25.09.2023

ИМОМ БУХОРИЙГА ОНАСИНИНГ НАСИҲАТИ

 

— Ўғлим, устозингизни илмидан, тақвосидан ва унинг гўзал одобидан таълим олинг. Қулоқларингиз устоз оғзидан чиқаётган дарсни тингласа, кўзларингиз унинг одоби, оғир вазминлиги, одамларга бўлган муомаласини кузатиб сабоқ олсин. Бугун ўқиган бир варағингиз сизни яхши томонга ўзгартирса, иккинчи варағини очиб ўқинг. Агар биринчи варақ сизнинг иймонингизни, тақвойингизни ва одобингизни зиёда қилмаса, асло иккинчи вараққа ўта кўрманг. Фойдаси кам, зиёни кўп бўлур.
Аллоҳ учун ўқинг. Шаҳарда ном чиқараман, тенгдошларимни ортда қолдириб, ҳаммадан олдин бўламан, давралар тўрида ўтираман, одамлар диққатини ўзимга қаратаман, кимларнидир гап билан ўсал қиламан, деган мақсадда ўқиманг. Буларнинг бари шуҳратпарастлик дейилади. Шуҳратпарастлик одам ичига беркинган юқумли балодир. Иймони заиф, эътиқоди суст кимсаларга тез юқадиган вабодир. Шуҳратпарастлик ихлосга зиддир. Фикрингизни дунё ташвишлари билан чалғитманг. Сизнинг ёшингизда илм таҳсилидан ўзгаси дуруст бўлмас.

БУХОРИЙ:
— Хўп бўлади онажон. Сизнинг қимматли ҳар ўгитингиз мен учун йўлчи юлдуздир. Биҳамдилиллааҳким, сизнинг панд-насиҳатингизни олиб асло кам бўлган эмасман.
— Аллоҳ тани жонингизни соғ, ризқингизни мўл қилсин, илоҳим манфаатли илм ато қилсин.
— Айтганингиз келсин онажон. Сизга ҳам Холиқи яктодан соғлик-саломатлик, офият тилайман. Худованди карим сизга узоқ йиллар хизмат қилишимни насиб этсин.
— Ўғлим...
— Лаббай онажон.
— Жавонингизга янги оқ кийим қўйиб эдим, уни киймай яна сиёҳ теккан кўйлакни кийиб олибсизда.
— Ҳечқиси йўқ онажон. Абдуллоҳ ибн Муборак "аҳли илмлар кийимидаги сиёҳни куёвлар кийимидаги зийнат" деб айтган эканлар. Суфён Саврий "Сиёҳ (аҳли илм учун) катта сармоядир" деб айтганлар.
— Ундоқ бўлса "куёв" ўғлим, сармоянгизнинг кўпроғини манфаъатли ишларга, яъниким дафтарингизга сарфлаб, озроғини кўйлагингизга чапланг, тоинки "сармоянгиз" тоғорада чириб кетмасин, - деди онаси ўғлининг ҳазиломуз айтган чин гапларига ҳазил мутойиба тариқасида ва хижолатдан ёноғи қирмизи тусига кирган ўғлини мадрасага кузатар экан, уни ҳижолатдан қутқариб ширин табассум ила хайрлашди.
— Сўзингиз чин ўғлим, эркакларнинг безаги сиёҳдир.


"من خدم المحابر خدمته المنابر"
 

"сиёҳдонларга хизмат қилганларга минбарлар хизмат қилгай". Хайр энди, яхши ўқиб келинг.
— Лутф этдингиз онажоним, миннатдорман. Устоздан рухсат бўлган ҳамоно ёнингизга чопгайман, хайр.

"Ўн бир ёшли ворис" китобидан.

Тайёрлади: 3-курс талабаси Туробова Фотима 

Izoh qoldirish