29.09.2025

ТАБИАТ МУҲОФАЗАСИ ИНСОНИЙЛИК БУРЧИ СИФАТИДА

Муҳтарам Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилгани Янги Ўзбекистонда она-табиатни асраб-авайлаб, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ифодаси бўлди.

“Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисидиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш ва биологик хилма-хилликни сақлаш устувор вазифа қилиб белгиланган.

Ўзбекистон табиатининг биологик ва ландшафтлар хилма-хиллиги миллий бойлигимизнинг ажралмас қисмидир. Мамлакатимизнинг Асосий қонуни Конституциямизнинг 68-моддасида “Ер, ер ости бойликлари , сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”дейилган[1].

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасини тартибга солишга қаратилган[2].

Инсоният дунёқарашида борлиқнинг учта шакли фарқланади. Булар: табиат, жамият ва инсон борлиғидир. Табиат азалий борлиқ сифатида эътироф этилиб, инсон унда мавжуддир. Инсон табиатни асрашга масъул эканлиги доимий равишда ҳам диний, ҳам дунёвий жиҳатдан таъкидланади.

Олий таълим тизимида глобал муаммолар ҳақида фикр билдирилганда энг аввало экологик муаммолар ҳақида фикр билдирилади. Ҳозирги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммоси асримизнинг энг муҳим муамммоларидан бири бўлиб турибти. Бу муаммо ўзининг инсониятга келтириши мумкин бўлган ёмон оқибатлари бўйича ядро ҳалокатидан кам эмас дейилади. Технология соҳасидаги тараққиёт, янги энергия манбаларининг кашф этилиши, янги маъданлар ва кимёвий моддаларнинг пайдо бўлиши, оқибатини ўйламай табиатдаги жараёнларга аралашувнинг барчаси бу борада ташвишли вазиятни вужудга келтирган.

Ислом динида табиат муҳофазаси муаммоси муҳим, жиддий масала бўлиб, мазкур билимлардан тарбия борасида олиб борилган ўқув-тарғибот ишларида қўлланилиши мумкин. Ислом дини кишилар атроф-муҳитни асраш ва қўриқлашни тушуниб етсинлар деб, бир қанча жойларда маълум вақтда ов қилишни, дарахтларни кесишни, ва ўсимликларни паймол қилишни таъқиқлайди. Табиатни қўриқлашга оид бу каби ман қилишлар инсоният тарихида биринчи марта Ислом дини томонидан жорий қилингандир.                  Шу маънодаги энг ибтидоий “Қизил китоб”ни ҳам ислом дини ташкил этган, дейиш мумкин. Табиийки, табиатни муҳофаза қилиш муаммоси бутун оламдаги юз миллионлаб мусулмонларни ҳам ташвишга солмоқда ва улар бу муаммоларни ҳал қилишда Қуръони Карим оятларига ва Ислом таълимотларига мурожаат қилмоқдалар. Муқаддас китобларимизда айтилишича, дунёдаги ҳамма нарсалар ўзининг бетакрор тартибига эга. Сув ҳам, ер ҳам, ҳаво ҳам, ҳайвонот, наботот Аллоҳ томонидан ўлчов билан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган. Фурқон сураси 2-оятда: “Ҳар бир нарсани ўлчов ила яратган Зотдир” дейилган”[3]. Юқорида айтганимиздек, дунёдаги бу боғланишлар бузилса, инсон учун қатор муаммолар келиб чиқади, инсон ҳам, табиат ҳам ҳалокатгача бориб етади.

 

Шунинг учун ҳам инсон табиатни асрашга масъул, унинг инсонийлик бурчи деймиз, чунки инсон ер юзида Аллоҳнинг халифаси ҳисобланади. Бу ажойиб олам инсонга бўйсунадиган қилиб берилгандир. Инсон ер юзида Аллоҳнинг халифаси ҳисобланади. Инсон улуғланиб, ўзининг халифаси қилингани билан бирга, уни синаш ва имтиҳон этишни ҳам ирода қилган. Буларни асраш инсонийлик бурчидир.

Фалсафий тафаккур тарихида тасаввуф, яъни инсоншунослик таълимотининг ўрни ўзига хосдир. Тасаввуфий тариқат вакиллари ҳам маънавий меросида биринчи навбатда инсониятга Аллоҳ яратган шу борлиқни асраб-авайлаш, унга зарар келтирмаслик, қалб ободлиги билан бирга атроф-муҳит ободлигига доимо эътибор бериб яшаш лозимлиги таъкидланади.

Хожагон-нақшбандия тасаввуфий тариқатида ҳам табиат муҳофазасига алоҳида эътибор берилган.Аллоҳнинг розилигига эришиш у яратган борлиқни қадрига етиш орқали амалга ошиши айтилган. Хожагон нақшбандия тариқати ҳам бошқа тасаввуфий тариқатлар қатори Қуръони карим ва Ҳадиси шарифга асосланган бўлиб, унинг асосчиси Абдулхолиқ Ғиждувоний маънавий меросида, айниқса устози Юсуф Ҳамадоний ҳақида ёзган мақомотларида ифодаланган. Устозларининг бутун она-табиатни асрашга доир ўгитлари “Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний”, “Мақсад ас-соликин” асарларида ўз аксини топган. Устози ҳақида ёзилган асарида; “табиатни севган ҳолда айрим вақтларда қушларга таом едирганлар. Дангаса, ишини одамларга буюрадиганларни ёмон кўрганлар. Шогирдларни илм толиби бўлишига чақирганлар. Барча миллат вакилларини ҳурмат__ қилганларини: турк, араб, тожик, қуллар билан суҳбат қурганлар” деган фикрлардан англашимиз мумкин[4].

Абдухолиқ Ғиждувоний Ҳамадоний тўғрисидаги фикрларини давом эттириб қуйидагиларни баён этади: “Мактаб очиб, дарс ўтардилар. Ёронларига ҳар қандай жойни ифлос қилмасликка буюрардилар. Гиёҳларни азиз тутардилар”[5]. Пиру муршидининг ҳақида берилган ушбу маълумотлар орқали у кишига бўлган чексиз ҳурмат, ихлосни билдирган. У кишидаги бутун борлиқ: ҳайвонот, наботот олмига муҳаббат, асраб-авайлаш, илмга бўлган муҳаббат, машойиҳларга бўлган ихлос, диний фарзларни бажариш, инсонларни фақат ҳақ йўлига даъват этишлари, емишларининг оддийлиги, касб ҳунарни эъзозлашлари, ўз меҳнатлари билан кун кўришлари, хайрли, камбағал, бева-бечораларга, мусофир, бемор, кўп болали оилаларга кўмаклашишлари, таъмагир бўлмаслиги, хушмуомaлаликлари ҳақида фикр билдирдилар. Шунингдек,

- ҳар бир нафасда ҳушёр бўлишни,

- ҳар бир қадамга қараб юришни,

- ватан ичра сафар қилишни,

- анжуманда хилватда бўлишни талаб қилишлари айтилади.

Хулоса қилиб айтганда, устозининг бирон кишига ҳатто қаттол Чингизхонга ҳам ёмонликни раво кўрмасликларини, ёш авлодга таълим беришларини, тоза озодаликка эътибор беришларини, табиатни севишларини, ҳар бир гиёҳни азиз тутишларини баён қилиб, меҳрибонлик, сахийлик, ватанпарварлик, мардлик, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик, табиатга муҳаббат каби умуминсоний ахлоқий фазилатларни мадҳ этади. 2025 йил мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”деб эълон қилиниши чуқур фалсафий моҳиятга эга. Янги Ўзбекистонда она-табиатни асраб-авайлаб, экологик барқарорликни таъминлашга оид қатор вазифалар Давлат дастури асосида амалга оширилмоқда. Бундай шарафли ва масъулиятли вазифага ҳаммамиз биргаликда эътибор беришимиз, ёш авлодни бутун борлиққа муҳаббат руҳида тарбиялаш орқали ватанпарварлик, инсонпарварлик каби ахлоқий тамойилларни шакллантириш инсонийлик, педагоглик бурчимиз эканлигини билмоғимиз даркор.

Фойдаланилган адабиётлар:

1.Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. 68-модда.

2.Жамият газетаси.№31.2025 йил,7 август,4-бет

3.Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.Иймон. “Hilol nashr” нашриёти. 2021 йил, 72-бет.

4. Абдулхолиқ Ғиждувоний. Мақсад ас-соликин EзФАШИ, Бухоро маркази. Инв.№ 2080, 14-бет.

5. Абдулхолиқ Ғиждувоний. Мақсад ас-соликин EзФАШИ, Бухоро маркази. Инв.№ 2080, 14 а-бет.

Ойгул Турсуновна Шарипова

БухДУ Ислом тарихи ва манбашунослиги, фалсафа кафедраси профессори в.б. ф.ф.д (DSc),

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта-махсус ислом таълим муассасаси директори

Izoh qoldirish