Ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланиш.
Замонавий оммавий коммуникация воситалари жадал оммалашуви натижасида улар жаҳон медиа майдони саҳнасида катта мавқега эга бўлиб бормоқда. Шундай оммавий мулоқот воситаларидан бири – ижтимоий тармоқлардир. Ҳамон оммавий коммуникация ҳозирги замон цивилизациясининг муҳим воқелигига айланган, тараққий этган ва эндигина тараққиёт йўлидаги давлат фуқаролари ҳам бир хил эҳтиёжлардан келиб чиқиб оммавий мулоқот субъекти даражасига кўтарилаётган экан, бунда ижтимоий тармоқлар устувор воситалигини эътироф этмай иложи йўқ.
Умуман Интернетнинг пайдо бўлиши билан ҳаётнинг жуда кўп аспектлари, жумладан, кундалик маиший хизматлардан тортиб, бизнес ва менежмент, юридик ва консуллик хизматлари ва ҳатто давлат бошқарувигача бирин-кетин виртуал дунёга кўча бошлади.
Энг муҳими, у ёшларнинг анъанавий мулоқот шаклини тубдан ўзгартириб юборди. Олис масофадан туриб нафақат эшитиш, балки кўриш имкониятининг юзага келиши виртуал суҳбатларни кескин оммалаштирди. Кейинги 15-20 йил давомида дунё мамлакатлари аҳолиси, шу жумладан, ўзбекистонлик ёшлар ҳаётида мобил алоқа урф тусини олган бўлса, ҳозирги даврга келиб мобил ускуналардаги WhatsApp, ICQ, MSN Messenger ва Telegram орқали матнли мулоқот (инг. text messaging) оммавийлик касб этмоқда.
Инсон ижтимоий муносабатларга доим мухтож бўлганидек, хозирги кунда ижтимоий тармоқларсиз ўзини тассавур қила олмайдиган даражага етганлар хам йўқ эмас. Афсус кўплар ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг ҳам ўзига яраша тартиби ва одоб ахлоқ нормалари хақида билишмайди,хатто тафаккур қилишмайди хам.
Ижтимоий тармоқда ким биландир алоқа қилар эканмиз, қандайдир гуруҳ ё каналга аъзо бўлар эканмиз, кимнингдир шахсий профилини кузатар, у пост қилган фикрларига изоҳ ё фикр билдирар эканмиз, биринчи ўринда ўзимизнинг мўмин-мусулмон эканлигимизни ҳамиша ёдда тутишимиз керак. Шу билан бирга илоҳий китобимиз Қуръон ва Расулимиз алайҳиссалом қолдирган суннат бизнинг олдимизга қўйган дастуримиз бўлиши лозим.
- Ниятни яхши қилиш;
Яхши ният – динимиздаги энг гўзал асослардан биридир. Ҳатто, бир қараганда дунё иши бўлиб кўринган ишлар ҳам яхши ният билан ибодатга айланади. Худди шундай интернетдан фойдаланишда ҳам динимиз қоидаларига мувофиқ иш қилишни ният қилган киши, иши битиши билан бирга савобга ҳам эга бўлади. Пайғамбаримиз машҳур ҳадисда шундай дейдилар: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир...” (Имом Бухорий ривояти).
- Интернетга киришдан аввал умрнинг қадрини ёдга олиш;
Ҳадиси шарифда умрнинг қадри ҳақида шундай марҳамат қилинади: “Қиёмат куни беш нарса ҳақида сўралмагунича Одам боласининг қадами Парвардигори ҳузуридан силжимайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида қандай ишлар қилгани, бойликни қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва билган нарсаларига қай даражада амал қилгани (сўралади)” (Имом Термизий ривояти).
- Интернетдан олинадиган ва тарқатиладиган барча маълумотлар шариатимиз рухсат берган нарсалар бўлиши керак;
Интернет хилват жой бўлганидан, одамлар орасида қилмайдиган ишларимизни, ёлғиз қолганда ҳам ўзимизга раво кўрмаслигимиз керак. Аллоҳ таоло бизни доим кузатиб турганини ҳис қилишимиз катта даражадир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни (ёмон ниятларни) ҳам билур”(Ғофир сураси, 19-оят).
- Болалар интернетдан фойдаланганда уларни ҳеч ҳам қаровсиз қолдирмаслигимиз керак;
Инсоннинг дўсту ёрлари унга катта таъсир ўтказади. Интернетда болаларимиз ким билан мулоқот қилмоқда, кимлар билан дўстлашмоқда – бу ниҳоятда муҳим. Чунки ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳнинг мисоли атир сотувчи ва темирга дам урувчи кабидир. Атир сотувчи ё сенга хушбўйлик суртиб қўяди ё ундан хушбўйлик сотиб оласан ё ундан келаётган хушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирга дам урувчи эса ё кийимингни бир четини куйдириб қўйиши мумкин ё ундан келаётган қўланса ҳид димоғингни ачитади” (Имом Муслим ривояти)
Яна шуни такидлаш лозимки, Интернет воситаларидан ўрин олган жамики ахборот ва маълумотларнинг ҳаммаси ҳам реал ҳаққоний эмаслиги айни пайтда аён бўлмоқда. Бундан келиб чиқиб айтиш жоизки, олинаётган далилларнинг қай даражада тўғрилигини онгли равишда мушоҳада этиш мақсадга мувофиқдир. Шундагина Интернет орқали эгаллаётган билимларимиз ҳаётимизда ижобий самара беришига ишонч хосил қилиш мумкин.
Мухтасар қилиб айтганда, ҳарбий хизматчиларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат – эҳтиром туйғусини ҳар доим шакиллантиришимиз зарур.
Шуни унутмаслик керакки, бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глабаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин.
Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом
таълим муассасаси иш юритувчиси Н.Сайфуллаева
Izoh qoldirish