24.10.2022

Огоҳлик ва ҳушёрлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Огоҳлик ва ҳушёрлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. 

 

Бугунги кунда мамлакатимизда миллий ғоя руҳи билан йўғирилган тарбия тизими яратилди. Уни доимий такомиллаштириб бориш ва давр даъватларига ҳозир жавоблигини таъминлаш эса, ҳар биримиз ва барчамизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади. Шундай экан, вояга етаётган ҳар бир фарзандимизни кучли мафкуравий иммунитет ва юксак маънавиятга эга шахс сифатида тарбиялаш озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни таъминлашимизнинг асосий шартларидан бири бўлиб қолаверади. Қонунларга итоат этиш ва риоя қилиш – тотувлик ҳамда тинчликнинг асосидир. Барча жабҳада қонун устувор бўлган жамият – комил жамиятдир. Интизом, тартиб, ўзаро ҳурмат бўлган жамият ривожланиш йўлини тез топиб олади ва ушбу йўлда собитқадамлик билан илгарилайди. Дунёда элатлар кўп, эътиқодлар, дин ва мазҳаблар хилма-хил. Минг йиллардан бери инсоният билан ёнма-ён яшаётган, унинг маънавий оламини тўлдириб, эзгу амалларга ундаб келаётган динларнинг моҳиятига разм солсак, ҳамоҳанглик, муштаракликни илғаймиз. Ҳатто уларнинг даъвати ҳам ниҳоятда ўхшаш: “Одамлар, аҳил-иноқ яшанг!”, “Ўзганинг ҳақидан хазар қилинг!”, “Бир-бирингизга ёмонлик қилманг!”, “Меҳр-мурувватли бўлинг!”… Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг!», - деган ҳадисларида «Соғликни бемор бўлишдан олдин, ёшликни кексаликдан олдин, бойликни фақирликдан олдин, хотиржамликни машғул бўлиб қолишдан олдин ва ҳаётни ўлимдан олдин» ғанимат билиб, уларни бепарволик билан қўлдан бой бериб қўймаслик учун огоҳ бўлиб яшашликка чақирганлар. 

Ҳозирги пайтда ижтимоий тармоқлар орқали жуда кўплаб экстремистик оқимларга тегишли сайтлар борлиги ва интернет фойдаланувчилар, айниқса ёшларимиз уларнинг сайтларига билиб-билмай кириб ҳар-хил марузаларни эшитиб туришларини олдини олишлик бизу-сизнинг вазифамиз эканлигини унутмайлик. Фарзандларимиз ким билан ва қайси сайтга кириб кимларнинг марузаларини эшитиши, кимлар билан ижтимоий тармоқларда ёзишаётгани билан қизиқиб, уларни назорат қилиб туриш мақсадга мувофиқ бўлади, ҳамда уларга тўғри йўлни кўрсатган бўламиз. Яратган бизларни ва фарзандларимизни ўз паноҳида асрасин.

Ёшларни илм-маърифатли, турли соҳаларда етук мутахассис, жисмонан баркамол инсон бўлиб етишиши учун кенг шароитлар яратиб берилган. Мазкур имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланиш, жамият ва давлат учун фидокор шахс бўлиш ҳар бир ёшнинг бурчи ва мақсади. Бунинг учун эса, улар аввало, касб фанларини чуқур ўзлаштириш, шунингдек, ўзбек халқининг меҳнатсеварлик, оилани муқаддас билиш, инсонларга меҳрибонлик, дўстларга садоқат, ватанпарварлик каби тарихан эъзозлаб келинаётган қадриятларини ўзида шакллантиришини ўргатишимиз лозим. 

Биз мўмин-мусулмонлар Аллоҳнинг марҳаматидан умидвор бўлсак, Унинг чақириғига итоат этиб, юртимиз ва хонадонимиз тинчлиги, ҳаётимиз фаровонлиги ҳамда охиратимизнинг обод бўлишига панд берадиган унсурлардан огоҳ бўлмоғимиз, уларни бартараф этиш учун саъй ҳаракат қилмоғимиз лозим.

 

 

 

 Жўйбори Калон аёл қизлар ўрта махсус ислом

 таълим муассасаси маънавият ва маърифат ишлари

 бўйича директор ўринбосари:                                                 И Уста-Алимова

Izoh qoldirish