Имом Мотуридийнинг издошлари
Абул-Муъин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Макҳул Абил-Фазл ан-Насафий. 438 ҳ. да туғилиб, 508 ҳ. йилда вафот этган. Устозлари номаълум. Шогирдлари - Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий, Маҳмуд ибн Аҳмад ас-Соғаржий, Абдур-Рашид ибн Аби Ҳанифа ал-Валволижий. Имом Ғаззолий билан Боқиллоний ашъария ақидасининг энг машҳур ташвиқотчилари саналганидек, Абу Муъин ан-Насафий мотуридия ақидасининг энг йирик намояндаларидандир. Китобларидан «Табсиратул-адилла», «Баҳрул-калом», «Тамҳид», «Маноҳижул-аимма» ва бошқаларни мисол келтириш мумкин.
Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Нажмиддин ан-Насафий. Насафда 461 ҳ. йилда туғилиб, 537 ҳ.й.да вафот этган. У 550 нафар йирик устозлардан дарс тинглаган. Улардан Абул-Йуср Паздавий, Абдуллоҳ ибн Али ибн Исо ан-Насафий, Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Ҳасан ас-Самарқандий, Али ибн Ҳасан алМотуридийларни мисол келтириш мумкин. Устоз ва шайхлари тўғрисида алоҳида бир китоб ҳам таълиф этган. Шогирдларидан — ўз ўғли Абул-Лайс Аҳмад ибн Умар, Муҳаммад ибн Иброҳим Тўрпуштий, Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Ақилий ва бошқаларни зикр этиш мумкин. У юзга яқин асарлар ёзган. «Ат-тайсир фи тафсирил Қуръон», «Шарҳи Саҳиҳи Бухорий», «Ал-акмал ал-атвал фит-тафсир», «Китобул-қанд фий уламои Самарқанд», «Тарихи Бухоро», «Ал-ақоид ан-насафия» рисоласи кичик ҳажмда бўлишига қарамай, ҳозирги кунгача ақида фанида энг машҳур қўлланма вазифасини бажариб келаётир.
Абул-баракот Ҳофизуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд ан-Насафий. Насаф шаҳрида туғилиб, 701 ҳ. йилда вафот этган. Машҳур асарлари — «Мадорикут-танзил» тафсири, фиқҳга доир «Канзуд-дақоиқ» китоби, «Ал-Вофий» ва «Ал-Кофий» ва бошқалар.
Аҳмад ибн Аби Бакр Нуриддин ас-Собуний ал-Бухорий 580 ҳ. йилда вафот этган ва Бухородаги «Етти қози» қабристонига дафн этилган. Муҳаммад ибн Абдис-Саттор ал-Кардарий унинг шогирдидир. Китобларидан «Ал-Ҳидоя фи илмил-калом» ва унинг шарҳи диққатга сазовордир.
Муҳаммад ибн Абдил-Воҳид ибн Абдил-Ҳамид ибн Масъуд ибн Ҳамидиддин ибн Саъидиддин (ал-Камол ибн ат-Ҳумом) ас-Сивосий ал-Искандарий ал-Қоҳирий ал-Ҳанафий. 788 ёки 780 ҳ. йилда туғилиб, 861 ҳ. йили Қоҳирада вафот этган, исломий фанларнинг аксариятида имтиёз ҳосил қилган. «Ал-Ҳидоя» китобини Сирожиддин Умар ибн Али (Қорил-Ҳидоя) да ўқиган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийдан ҳадис тинглаган. Ақлу заковатда устозларини ҳам лол қолдирган. Асарлари кўп. «Ал-Ҳидоя»га ёзган «Фатҳал-Қадир» номли шарҳи йирик тўққиз жилддан иборат бўлиб, у Камол ибн Ҳумомнинг шоҳ асари ҳисобланади. «Ал-Мусояра» китоби мотуридия ақидасига доир бўлиб, энг муҳим манбалардандир.
Таълим муассасаси ўқитувчиси А.Жамилова
Izoh qoldirish