ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ ОДОБЛАРИ
🔸Аввало ниятни тўғри ва мақсадли қилинг. Расул алайҳиссалом: «Албатта амаллар ниятга боғлиқдир», деганлар (Имом Бухорий).
🔸Умр қисқалиги, вақт ғаниматлигини унутманг! Улуғлар: “Вақт қилич кабидир. Агар сен уни кесмасанг, у сени кесади”, деганлар. Барча муваффақиятлар калити вақтнинг қадрига етишдадир.
🔸Ким билан дўст бўлаётганингизга эътибор беринг! Набий алайҳиссалом: “Киши дўстининг динида бўлади. Сизлардан бирингиз бир киши билан дўстлашишмоқчи бўлса, (унга) яхшилаб қарасин”, деганлар.
🔸Дуч келган, ўзингиз танимаган одамлардан илм олишдан сақланинг. Динингизни қайси манбадан, кимлардан олаётганингизга эътибор беринг. Муҳаммад ибн Сирин айтади: «Илм – диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар».
🔸Ҳар бир ўқиладиган, кўриладиган ва эшитиладиган нарсаларнинг барчаси динимиз рухсат берган нарсалар бўлиши керак. Одамлар кўрмаса ҳам, Аллоҳ кўриб турганини эсдан чиқармаслик лозим.
🔸Ўзгалар билан яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилиш ҳамда ёмонлик ва душманликда ҳамкорлик қилмаслик зарур. Аллоҳ таоло айтади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» (“Моида” сураси, 2-оят).
🔸Ижтимоий тармоқлардаги материалларга «лайк» босиш ёки “улашиш”дан эҳтиёт бўлинг. Агар сиз «лайк» босаётган ёки улашаётган чиқишларда ман этилган материаллар бўлса, уни бошқаларга тарқалишига сабабчи бўласиз. Бундай иш билан ўзингиз ва яқинларингиз ҳам эътиқодий ҳам жиноий хатарга қўйманг!
Izoh qoldirish