21.12.2022

Ислом дини енгиллик динидир

   Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” асарларида, “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маноқиблари (фазилатлари)” бобида 3367 ҳадис қуйидагича зикр қилинган.

    Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёр қилинадиган икки ишнинг орасида, модомики унда гуноҳ бўлмаса,  энг енгилини танлардилар. Агар гуноҳ бўладиган бўлса, инсонларнинг ундан энг узоғи бўлар эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг нафслари учун ҳеч кимдан интиқом олмаганлар. Магар Аллоҳ таолонинг муҳарраматлари хорланса (бузилса), Аллоҳ учун шунинг сабабидан ўч олардилар”.

   Оламларга раҳмат ҳисобланмиш Набийимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир фазилатлари борасида суюкли аёллари Оиша розияллоҳу анҳунинг тилларидан ривоят қилинди. 

    Олдинги умматлардан фарқли ўлароқ, енгиллик ва осонлаштириш ислом шариатининг асосидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ таоло сизга осонликни ирода қилади, қийинчиликни эмас”, дейди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари гуноҳ бўлмайлиган барча ишларда енгилини осонини ихтиёр қилар ва умматларини шу томон йўналтирар эдилар. Яна бир ҳадисда: “осонлаштиринглар қийинлаштирманглар”, деб марҳамат қилганлар. Шу билан биргаликда Набий алайҳис салам  умматнинг энг тақвода пешқадами, зоҳиди эдилар. “Модомики гуноҳ бўлмаса” дейилганда, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам енгил иш ҳисоблаб ҳеч қачон гуноҳга яқинлашмаганлари назарда тутилган.  

      Аллоҳ таоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни буюк хулқ узра яратди. Бу борасида Қуръони каримда қуйидагича  зикр қилинган. “Ва албатта сиз улкан хулқдасиз”. (Қалам сураси, 4 оят). Яна бир ояти каримада: “Агар қўпол қалби қаттиқ бўлганингизда, атрофингиздан тарқаб кетишарди” (Оли Имрон сураси, 159 оят). 

 

 

   

   

 

 

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқларини Аллоҳ таоло   қанчадан қанча қабилаларни, бой у камбағални исломга киришига сабаб қилди. 

    Мулла Алиюл Қори: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишидан ўч олмас эдилар”, жумласини, бировга ғазаб қилмас эдилар дея шарҳлаганлар.

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, бирор марта менга “уф” демадилар. Қилган ишларимга “нимага қилдинг” ва қилмаганларимга эса нимага қилмадинг”, демадилар”. 

     Имом Нававий: “бу ҳадисда ҳар бир раҳбар учун ибрат бордир. Ўзининг нафси учун ўч олмаслик ва Аллоҳ таолонинг ҳақи борасидаги нарсаларда бепарволик қилмаслик”.

     Лекин шундай юмшоқ қалб соҳиби бўлишларига қарамасдан, Аллоҳнинг буйруқлари тескари ҳаракат қиладиганлардан қаттиқ ғазабланар эдилар. Бунга ғийбат, мунофиқлик борасидаги ҳадислар ёрқин мисолдир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

  • Бирор нарсага қийинчилик билан етиш йўлларини тарк қилиш, енгилига қаноат қилиш;
  • Зарур бўлмаган нарсаларни инсонлардан қаттиқ талаб қилмаслик;
  • Аллоҳ таолонинг ҳақларидан бошқасида кечиримли бўлиш;
  • Амри маъруф ва наҳий мункарнинг мандублиги;
  • Раҳбар, қози ўзининг манфаати учун бўлган ҳукмни қодир бўлса ҳам тарк қилиши;

Аллоҳ таоло барчамизни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлувчилардан қилсин.

Жўйбори Калон аёл қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

Жамилова Асила

Izoh qoldirish