ЎЗБЕКИСТОНДАН ЕТИШИБ ЧИҚҚАН ҲАНАФИЙ МУҲАДДИСЛАР
Ислом дини манбасининг биринчиси Қуръони карим бўлса, иккинчиси ҳадиси шарифдир. Динимизда ҳар иккала илмни ўрганишга бирдай тарғиб этилган. Чунки, ҳадислар ўзи мустақил манба сифатида эътироф этилган бўлсада, Қуръон оятларининг тафсири (шарҳи) ҳисобланади. Шунинг учун, дунёнинг етук олимлари ҳар асрда бу илмни ўрганиб, унинг ривожи учун ўз ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилиб келганлар.
Ўзбекистондан етишиб чиққан муҳаддислар ҳам ҳадис илмини юксалиб, кенг оммага ёйилиши учун бу борада илмий ишлар олиб борганлар, ўзларидан бебаҳо асарлар ёзиб қолдирганлар. Масаланинг муҳим томони шундаки, гап ҳадис илмининг ривожи ҳақида борганда, бевосита Мовароуннаҳр уламолари ундан алоҳида ўрин олади. Уларнинг бутун жаҳон маърифати юксалишида олиб борган мислсиз саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ, албатта.
Шу нуқтаи назаридан, Ҳиндистонда яшаб ўтган муҳаддис, фақиҳ Зафар Аҳмад Таҳонивий Усмоний (1310/1892-1394/1974) “Эъло ас-сунан” номли асарида ҳанафий муҳаддисларини келтириш асносида Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан қатор олимларнинг қисқача таржимаи ҳолига тўхталади. Асарда мазкур муҳаддисларни зикр қилиниши асосан, айрим кишиларнинг “Абу Ҳанифа ҳадисни кам билади”, “ҳанафийлар ҳадислардан иборат далиллардан кўра кўпроқ қиёсни афзал биладилар”, деган даъволарига муаллиф томонидан раддия кўринишини олган.
Асарда исми зикр қилинган ҳанафий муҳаддисларидан бири Абу Али Ҳасан ибн Абу Ҳасан Андақий Самарқандий (ваф. 552/1157 й.) ҳисобланади. Тарихчи Самъоний “ал-Ансоб”ида уни ўз замонининг шайхи, Мовароуннаҳр ўлкасининг етук олимларидан бири, тариқат эгаси бўлган, деб таъриф қилди. Ҳадис бўйича устозларидан Аҳмад ибн Ҳишом Аштайхоний, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий, шогирдларидан Наср ибн Фатҳ, Иброҳим ибн Ҳамдуя кабиларни келтирди [1].
Мазкур олимлардан яна бири етук муҳаддис, фақиҳ Али ибн Абу Бакр ибн Абдужалил Бурҳониддин Фарғоний Марғиноний (ваф. 593/1196 й.) бўлиб, у бир қанча асарларни ёзиб қолдирган. Жумладан, “ал-Ҳидоя”, “ал- Бидоя”, “Кифоя ал-мунтаҳий”, “ат-Тажнис”, “ал-Мазид”, “Маносик ал-ҳаж”, “Мухтор мажмуъ ан-навозил”, “ал-Фароиз” сингари асарларни келтириш мумкин [2].
Марғиноний Имом Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад Насафий каби фақиҳлардан таҳсил олган. У замонидаги деярли барчадан озиб кетган. Хусусан, ўзининг “ал-Ҳидоя” ва “Кифоя ал-мунтаҳий” асарларини ёзганида, ҳатто ўзи ўқиб ўрганган устозлари ҳам унинг ҳадис ва фиқҳ илмидаги маҳоратига тан бердилар (тасанно айтдилар) [3].
Ҳатто, айрим шиъа олимлари буни эътироф этиб шундай деган: “Аллоҳнинг китобидан кейин энг фасоҳатли (сўзи ширин) китоб Имом Бухорийнинг “ас-Саҳиҳ” асари, ундан кейин Бурҳониддин Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя” асаридир”. Таҳонавий “Эъло ас-сунан”ида мазкур тартибга эътироз билдириб шундай дейди: “Мазкур сўзни айтган киши Имом Муҳаммаднинг “ал-Муваттоъ” ҳамда “Жомиъ ас-сағир” асарини ўқимаган кўринади. Акс ҳолда, мана бундай деган бўлар эди: Аллоҳнинг китобидан кейин энг фасоҳатли (сўзи ширин) китоб Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг “ал-Муваттоъ” асари, ундан кейин Имом Бухорийнинг “ас-Саҳиҳ” асари, ундан кейин яна Имом Муҳаммад Шайбонийнинг “Жомиъ ас-сағир” асари, ундан кейин Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя” асаридир” [4].
Бурҳониддин Марғиноний қўл остидан Шайхул ислом Жалолиддин ибн Муҳаммад, Низомиддин Умар, Имодуддин Абу Бакр ибн Али Марғиноний, Шамсул аимма Кардарий каби жуда кўп сонли шогирдлар етишиб чиққан. Шунингдек, унинг шогирди сифатида танилган Шамсул аимма Муҳаммад ибн Абдусаттор Кардарий устозининг “ал-Ҳидоя” асарини кўплаб инсонларга ривоят қилган [5]. Таҳонавий мазкур олимлар рўйхатининг сўнгисида Бурҳониддин Марғинонийни зикр қилиб, асарининг ҳанафий муҳаддисларига бағишланган қисмини ниҳоясига етказади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан ҳанафий олимлари кўплаб соҳаларда шу жумладан, тафсир, қироат, фиқҳ, ҳадис сингари соҳаларда фаолият олиб борганлар. Зафар Аҳмад Таҳонавий “Эъло ас-сунан” асарида асосий эътиборини ҳадис билан шуғулланган ҳанафий олимларини келтиришга қаратган бўлиб, улар орасидан ўзбекистонлик муҳаддислар ҳам алоҳида ўрин олган.
Демак, Ўзбекистон уламолари кўпгина илмлар қатори ҳадис соҳасида ҳам ижодий изланишлар олиб бориб, унинг мустақил фан сифатида ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшганлар. Уларнинг барча замон ва маконда дунёнинг кўзга кўринган олимларининг диққат марказида бўлиб келишлари улар бу илмни бошқаларга қараганда яхшироқ ўзлаштиргани намоён бўлади.
Бундан ташқари, мазкур муҳаддислар ҳаж қилиш мақсадида хорижга уюштирган сафарларидан ҳам унумли фойдаланиб қолганлар. Улар ҳадис марказлари бўлган Мадина, Макка, Куфа, Басра, Шом, Миср, Боғдод каби дунёнинг илм-фан гуркираб яшнаган шаҳарларида бўлиб, у ердаги олимлар билан яқиндан илмий музокаралар олиб борганлар. Кўзга кўринган муҳаддислардан ривоят қилишган ва ўз навбатида, уларга ҳам ҳадис етказганлар. Дарҳақиқат, Таҳонавий асарида “олти саҳиҳ” муаллифларидан кўпчилиги уларнинг айримларидан ҳадис ривоят қилишгани ҳақида зикр қилди. Мана шу ҳам Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан муҳаддислар бу борада юқори даражада бўлганидан далолатдир.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
Самъоний, Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад. ал-Ансоб. Абдуллоҳ Умар Борудий таҳқиқи остида. –Байрут: Дор ал-жинон, –Ж. 3. –Б. 208.
Қосим ибн Қутлубғо. Тож ат-тарожум. Муҳаммад Хойр Юсуф таҳқиқи остида. –Байрут: Дор ал-қалам, –Б. 207.
Қураший, Абу Муҳаммад Муҳйиддин. Жавоҳир ал-музийя фи табақоти ал-ҳанафийя. Абдулфаттоҳ Муҳаммад таҳқиқи остида. –Байрут: Дор ҳажр, –Ж. 2. –Б. 628.
Усмоний, Зафар Аҳмад. Эъло ас-сунан. Муҳаммад Азазий таҳқиқи остида. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, –Ж. 21. –Б. 204.
Усмоний, Зафар Аҳмад. Эъло ас-сунан. Муҳаммад Азазий таҳқиқи остида. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, –Ж. 21. –Б. 203.
Қобил ЮСУПОВ,
ЎзХИА ҳузуридаги Малака ошириш маркази
Наманган минтақавий филиали
“Ижтимоий ва мутахассислик фанлари”
кафедраси ўқитувчиси
Izoh qoldirish