17.02.2021

Икки маййит муҳокамаси

Жаҳолатга қарши маърифат билан

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ахборот хуружлари, турли адашган оқимларнинг бузуқ ақида ва ғоялари таҳдид солиб турган бугунги кунда соф эътиқодимизни асраш, ёт ғояларга қарши тура олиш учун исломий илмлар, айниқса, Фиқҳ ва Ақоид илмларидан хабардор бўлишнинг муҳимлиги борасида муҳтарам уламоларимиз ҳаётларида гўзал ибратларни кўришимиз мумкин.

Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ аҳли қибла борки, мўъмин санар эдилар. Фарзлардан бирини тарк қилмоқ инсонни иймондан чиқармайди, тарки фарз сабабли мўъмин гуноҳкор бўлади, лекин иймондан айрилмайди, яъни иймонсиз бўлмайди, дер эдилар.

Хорижийлар эса бу ҳолни иймонсизлик деб, ҳисоблаб, намоз ўқимаган, рўза тутмаган кофирдир, дейди.

Бу икки зид фикр бир кун тўқнашди. Хорижийлардан бир тоифа қўлларида қилич билан Имом Аъзамнинг масжидларига келиб:

- Эй, Абу Ҳанифа, сендан иккита савол сўраймиз, жавоб берсанг омон қоласан, бўлмаса ўлдирамиз, - дейишди.

- Эшитиб, сўнгра ўйлаб кўрамиз, - дедилар улуғ Имом.

Масжид қошига икки маййит келтиришди. Бири шаробдан, иккинчиси зинодантавбасиз ўлганлигини айтиб,

-Булар мўъминми ёки кофирми? – деб сўрашди.

- Улар яҳудийми? - сўрадилар Имом Аъзам.

- Йўқ, - дейишди.

- Улар насронийми? – яна сўрадилар Имом. Яна “Йўқ” дейишди.

- Улар мажусийми?

“Йўқ” жавоби берилди.

- Унда булар қайси миллатдан? - деб сўрадилар Имом Аъзам.

Хорижийлар ихтиёрсиз:

- Мусулмон эди, - дейишди.

- У ҳолда, ўз саволингизга ўзларингиз жавоб бердингиз, - дедилар Имом Аъзам хотиржамлик билан.

- Қандай қилиб жавоб бердик? – деди хорижийлар ҳайратланиб.

Модомики, мусулмонлигига иқрор этар экансиз, қандай қилиб, кофир қаторига қўшасиз? – дегач, улуғ олим қаршисида сукут сақладилар ва бир оздан сўнг:

- Хўп, майли, булар жаҳаннамга кирадими? – деб сўрашди хорижийлар.

- Иброҳим алайҳиссалом бу иккисидан ҳам оғирроқ гуноҳ қилганлар ҳақида: “Менга тобе бўлганлар бандаларингдир, менга исён қилганлар учун ҳам ўзинг Ғофур ва Роҳиймсан” деганлар.

Ийсо алайҳиссалом ҳам “Ё, Раббий, агар Сен уларга азоб берсанг, улар қулларингдир, агар мағфират қиладиган бўлсанг, ўзинг Азимушшаън, Азиз ва Ҳакимсан” деганлар.

Имом Аъзам шу ерда бир оз сукут сақладилар. Кейин хорижийларга қараб:

- Мен ҳам у зотлар айтганига қўшиламан, - дедилар.

Хорижийлардан кўплари бу жавобни эшитгач, ботил мазҳабларидан қайтиб, тавба қилдилар.

Буюк мазҳаббошимиз жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда биз мўъминларга ана шундай ибрат кўрсатдилар.

“Жўйбори Калон” ДТМ

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Н.Амонова

Izoh qoldirish