِيهِ وَهُوَ عِنْدَهُ ، فَقَالَ لَهُ : أَطِعْ أَبَا الْقَاسِمِ ، صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ . فَأَسْلَمَ ، فَخَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَقُولُ : ( الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَنْقَذَهُ مِنْ النَّارِ ) .

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир яҳудий бола хизмат қилиб юрар эди. У бемор бўлиб қолди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар. Унинг бош томонида ўтирдилар ва: «Мусулмон бўл», - дедилар

Шунда бола отасига қаради. Отаси ҳам унинг бош томонида турган эди. Ота унга: «Абулқосим (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га итоат қил!» - деди. 

Шунда у мусулмон бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Буни дўзахдан қутқарган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!» - дея чиқдилар».

Демак, яхшилик умиди бор, Исломга хайрихоҳлиги бор мушриклар, ғайридийнларни ҳам касал бўлганда кўргани бориш мумкин экан. Уларнинг Исломга кириб қолишидан умидвор бўлиш керак экан. Бемор пайтида кўнгиллари юмшаб, Аллоҳ таолони эслаб турганлигида Исломга чақириш ҳам мумкин экан.

Демак, бетоб ётган ғайридийнларни бориб кўриш дуруст эмас, деган фикрларнинг асоси йўқ экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар, яҳудий болани кўргани борганлар. Натижада ўша бола мусулмон бўлган экан. Мазкур яҳудий боланинг исми Абдул Қуддус бўлган.

Ҳанафийларнинг машҳур китобларидан бири бўлмиш «Дуррул Мухтор»да «Мусулмон зиммий яҳудий ёки насронийнинг беморлигини кўргани бориши жоиз. Чунки, бу уларнинг ҳаққида яхшиликнинг бир туридир. Биз бундан наҳй қилинмаганмиз. Шунингдек, мажусийни кўргани бориш ҳам жоиз», дейилган.

Ислом тенгҳуқуқлик дини, энг бағрикенг дин эканини исботлашнинг ҳечам ҳожати йўқ. Чунки ислом тарихига назар солиб уни инсоф билан ўрганадиган ҳар бир ақилли, фаросатли киши бу гапнинг қанчалик даражада тўғри эканлигини кўради. Худди ана ўша тенгҳуқуқлик ва халқчиллик энг аввало эътиқод ва ибодат масаласида намоён бўлади.

Бағрикенглик дегани – бу аҳли китоблар билан, яъни яҳудий ва насронийлар билан яхши муомала қилиш, қўшничилик қилиш оддий инсоний ва ахлоқий масаларда хайрихоҳлик кўрсатиш деб кўп эшитганмиз. Аммо, биз мусулмонлар аввало ўзимизнинг эътиқодимизга, динимизга ҳам бағрикенг бўлайлик.

Имом Дайламий келтирган ҳадисда, Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим:

عَنْ عَمْرِو بْنِ عَبَسَةَ , قَالَ : قُلْتُ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَا الإِيمَانُ ؟ قَالَ : " الصَّبْرُ وَالسَّمَاحَةُ " . 

“Ё Расулаллоҳ, иймон нима?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “Сабр ва бағрикенгликдир”. 

Бу ҳадисни буюк тобиъинлардан Ҳасан Басрий шундай шарҳлайдилар: “Сабр бу гуноҳдан сақланишдаги сабр ва бағрикенглик эса бу Аллоҳ таолонинг буюрган фарзларини адо этишликдаги бағрикенгликдир”

Демак, биз аввало ўз динимизга нисбатан бағрикенг бўлишимиз лозим. Агар биз ўз динимизни севсакгина бошқа дин вакилларини ҳурмат қиламиз. Агар биз Аллоҳ ва Унинг Расулига хиёнат қилмасакгина, бошқаларга хиёнат қилмаймиз, Ватанга хиёнат қилмаймиз. Аввало биз ўз динимиз Ислом динини севишимиз, унга муҳаббат қўйишимиз керак.

“Жўйбори Калон” аёл қизлар 

ўрта махсус ислом таълим 

муассаса мударриси 

Жамол Мавлонов


 

[1] Оли Имрон 159

Izoh qoldirish