“Абру баҳор” санъати
«Абру баҳор» қоғозни бадиий безаш усули саналади. Форс тилидан олинган мазкур атама «Баҳор булутлари» маъносини билдиради. Қадимий китобларда бу санъатнинг ажойиб намуналарини учратиш мумкин.
- ЎзФАШИ, Бухоро Давлат музей қўриқхонаси юртимиз кутубхоналари ва мезейларида сақланиб келинаётган қўлёзма асарлари, миниатюралар, нафис нақшларга бой қўлёзма китоблар, қитъалар шу кунгача мухлисларни мафтун этиб келмоқда. Шарқда, хусусан, Мовароуннаҳрда хаттотлик ва китобат санъатида китоб безаш, хаттотлик ҳамда миниатюра санъати кенг ривожланган. Ўтмиш усталарининг юксак маҳорат билан яратган асарлари ўзбек миллий маънавий маданиятининг бой бадиий меросидан дарак беради. Китобнавислик устахоналарида уста санъаткорлар ҳар бир асарнинг мазмунига қараб дастхат танлаганлар, китоб юзи ҳамда ички варақларини чиройли, бадиий безаш учун изланишлар олиб борганлар. Шу изланишлар натижасида санъатда янги услуб “абру баҳор” қоғозни бўяш усули (техникаси) вужудга келди. Тарихий маълумотларда, абру баҳор дастлаб Бухорода ҳазрат Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389) каби шайх-ул-машойих томонидан тасаввуф илмини янги фикр ва қарашлари билан XIV асрда ихтиро қилинган. У киши ҳунарманд мато тўқувчи Муҳаммад Жалолиддин оиласида таваллуд топиб, ушбу ишларда доимо оталарига қарашиб турганлар. Кейинчалик ушбу тўқилган матоларга ҳар хил рангдаги гулларни нақш қилиб босишни ихтиро қилганлар. Аждодларимиз «Абру баҳор» қоғозини тайёрлашда сув бўёқдан фойдаланишган. Суюқлик устидаги ранглар жилоси баҳор булутларидек мусаффо, тоза ва ранг – баранг шакллар ҳосил қилгани учун бу усулга қадимда шундай ном берилган, - дейди Бухоро шаҳридаги «Абру баҳор» тасвирий санъат маркази раҳбари, Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси Раҳим Ҳакимов. - У азал – азалдан китобнавислик санъатида ишлатилган ва ҳозиргача ўз моҳиятини йўқотган эмас. Бу усул китобни мазмунан бойитиш, китобхонни ўзига жалб қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этган.
Мутахассислар «Абру баҳор»нинг ватани қаерда, деган масалада турли фикр – мулоҳазалар билдиришади. Улар орасида «Абру баҳор» Бухорода туғилиб, Эронда равнақ топган, Туркияда яшаб қолган», деган тахминни илгари сурганлар ҳам оз эмас. Агар Туркияда у гуллаб – яшнаётгани инобатга олинса, бу гапда жон бор, деган фикрга борасан, киши. Абру баҳор» қоғозини тайёрлаш ўта синчковлик, нозик дид ва маҳорат талаб қиладиган жараён саналади. Унинг ўзига хос технологияси бор. Машҳур хаттот Мир Имдод Бухорода яшаган кунларида “Абру баҳор” услубида бўялган қағозларни таърифлаб гўзал қўлёзмаларидан бирида шундай деб ёзиб қолдирган:
Абр бояд, ки ба саҳро борад, Зи чи он ҳосил, ки ба дарё борад. Мекунад обила рўйи дарёро, Медиҳад лолау гул саҳроро
Тaржимаси:
Булут ёғар бўлса , ёғсин саҳрога, Не ҳосил ундаки, ёғса дарёга? Дарёнинг юзида ясагай ҳубоб. Саҳрони айлагай гулларга сероб.
Юртдошимиз Раҳим Ҳакимов «Абру баҳор»нинг тамоман янги замонавий йўналишини яратган ижодкор саналади.
- Иш жараёни бир – бирига ўхшаш, - дейди рассом. - Аммо фарқли жиҳатлари ҳам кўп. Қадимий усулда сувга китра яъни бутасимон ўсимлик шираси қўшилиб ёки гулқоғозни деворга ёпиштиришда ишлатиладиган елим аралаштирилиб қуюқ ҳолатга келтирилади. Биз таклиф қилаётган усулда сувга ҳеч нарса қўшилмайди. Биринчи усулда сувда эрийдиган бўёқлар, иккинчисида эса мой бўёқлар ишлатилади. Иккала усулда ҳам сув устидаги рангларга тоза қоғозлар бостириб олинади. Кейин улар обдан қуритилади. Бизнинг усулда босмадан чиққан қоғозларда тасвирий санъат асарлари яратиш имконияти кўпроқ. Айтиш жоизки, Раҳим Ҳакимов «Абру баҳор»нинг замонавий усулидан фойдаланиб, самарали ижод қилмоқда. Унинг «Умар Хайём», «Тушдаги парвоз», «Сирли учрашув», «Пир», «Мозийдан садо» сингари асарлари ўзига хослиги билан ажралиб туради. Буни Миср, Туркия, АҚШ, Франция, Россия, Нидерландия сингари давлатларидан келган сайёҳу миллий санъатимиз ихлосмандларининг марказ эсталик китобига битган сўзлари ҳам тасдиқлайди. Жумладан, Россия Журналистлар уюшмаси аъзоси Бела Панаеванинг «Ноёб, бетакрор, ўзига хос санъатингиз олдида таъзимдаман», деб ёзиб қолдиргани фикримиз исботидир.
Раҳим ака Франциялик икки рассомга маҳорат сабоғи ҳам ўтади. Дунёнинг «Абру баҳор»нинг иккинчи баҳори келганидан нишонадир. Изланувчан мусаввир ҳозир 70 ёшда. Хитой, Эрон, Россияда кўргазмалари ташкил этилган. Дунёнинг кўплаб давлатлари музейлари, шахсий коллекцияларда асарлари бор. Шогирдлари кўп. Касбини яхши кўради. Ёшларимиз унут бўлаёзган бу санъатни ўрганишсин, хорижликлар «абру баҳор»нинг илдизлари қаердалигини билишсин, деган мақсадда уч тил да махсус рисола ҳам ёзиб нашр эттирди.
Халилова Азиза
хаттотлик тўгараги раҳбари
Izoh qoldirish