Мусҳафларни ёзиш ва нашр қилиш тарихи
Қуръони каримни жамланиш тарихида китобат – ёзиб қолдириш ўзига хос ўрин тутган. Оятларни ёзиб олиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврлариданоқ бошланган, котиб саҳобалар ҳар бир оятни нозил бўилиши билан кечиктирмай ёзиб олишга катта эътибор беришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Қуръонга бандалар сўзи аралашиб қолмаслиги учун Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олмасликни буюрганлар.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида эса тарқоқ саҳифалардаги оятлар бир бутун ҳолга – Мусҳаф шаклида ёзиб қолдирилган. Бу жамлашда бош котиблик вазифасида бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу фақат оғзаки тиловат билан кифоянмадилар, балки, эшитган ҳар бир оятларни мавжуд битикларга солиштириб, оғзаки тиловат ёзувдаги билан мос келиб, тасдиғини топса, Мусҳафга қўшардилар. Бу ҳолат ҳам Мусҳаф тарихида ёзишни нечоғли юқори аҳамият касб этишини кўрсатади.
Абу Ҳакима ал-Абидий айтадилар: “Мен Куфа шаҳрида хаттотлар билан биргаликда Мусҳафни кўчирар эдим. Кунлардан бирида Алий розияллоҳу анҳу биз кўчирган нусхалардан бирини кўрдилар ва бизнинг ёзгани хатимиз у зотни жуда ажаблантирди, шунда “Аллоҳ нурлантирган нарсани (Мусҳафни) мана шундай нурлатаверинглар”, бошқа бир ривоятда “Аллоҳ таоло бунга (Мусҳафга) нур бергани каби сизлар ҳам нурлантиринглар” дедилар”.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ёзиб, катта шаҳарларга тарқатилган Мусҳафлар эса, кейинги авлод хаттотлари учун Мусҳафлар кўчириб тарқатишларига асосий манбаа бўлиб хизмат қилди. Ўша замонларда Мусҳафлар қўл меҳнати билан кўчирилган
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг набиралари Алий Зайнулобидин айтадилар: “Мусҳафлар варағи кетма-кет (бир-бирига боғланган, уланган) бўлмас эди, кимда Мусҳаф бўлса масжид минбарини олдига келиб, “Ким хоҳласа мендан кўчириб олсин” дер эди. Хоҳловчилар келиб ундан бир саҳифа, бир саҳифа қилиб Мусҳафни охиригача кўчириб олишар эди”.
"Жўйбори Калон" ўрта махсус таълим муассасаси ўқитувчиси Н.Халимова
Izoh qoldirish