РЎЗАДОРНИНГ САВОБИ
РЎЗАДОРНИНГ САВОБИ
Одатда ҳар бир яхши амал учун 10 дан 700 бараваргача савоб берилиши ваъда қилинган. Аммо рўза ҳақида Аллоҳ таоло "Унинг ажрини Ўзим бераман" деб, мукофотнинг миқдорини Ўз карамига яшириб қўйган. Бу эса мукофотнинг ниҳоятда катта бўлишига ишорадир.
Имом Аҳмад келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ يُضَاعَفُ الْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ إِلَى مَا شَاءَ اللَّهُ يَقُولُ اللَّهُ إِلاَّ الصَّوْمَ فَإِنَّهُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِى ».
“Одам боласининг ҳамма амали савоби кўпайтириб берилади. Бир яхшиликка унинг 10 мислидан то 700 баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “ Бандамнинг ҳамма амали ўзи учун фақатгина рўзаси Мен учундир. Унинг мукофотини Мен ўзим бераман. Одам боласи шаҳватини ва таомини Мен учун тарк қилади”
Ибн Ҳажар ал Асқалонийнинг “Фатҳ ал-Борий шарҳу саҳиҳ ал-Бухорий” китобларида ажойиб маълумотни келтирадилар: Ибн Баттол орқали нақл қилган: Суфён Ибн Уяйна дейди:
وَنَقَلَ ابْنُ بَطَّالٍ عَنْ سُفْيَانَ بْنِ عُيَيْنَةَ أَنَّهُ قَال: إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ يُحَاسِبُ اللَّهُ عَبْدَهُ، وَيُؤَدِّي مَا عَلَيْهِ مِنَ الْمَظَالِمِ مِنْ سَائِرِ عَمَلِهِ، حَتَّى لَا يَبْقَى إِلَّا الصَّوْمُ، فَيَتَحَمَّلُ اللَّهُ عَنْهُ مَا بَقِيَ مِنَ الْمَظَالِمِ، وَيُدْخِلُهُ بِالصَّوْمِ الْجَنَّةَ.
“Қиёмат куни Аллоҳ бандасини ҳисоб қилади. Унинг мазлумлар ҳақини бошқа амалларидан адо қилади. То фақат рўза қолади. Шунда Аллоҳ қолган мазлумликларни Ўзи зиммасига олади ва рўза сабабли уни жаннатга киритади”.
Келинг, аввало бу шарҳни айтган олим билан танишиб олайлик. Чунки арабларда шундай ибора бор: “مُلُوكُ الْكَلَامِ كَلَامُ الْمُلُوكِ” Бу иборанинг маъноси:
“Сўзларнинг подшоси — подшоларнинг сўзидир”, гапни сўзловчисига қараб, гапнинг салмоғини билинади.
Суфён ибн Уяйна розияллоҳу анҳу (107–198 ҳ.) — Макка муҳаддисларининг имоми, тобеъу-тобеъийнлардан.
Имом Шофеъий: “Агар Молик ва Суфён бўлмаганида, Ҳижоз илми йўқолган бўлар эди. Мен Суфён ибн Уяйнадан кўра ҳадисни яхши билган кишини кўрмадим.”
Али ибн ал Маданий: “Ҳадис маъносини тушунишда Суфёндан илмлироғини кўрмадим.”
Аҳмад ибн Ҳанбал: “Мен ундан кўра ёдловчи (ҳофиз)роқ кишини кўрмадим.”
Суфён ибн Уяйна розияллоҳу анҳунинг шарҳига баъзи олимлар эътироз билдирган, аммо Ибн Уяйна шарҳларига келтирган далилларига эътибор беринг:
1. «فَإِنَّهُ لِي» (Албатта, у Мен учундир) — Хусусий эгалик
Ибн Уяйна розияллоҳу анҳунинг фикрларича, Аллоҳ таоло бу ерда «Изофа» (эгалик нисбати) орқали рўзани Ўзига хослаб қўйди.
- Қиёмат куни банданинг намози, закоти ва бошқа амаллари «банданинг мулки» ҳисобланади. Шу сабабли, агар банда кимнингдир дилини оғритган ёки ҳаққини еган бўлса, ўша «ўз мулки»дан ҳақдорларга тўлайди.
- Аммо рўза ҳақида Аллоҳ «У Мен учун» деди. Демак, у Аллоҳнинг мулкига айланди. Ибн Уяйна айтадиларки: «Аллоҳ Ўзига тегишли бўлган нарсани банданинг қарзлари учун бировга бериб юбормайди».
2. «وَأَنَا أَجْزِي بِهِ» (Ва унинг мукофотини Ўзим бераман) — Бевосита кафолат
Одатда бошқа амалларнинг савоби фаришталар томонидан амаллар китобига ёзилади ва маълум миқдори (10 баравардан 700 бараваргача) маълум бўлади.
- Ибн Уяйнанинг фаҳмларига кўра, Аллоҳ «Унинг ажрини Ўзим бераман» дейиш орқали, рўзанинг савобини фаришталардан ҳам яшириб қўйган.
- Қиёматда ҳақдорлар келиб, банданинг ҳамма савобларини олиб тугатсалар ва фақат рўза қолса, Аллоҳ таоло: «Бу бандамнинг Менга бўлган қарзи (омонати), бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», дейди ва банданинг қолган қарзларини Ўз карами билан (масалан, ҳақдорни жаннатдаги юқори даражалар билан рози қилиб) Ўзи ёпади. Рўзанинг савоби эса банданинг ўзида қолади ва уни жаннатга олиб киради.
Суфён ибн Уяйнанинг фикрларини тасдиқловчи бошқа муҳаддисларнинг шарҳларини келтириб ўтамиз.
Имом Муслим келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ «إِنَّمَا يَذَرُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ وَشَرَابَهُ مِنْ أَجْلِى فَالصِّيَامُ لِى وَأَنَا أَجْزِى بِهِ ».
«Аллоҳ таоло айтди: «У (банда) шаҳватини, таоми ва ичимлигини фақат Мен учун тарк қилади. Рўза Мен учундир ва унинг мукофотини (бевосита) Ўзим бераман».
1. Ибн Ражаб ал-Ҳанбалий (Салафлар мактаби вакили)
Ибн Ражаб ўзининг «Латоифул маъориф» китобида рўзанинг Аллоҳга хосланишини икки сабаб билан тушунтиради:
- Тарк қилишдаги ихлос: Бошқа ибодатлар «феъл» (бажариш) билан бўлади, рўза эса «тарк» (тийилиш) билан. Ташқаридан қараганда кимнинг рўзадорлигини билиб бўлмайди, шунинг учун унда риё (мақтаниш) эҳтимоли энг кам.
- Фаришталар сифатига тақлид: Банда ейиш-ичишдан тийилиш орқали инсоний чегарадан фаришталарнинг сифатига яқинлашади.
2. Имом ал-Қуртубий (Моликий фақиҳи ва муфассир)
У киши «Рўза Мен учундир» жумласини ҳуқуқий ва шарафлаш маъносида шарҳлайди:
- Муқаддаслик нисбати: Худди Каъбани «Байтуллоҳ» (Аллоҳнинг уйи) деб шарафлангани каби, рўзани ҳам Аллоҳ Ўзига нисбат берди.
- Бошқа маъбудларнинг шерик эмаслиги: Тарихда мушриклар ўз бутларига атаб намоз ўқишган, қурбонлик қилишган, садақа беришган. Лекин бирор бир мушрик ўз бути учун рўза тутгани маълум эмас. Демак, рўза тарихан фақат Аллоҳ учун қилинадиган ягона ибодат бўлиб қолган.
3. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (Халафларнинг буюк муҳаддиси)
«Фатҳул Борий»да Ибн Ҳажар ўнлаб шарҳларни келтириб, қуйидаги хулосага тўхталади:
- Миқдорнинг номаълумлиги: Бошқа амалларнинг ажрини фаришталар билади ва ёзади. Аммо рўзанинг ажрини Аллоҳ «Ғайб» хазинасида сақлайди. Унинг миқдорини фаришталар ҳам билмайди. Бу эса мукофотнинг чегарасизлигидан дарак.
Бошқа муҳаддислар: Бу ерда "Рўза Мен учун" дейилишидан мақсад — рўзада риё (хўжакўрсинлик) бўлмаслигидир. Намоз ёки закотда одамларга кўриниш эҳтимоли бор, лекин кишининг рўзадорлигини фақат Аллоҳ билади. Муҳаддислар буни: "холисликнинг энг юқори чўққиси", деб таърифлайдилар.
Ибн Ражаб “Латоиф ал-маъориф” китобида айтадилар:
الصائمون هم أقرب الناس إلى الله يوم القيامة
“Қиёмат куни рўзадорлар Аллоҳга энг яқин кишилар бўладилар.”
Ибн Ражабнинг бу хулосасига қуйидаги далилларни келтирадилар.
Бошқа ибодатлар (намоз, закот, ҳаж) зоҳирий ҳаракатлар билан содир бўлади. Рўза эса — банда ва Парвардигор ўртасидаги махфий сирдир. Банда одамлар кўзидан йироқда ҳам еб-ичишга қодир бўла туриб, фақат Аллоҳ кузатиб турганини ҳис қилиб, нафсини тияди. Бу — эҳсон (Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш) мақомидир.
Қуръони Каримда Наҳл сураси, 128-оятида Аллоҳ таоло эҳсон аҳли билан бирга эканини алоҳида таъкидлайди:
إِنَّ اللَّهَ مَعَ الَّذِينَ اتَّقَوْا وَالَّذِينَ هُمْ مُحْسِنُونَ
«Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва иҳсон (чиройли амал) қилганлар билан биргадир»
Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда: Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: “لِلصَّائِمِ فَرْحَتَانِ: فَرْحَةٌ عِنْدَ فِطْرِهِ، وَفَرْحَةٌ عِنْدَ لِقَاءِ رَبِّهِ.”
“Рўзадор икки ўринда хурсанд бўлади: бири - ифторлик маҳали, иккинчиси - Роббисига йўлиққанида.”
Ибн Ражаб ушбу ҳадисни далил қилиб: Бу ердаги «Лиқо» (учрашув) сўзи оддий учрашув эмас, балки пардаларнинг кўтарилиши ва энг яқин масофада туришни англатади. Бошқа амал эгалари ўз савоблари билан хурсанд бўлса, рўзадор «Роббиси билан» (У Зотнинг яқинлиги билан) хурсанд бўлади.
Рўза — оддий оч қолиш эмас. У — банданинг Аллоҳ билан сирли аҳди, махфий муҳаббати ва қалбдаги ихлосининг исботидир. Аллоҳ таоло барчамизни рўзани ҳақиқий маънода тутувчи, унинг ажри билан жаннатга кирувчи бандаларидан қилсин.
“Жўйбори Калон” аёл қизлар
ўрта махсус ислом таълим
муассасаси ўқитувчиси
Жамол Мавлонов
УЗ
РУ
EN
العربية
Izoh qoldirish