22.05.2024

ХАЖ ВА УМРАДА ЖОНЛИҚ СЎЙИШ ВА САДАҚА БЕРИШНИ ТАЛАБ ҚИЛУВЧИ БАЪЗИ АМАЛЛАР

Эҳромдаги киши:


– Арафотда тургандан кейин аёлига яқинлик қилса;
– фарз (ифоза) тавофини жунуб ҳолида бажарса. Бу ҳолларда бир туя ёки бир мол сўйиш вожиб бўлади.


Агар эҳромдаги киши: 


– юзи, қўли каби тўлиқ бир аъзога хушбўйлик суртса;
– тикилган нарсани бир кун ёки бир кеча кийиб юрса;
– бошини тўлиқ бир кун ёпиб юрса;
– бошининг тўртдан бир сочини (ва кўпроғи) ёки бир аъзосининг тўлиқ тукларини олса;
– бир қўли ёки бир оёғидаги ёки барча бармоқларидаги тирноқларини бир жойда олса;
– бетаҳорат фарз тавофини ёки жунуб ҳолида бошқа тавофларни бажарса;
– вожиб бўлган бир амални ёки унинг кўпроқ қисмини бажармаса (масалан, Муздалифада турмаса, тавофи садрдаги еттита айланишдан тўрттасини бажармаса, тош отишни қилмаса ёки
бир кунлик ва ундан кўпроғини тарк этса);
– бир амални бошқасидан олдин қилса (масалан,тош отишдан олдин соч олдирса);
– фарз бўлган амални ҳайит кунларидан кечиктирса;
– тавоф пайтида авратнинг тўртдан бири очилиб қолса-ю, қайта тавоф қилмай Маккадан чиқиб кетса.

Бу ҳолатларда бир қўй сўйиш вожиб бўлади.


– Агар юқоридаги қисмда айтилган амаллардан озроғини қилса, (масалан, бир аъзосининг маълум бир озроқ қисмигагина хушбўйлик суртса ва ҳоказо);
– фарз бўлмаган тавофни таҳоратсиз қилса (масалан, қудум, вадоъ ва умра тавофлари);
– бир кундан озроқ вақт бош кийим ёки тикилган кийим кийса;
– вожибдан оз қисмини қилмаса (масалан, садр тавофи ёки саъйдан етти маротаба айланиш керак бўлса-ю, уч ва ундан озини қилмаса);
– бошқа бир кишининг соч-соқоли ёки тирноқларини олса.
Бундай ҳолларда ярим соъ (бир соъ – 2,176 кг) миқдорида садақа қилади. 
Аъзосига хушбўйлик суртса ёки сочини узр билан олдирса, бир қўй сўяди ёки олтита мискинга (ҳар бирига уч соъ буғдой пули миқдорида) садақа қилади ёки уч кун рўза тутиб беради. Чаён, илон, сичқон, қопағон ит, чивин, бурга, кана, ола қарға, калхат, тошбақа ва ҳужум қиладиган йиртқичларни ўлдиргани учун ҳеч қандай жонлиқ сўйиш ҳамда садақа бериш лозим бўлмайди.

Izoh qoldirish