Ватан ҳимояси йўлида фидоий бўлайлик!
Аллоҳ таоло барчаларимизга беҳисоб неъматлар берган. Мана шу неъматлар ичида энг улуғларидан бири албатта, тинчлик ва осойишталик неъматидир. Бу дунёда ғуруримизни оширувчи, иймон-эътиқодимизни мустаҳкамловчи, кўзимизга тўтиё этиб яшайдиган муқаддас саждагоҳимиз Ватандир. Бу тушунча шундай азизки, ҳаёт йўлларида оғир, синовларда куч-қувват ато этиб, мардлик ва жасоратга ундайди.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни улуғ айёмлардан бири сифатида миллий байрамимизга айланган.. Ватан ҳимоячиси бўлиш шарафли бурчдир. Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, обрў номусини, иймонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, иймонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. .Улуғларимиз таъкидлаганларидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Ватанни қўриқлаш жуда қийин ва масъулиятли вазифа бўлиши билан бир қаторда, ўзига яраша катта ажр-савобли иш ҳамдир. Муқаддас Ислом шариати Ватан ҳимоясига камарбаста бўлган мард ўғлонларни алоҳида қадрлайди. Жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб марҳамат қилганлар: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”.
Шундай экан, ҳар биримиз бу дунёга жаннат умидида келар эканмиз бизга берилган тинчлик, осойишталик каби буюк неъматларни қадрига етиб Аллоҳ йўлида Ватан деб аталмиш қадрли масканимизниасраб-ардоқлаш, ҳимоя қилиш йўлида фидоий бўлайлик.
Жўйбори Калон аёл-қизлар ислом таълим
муассасаси маънавият ва маърифат ишлари
бўйича директор ўринбосари: И.Уста-Алимова
Izoh qoldirish