16.12.2023

Жаброил ҳадиси

Ривоят қилади Умар ибнул Хаттоб, 

Росул олдиға келди бир юзи махтоб. 

Келгинди эди у, шаҳримиздан йироқ, 

Сафар аломати ҳам билинмас бироқ 

Унинг сочи қора эди либоси баёз, 

Савол бериб сўради: “Эҳ маҳрами роз, 

Хабар беринг менга надур Ислом, 

Шоҳи меърож жавоб берди ўшал он. 

Калимаи шаҳодатдур тақи салот, 

Рамазон рўзаси-ю ҳаж ва закот. 

Деди: Ори тўғридур Эй Соҳиби Қуръон,

Унинг бул жавобидин бўлдик ҳайрон. 

Давом этиб сўровчи саволин боз, 

Деди: “Иймон надур Эй Сидра парвоз. 

Марҳамат қилдилар Хотамур Русул, 

Оманту биллаҳи, малаикатиҳ ва русул. 

Аллоҳнинг китобларига келтир иймон, 

Қиёмат ҳақлиғига, тақдирга айзон. 

Боз тасдиқлаб жавобин бўлдик ҳайрон,

Деди: “Эй Муҳаммад, надур эҳсон 

Роббингни кўргандек қилғил ибодат, 

Гарчи сен кўрмасангда кўрур Ул албат. 

Деди: яна қиёматдан берсангиз хабар,

Деди: сўровчи сўралмишдан авлороқ билар. 

Қиёматга яқин чўри хожасин туғар, 

Уй қуришда фақир бир биридин ўзар. 

Ул нотаниш сўнг бирон сўз демай, 

Бурилиб кетти из ҳам қолдирмай. 

Сўровчи кимлигини билдингми, Умар, 

Дедим: Аллоҳ ва Унинг Росули билар. 

Деди: ул Жаброилдир ҳозиқ муаллим, 

Динингиздан истабди бермоқлик таълим.  

 

“Жўйбори Калон” аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим 

муассаса мударриси Жамол Мавлонов

Izoh qoldirish