07.05.2024

Бева аёлнинг ажри

Аёл турмуш қуриб, фарзандли бўлиб кейин тақдир тақазоси билан эри вафот этса, аёл бева бўлиб қолади. Аёлнинг тул бўлиб қолиши ҳаётида кўпгина қийинчикларга сабаб бўлади. Биринчи ўринда оила боқишдаги нафақа туради. Эридан қолган етим болалар нечта бўлса, унинг қийинчиликлари шунчага кўпаяди. Етим болаларининг озиқ-овқати, кийим кечаги, турли хил эҳтиёжларни қондириш учун анчагина маблағ топиши керак бўлади. 

Ундан ташқари фарзандлари улғайган сари тарбиядаги ота ўрни кўриниб бораверади. Бева аёл ташқаридаги ҳаётий муҳитни тўлалигича англай олмаганлиги ва эркак кишидек қаттиқ қўл бўла олмаганлиги боис болаларини тарбиялашда бир мунча муаммоларга дуч келади. Ожиза ўз аржумандларини ташқи муҳитдан ҳимоя қилишда эркак кишининг қанчалик неъмат эканлигини ҳис қилади.

Тул аёлнинг бошида нафақат фарзандларининг муаммолари, балки бу дунёда яшаши учун ўзига яраша эҳтиёжлари ҳам бор. Бемор бўлганидаги муолажалар, пул топишдаги муаммолар, ғаламис одамларнинг бадназарлигидан қутулиш, ғийбатчиларнинг бўҳтону туҳматидан ўзини асраш каби қийинчиликларни енгиб ўтиши керак. Шунинг учун Исломда бундай ғам-ташвишларни енгиб, фарзандларини уйли-жойли қилган онаизорга улуғ мақом ваъда қилинган.

Имом Дайламий келтирган ҳадисда: Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «ثَلَاثَةٌ فِي ظِلِّ العَرْشِ يَوْمَ القِيامَةِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهِ، وَاصِلُ الرَّحِمِ يَزِيدُ اللهُ فِي رِزْقِهِ وَيَمُدُّ لَهُ فِي أَجَلِهِ، وَامْرَأَةٌ مَاتَ زَوْجُهَا وَتَرَكَ عَلَيْهَا أَيْتَامًا صِغَارًا، فَقَالَتْ: لَا أَتَزَوَّجُ أُقِيمُ عَلَى أَيْتَامِي حَتَّى يَمُوتُوا أَوْ يُغْنِيَهُمُ اللهُ، وَعَبْدٌ صَنَعَ طَعَامًا فَأَضَافَ ضَيْفَهُ وَأَحْسَنَ نَفَقَتَهُ فَدَعَا عَلَيْهِ اليَتِيمَ وَالمِسْكِينَ فأَطَعَمَهُمْ لِوَجْهِ اللهِ عَزَّ وَجَلَّ» 

Аллоҳ таоло уч кишини Арш соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур: 

  1. Қавму қариндошидан хабар олиб турувчи, унинг ризқи кўпаяди ва умри узаяди
  2. эри ўлган аёлки, унинг бошига эри етим сағираларни қолдирган. У аёл дейди: Бу етимларимни катта қиламан то ўлгунимча ёки Аллоҳ уларни бой қилгунича турмуш қурмайман 
  3. бандаки (ҳалол меҳнат қилиб) пул топади. Сўнг меҳмонига зиёфат беради ва нафақани чиройли сарф қилади, ҳамда етим мискинларни чақириб зиёфат беради” 

Ушбу ҳадиси шарифда қиёмат кунидаги маҳшарда мақоми улуғ уч тоифа инсон зикр қилиняпти. Ҳаёт қийинчиликларга сабр қилиб, етим болаларини қаровсиз қолдирмай, улғайтирган она нафақат маҳшарда, балки жаннатда ҳам барча ҳавас қиладиган мартабада бўлади.

Имом Бухорий келтирган ҳадисда: Абдурраҳмон ибн Авф розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ‏:‏ أَنَا وَامْرَأَةٌ سَفْعَاءُ الْخَدَّيْنِ، امْرَأَةٌ آمَتْ مِنْ زَوْجِهَا فَصَبَرْتَ عَلَى وَلَدِهَا، كَهَاتَيْنِ فِي الْجَنَّةِ‏.‏

Мен ва эридан бева қолиб, юзи сарғайган, боласига сабр қилган аёл жаннатда мана бундаймиз”, - деб бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар”.

Албатта, бу гап, эридан ажраган аёл турмуш қилмаслиги керак, боласи билан қолган бўлса, дунёдан шундай ўтиб кетиши керак дегани эмас. Бу ерда ўша боланинг аҳволига қаралади.

Агар турмуш қурса, бола ночор қолиб, тарбияси бузулиб, хор-зор бўлиши хавфи бўлса, аёл киши ўзини қурбон қилиб бўлса ҳам боланинг тарбияси билан машғул бўлиб, эрга тегмай юриши керак.

Агар турмуш қурса, болаларининг хор-зор бўлмаслигидан, тарбияси бузилмаслигидан кўнгли тўқ бўлса, албатта эрга тегиб, болаларини тарбия қилиши афзал бўлади.

Имом Абу Яъло келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسل: أنا أولُ من يفتحُ بابَ الجنَّةِ ، إلا أنَّ امرأةٌ تُبادِرُني ، فأقول لها : ما لَك ! ومن أنتَ ؟ فتقول : أنا امرأةٌ قعدتُ على أيتامٍ لي

Жаннатнинг эшигини биринчи бўлиб мен очаман, аммо бир аёл мендан ўзиб кетади. Сўнгра мен унга: “Нима қиляпсан, ким сан?”, деб сўрасам. У: “Мен етим болаларим билан бева қолган аёлман”, деб жавоб беради”.

Жаннатда пайғамбарлар билан беллашадиган бева аёлларни бу дунёда иззат-икром қилиб, улардан яхшилигимиз аямайлик. Шоядки, билиб-билмай қилган маъсиятларимизга каффорот бўлса, айниқса, етим болаларнинг кўнглини овлаш борасида муждаларни кўп биламиз. Аллоҳ барчамизни холис хайрли амалларга муваффақ қилсин!

“Жўйбори Калон” аёл қизлар 

ўрта махсус ислом таълим 

муассаса мударриси 

Жамол Мавлонов

 

Izoh qoldirish