03.11.2022

ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ «ТАЪВИЛОТ АҲЛ АС-СУННА» АСАРИДА ЖОЙ НОМЛАРИ (МАККА ВА МАДИНАГА ОИД СЎЗЛАР ТАҲЛИЛИ)

ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ «ТАЪВИЛОТ АҲЛ АС-СУННА» АСАРИДА ЖОЙ НОМЛАРИ (МАККА ВА МАДИНАГА ОИД СЎЗЛАР ТАҲЛИЛИ)

Қуръони каримда 60 дан ортиқ ўринда жой номлари зикр қилиб ўтилган. Зикр қилинган жой номлари асосан ҳозирги Арабистон ярим ороли, Миср ва Шом ўлкаларига тўғри келади. Бу эса ўша жойларда кўп пайғамбарлар ўтганини ва уларнинг фаолиятлари билан боғлиқ эканини кўрсатади. Шунингдек, Қуръонда келган жой номларининг баъзиларининг аниқ
географик жойига ишора қилинмаган. 

Қуръондаги жой номлари кўп ўринларда муайян пайғамбар билан боғлиқ бўлса-да, баъзи ўринларда пайғамбар бўлмаган ва қайси даврда яшаган экани маълум бўлмаган шахслар  билан ҳам боғлиқ ҳолда зикр қилинган. 

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Қуръони каримда баъзи жойлар аниқ кўрсатилмаган бўлгани учун тафсирларда уларни турлича жойлар эканига ишора қилинган. Бу эса муфассирлар орасида баъзи ихтилофлар борлигини кўрсатади. 

Мазкур мақолада асосан Макка ва Мадина билан боғлиқ жой номлари борасида имом Мотуридий ўз тафсири бўлмиш «Таъвилот аҳл ас-сунна» асарида қандай фикрлар бериб ўтганини ўрганишга бағишланган. 

Макка (араб. مكة) мусулмонларнинг муқаддас шаҳри ҳисобланиб, Арабистон ярим оролининг Ҳижоз минтақасида, тоғлар орасида, ҳозирда Саудия Арабистонида жойлашган. Маккада Каъба ва Масжидул ҳаром жойлашган. Бу шаҳарда Муҳаммад (с.а.в.) туғилганлар. Бу шаҳар Иброҳим (а.с.) ўғилари Исмоил (а.с.) ва аёллари Ҳожарни қолдириб кетганларидан кейин, уларга Журҳум қабиласи келиб қўшилади ва у ерда одамлар яшай бошлайдилар. Ҳаж ва умра амаллари Макка ва унинг атрофидаги жойларда амалга оширилади. Қуръони каримнинг 86 сураси шу ерда нозил бўлган. 

«Макка» сўзи Қуръони каримнинг Фатҳ сурасида зикр қилинган. Оятда «У (Аллоҳ) Макканинг ичкарисида (кечган жангда) уларнинг (Макка мушрикларининг) устидансизларни ғалаба қилдирганидан кейин уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган (жангни тўхтатган) зотдир» (Фатҳ, 24), дейилган. Бу оятдаги «Макка ичкариси» – Макка шаҳри ёки Ҳудайбия водийси эканида ихтилоф бор. Бу ердаги ғалаба ҳам Макка фатҳи ёки Ҳудайбия сулҳи бўлиши мумкин[1]. Имом Мотуридий ҳам «Макканинг ичкарисида» ибораси борасида аниқ фикр билдирмай, ўзидан олдин ўтган олимларнинг фикрларини бериш билан чекланган. 

Қуръони каримда Макка Бакка (Оли Имрон, 96), Уммул қуро (Анъом, 92, Шўро, 7), ал-Балад (Иброҳим, 35, Балад, 1-2), ал-Балад ал-амин (Тин, 3), Ҳароман аминан (Қасас, 57), Вадин ғойри зи зарин (экин ўсмайдиган водий) (Иброҳим, 37), Маъод (қайтиш жойи) (Қасас,85), Қоря (Муҳаммад, 13) номлар билан ҳам зикр қилинган. Шунингдек, манбаларда бошқа
номлар ҳам зикр қилинган. 

Макка номларидан бўлган “бакка” (араб. тақиллатиб ўрмоқ) (Оли Имрон, 96) сўзи ҳам Қуръони каримда тилга олинган бўлса-да, имом Мотуридий бу жой номини беришда ўзларидан олдинги олимларнинг «қийл», яъни гапларини келтириш билан чекланганлар. 

Макканинг яна бир номи «Уммул қуро» (араб. шаҳарлар онаси, Макка) бўлиб, Қуръони каримнинг икки оятида ишлатилган: «... Уммул қуро (деб аталмиш Макка аҳли)ни ...» (Анъом, 92) ва «(Барча) шаҳарлар онаси (Макка аҳлини)» (Шўро, 7). Имом Мотуридий бу иборани шарҳида биринчи яратилган жой эканини ёки ҳаж қилинадиган ва барча шаҳарлардан ўша
ерга қараб намоз ўқилишига ишора борлигини келтиради [2]. 

“Балад” (араб. шаҳар, давлат, юрт, ўлка, диёр) сўзи ҳам Қуръонда кўп ўринларда турли маъноларда зикр қилинган. Баъзан муайян жойни, баъзан умумий маънода келган. Шу билан бирга бу сўз Маккага ишора қилган ўринлар ҳам бор: «...Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин...» (Иброҳим, 35), «(Эй, Муҳаммад!) Мана шу шаҳар (Макка) билан қасамёд этурман...» (Балад, 1-2), «Мана шу тинч-осойишта шаҳар (Макка) биланки» (Тин, 3), «Эсланг, Иброҳим: «Эй, Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин» (Бақара, 126), «Мен мана шу шаҳарнинг (Макканинг) Парвардигоригагина ибодат қилишга буюрилгандирман» (Намл, 91). Имом Мотуридий Макканинг ўрнини кўрсатиб, ҳатто мушриклар ҳам бу шаҳарни улуғлашлари ҳақидаги маълумотларни бериб ўтади [3].

«Вадин ғойри зи зарин» (экин ўсмайдиган водий) (Иброҳим, 37) ояти хусусида, ушбу водийда ибодатдан машғул қиладиган нарса йўқ экани, чунки зироат ва бошқа неъматлар инсонни Аллоҳга ибодат қилишдан тўсишини, айтади [4]. 

Қасос сураси 85-оятидаги «маъод» (қайтиш жойи) сўзининг тафсирида ҳам имом Мотуридий ўзидан олдин ўтган олимларнинг сўзларини келтириб ўтади ҳамда ўзининг фикрини ҳам беради. Жумладан, «баъзилар (Маъодни) Макка дейдилар, чунки кишилар бу жойга қайта-қайта келишади... чунки Жаброил (а.с.) бу оятни Расулуллоҳнинг Маккага фотиҳ сифатида қайтишларига ишора қилганини...» ҳам айтиб, бу таъвил эканини келтиради[5].

Исломда иккинчи муқаддас шаҳар бу Мадина бўлиб, қадимда, яъни Расулуллоҳ (с.а.в.) боришларидан олдин Ясриб деб номланган. Қуръони каримнинг ўн тўрт ўрнида Мадина сўзи ишлатилган бўлса-да, тўрт ўриндагина Мадина шаҳри назарда тутилган. 

Мадина мусулмонларнинг биринчи пойтахти. «Мадинатун Набий» ёки «Мадинатур Расулуллоҳ», яъни «Пайғамбар шаҳри», «Мадинаи мунаввара», «Дорул ҳижра», «Дорус сунна» каби ва бошқа номлари билан ҳам аталади. Манбаларда Мадинанинг 99 та номи бор экани айтилган. 

«Теварагингиздаги аъробийлар ва Мадина аҳолиси ичида мунофиқлар бор. (Улар) нифоқда бардавомдирлар» (Тавба, 101). Бу оятда Мадина ва унинг атрофида мунофиқлар борлиги айтилмоқда. Мадина атрофи ҳам айтилган бўлиб Асад, Ғатафон, Жуҳайна, Аслам, Ашжаъ, Ғифор қабилалари жойлашган эди. «Мадина аҳолиси ва уларнинг теварагидаги аъробийлар учун Аллоҳнинг Расулидан қолишлари ва ундан кечиб, ўзлари билан машғул бўлишлари жоиз эмас эди» (Тавба, 120), «Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида бузуқлик бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тийилмасалар, албатта, Биз Сизни уларга қарши қўзғатурмиз, сўнгра улар (Мадинада) озчиликдан бошқаси Сиз билан ёнма-ён тура олмай қолурлар» (Аҳзоб, 60). Мадина шаҳри назарда тутилган оятларнинг барчаси мунофиқлар билан боғлиқ бўлиб, бу борада Расулуллоҳ (с.а.в.) огоҳлантирилганлар. Кейинги оятда мунофиқларнинг сўзлари келтирилган: «Улар: «Қасамки, агар (Бани Мусталиқ жангидан) Мадинага қайтсак, албатта, кучлилар кучсизларни ундан (ҳайдаб) чиқарур», – дерлар» (Мунофиқун, 8). Бу оят мадиналик мунофиқлар, жангдан қайтиб келаётган мусулмонлар орасидаги муҳожирларни шаҳарга киритмаслик ҳийласини ошкор қилган. Бу фитна ишларига Абдуллоҳ ибн Убай бошчилик қилган. Аммо иш мунофиқлар ўйлагандек бўлиб чиқмади. Аксинча, мунофиқларнинг зарарига ишлаган.

Исломдан олдин Мадина Ясриб деб аталган ва Қуръони каримнинг бир жойида тилга олинган: «Ўшанда улардан бир тоифаси деди: «Эй, Ясриб (Мадина) аҳли! Сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш имкони йўқдир…» (Аҳзоб, 13), дейилган. Имом Мотуридий бу ўринда “Ясриб” сўзини Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ишлатишни хуш кўмаганлари ва унинг ўрнига “Тоба” сўзи ишлатиш керак эканини айтганларини келтиради [6]. 

Қуръони каримда Мадина ва Ясриб сўзлари учрагани ва бошқа ишора қилувчи сўз келмагани учун имом Мотуридий бу икки сўз борасида қўшимча фикр бермаган. 

Хулоса қилиб айтганда, Имом Мотуридий кўп ўринларда ўзидан аввал ўтган олимларнинг фикрларини келтиради ва уларни «қийла» деб зикр қилади. Имом Мотуридий Қуръонда аниқ ҳолда зикр қилинган жой номларини ортиқча шарҳламайди ёки қисқа маълумот бериш билан чекланган. Аммо жой номлари аниқ айтилмаган бўлса ёки ишора қилинган бўлса, унинг аниқ жойини беришга ҳаракат қилган. Шу билан бирга, ўзи таъвил қилиб, айтган қарашларини келтирганини ўрганиш мумкин. Шу билан бирга, географик жой номлари ҳақида айтилган ҳадисларни ҳам келтириши диққатга сазовор.

 

Дониёр Муратов
Ўзбекистон хaлқaро ислом aкaдемияси
«Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш
 ICESCO» кафедраси доценти (PhD)


[1] Саъд ибн Абдуллоҳ. Муъжам ал-амкина ал-варид зикруҳа фи-л-Қуръани ал-карим. – ар-Риёз; 2003, – Б. 381.
[2] Мотуридий Абу Мансур. Таъвилот аҳл ас-сунна. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Т. 4. – Б. 172.
[3] Мотуридий Абу Мансур. Таъвилот аҳл ас-сунна. – Байрут: Дор ал-кутуб ал -илмия, 2005. – Т. 6. – Б. 399.
[4] Мотуридий Абу Мансур. Таъвилот аҳл ас-сунна. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Т. 6. – Б. 404.
[5] Мотуридий Абу Мансур. Таъвилот аҳл ас-сунна. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Т. 8. – Б. 204-205.
[6] Мотуридий Абу Мансур. Таъвилот аҳл ас-сунна. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2005. – Т. 8. – Б. 362

Izoh qoldirish