20.10.2022

Диний экстремизм ва терроризм – жамият барқарорлигига таҳдид

Диний экстремизм ва терроризм – 

жамият барқарорлигига таҳдид

 Диний экстремизм – баъзи диний ташкилотлар ёки айрим диндорларнинг жамият қонун-қоидаларига мос келмайдиган мафкураси ва фаолиятидир. Диний экстремизм кўпчилик динларда мавжуд бўлиб, унинг тарафдорлари ўз олдига сиёсий мақсадларни қўяди. Ислом эктремизмининг ақидасига кўра, биринчидан, гўё барча ҳозирги замон мусулмон жамоалари исломий тусларини йўқотганлар ва “жоҳилия” асри жамиятларига айланганлар. Бундай ёндашув ҳукумат ва унинг олиб бораётган сиёсатини кескин танқид этиш учун “асос” бўлиб хизмат қилади. Иккинчидан, гўё фақат “ҳақиқий” мусулмонлар ҳокимиятга келгач, барпо бўлажак “исломий тартиб”ни ўрнатиш учун кескин ва агрессив ҳаракат қилмоқлари лозим. Бундай ҳаракатнинг қонунга мувофиқлиги масаласи улар томонидан умуман ўртага қўйилмайди, зеро, улар фақат шариатга (бу ҳам уларнинг тор талқинида) таяниб иш кўрадилар ва ўзларини исломдан чекинган ҳокимиятни ағдаришга гўё ҳақли деб биладилар. Ислом экстремизмининг “нозик” томони унинг “дин”га (ҳақиқий динга эмас) асосланганидадир. Гуруҳ раҳбарлари ўз қўл остидаги аъзоларининг онгига шу даражада таъсир ўтказадиларки, улар ҳатто ўзларини қурбон қилишга, муайян мақсад йўлида “шаҳид” ёки “камикадзе” бўлишга тайёр турадилар. “Мусулмон-биродарлар” ҳаракати (Миср, 1928 йил) дан етишиб чиққан Саййид Қутб (1906-65) ҳозирги замон ислом экстремизмининг ғоявий асосчиси сифатида тан олинган. Унинг “назария”сига кўра, ўзини мусулмон деб ҳисобловчиларнинг кўпчилиги аслида мусулмон эмас ва умуман, барча давлатлар исломга қаршидирлар. Демак, мақсад – ислом давлатини барпо қилиш ва жамиятни тўлиғича исломлаштиришдир. 

Христиан динининг баъзи секталарига асосланган кўплаб диний экстремистик ҳаракатлари ҳам мавжуд. Айниқса, “яхвечилар”, “пятидесятниклар”, “ташаббускор баптистлар” умуман қонуний ҳокимият ва дунёвий қонунларни тан олмайдилар. Уларнинг фикрича, гўё черков давлатдан юқори. Пятидесятникларнинг баъзи гуруҳлари эса ўз тобеларини ўта шафқатсизлик билан адо этиладиган ибодатларга зўрлайдилар, дунё неъматларидан воз кечиб, таркидунёчилик билан яшашга даъват этадилар.

Диний экстремизм ёки ашаддий ақидапарстлик турли кўринишларда намоён бўлиши мумкин. Масалан, Ольстердаги “ультра” протестантлар, Яқин ва Ўрта Шарқдаги “мусулмон-биродарлар”, Марказий Осиё ва Кавказда пайдо бўлган ваҳҳобийлар (Ваҳҳобийлик) ва бошқалар. Улар жамиятга ва Қонунларга деярли бир услубда қарши кураш олиб борадилар. 

Диний экстремизм муайян кўринишда Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлди. Ислом экстремизми гуруҳи фаолияти натижасида 1997 йил декабрда Наманган шаҳрида бир неча қотилликлар юз берди. Ўтиш даврига хос иқтисодий қийинчиликлар, халқнинг диний қарашларга таъсирчанлиги ва диний урф-одатларга мойиллигидан фойдаланиб, экстремистлар очиқдан-очиқ куч билан Фарғона водийсида ижро ва суд ҳокимиятининг айрим вазифаларини ўзлаштиришга ҳаракат қилдилар. 1999 йил 16 февралда Тошкент шаҳрида юз берган воқеалар диний ақидапарастларнинг асл мақсади конституциявий тузумга зарба бериш ва ҳокимият тепасига келиш эканини кўрсатди. Диний экстремизмнинг Ўзбекистонга таҳдидини ақидапарастликни ёйиш орқали мавжуд давлатга ишончни йўққа чиқаришга уринишда кузатиш мумкин. Экстремистлар жамиятда эрксиз, муте, фаолиятсиз кишилар сафини орттириш, “сохта” ва “ҳақиқий” диндорлик белгилари бўйича қарама-қаршиликни келтириб чиқаришни кўзлайдилар. Улар ўз мақсадларига эришиш учун жангарларни тайёрлашга ҳам ҳаракат қилдилар. Ўзбекистонни Ғарбга “исломлаштирилган”, Шарққа эса, аксинча, “динсиз”, “даҳрий” шаклда кўрсатиб, Республикамизнинг халқаро обрўсига путур етказиш ниятида бўлдилар. Улар, умуман, ислом цивилизацияси билан ноисломий цивилизациялар ўртасида ялпи қарама-қаршиликларни кучайтириш каби ёвуз режаларни тузишдан ҳам қайтмадилар. 

Юқорида қайд этилган ҳолатлар ҳушёрликни қўлдан бой бермаслик, ҳамиша огоҳ бўлиб яшаш заруратини яна бир марта кўрсатмоқда. Бу эса ўз навбатида, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда халқаро майдонда кўп ва икки ёқлама ҳамкорликни кучайтириш, БМТ, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг фаолиятини самарадорлигини ошириш масаласини қатъий қилиб кун тартибига қўймоқда.

Маълумки, Ўзбекистон қатор минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган шартномаларни бажаришда фаол қатнашиб келмоқда. Терроризмга қарши кураш, уни бартараф этиш масалаларига оид сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатлар БМТ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доираларида имзоланган.

Олимлар ва уламоларимиз, соҳа мутахассислари томонидан ақидапарастликнинг турли кўринишларини фош этувчи қўлланмалар нашр этилиб, аҳолининг кенг қатламлари ичида тарқатилмоқда.

Уламоларимиз жума маърузаларида, чегара ҳудудларда даврий равишда ташкил этилаётган учрашувларда мутаассиб даъватчиларнинг сохта даъволарини далиллар билан фош этиб, аҳолини, айниқса, ёшларни алдовларга учмасликка чақирмоқдалар.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври ичида Дин ишлари бўйича қўмита ЎМИ, ТИУ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва ўқув муассасалари билан ҳамкорликда 200 дан зиёд маърифий тадбирлар ташкил этди. ЎМИ интернет сайтларига мавзуга оид юздан зиёд мақолалар жойлаштирилди.

Шу билан бирга, диний-экстремистик гуруҳлар, жиҳодий жамоа ва уларнинг даъватчилари томонидан олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларининг тобора кенгайиб бораётгани республикамиздаги давлат ва жамоат ташкилотларининг аксилтарғибот ишларини фаоллаштириши, уларни янги, таъсирчан ва оммабоп усул ва шаклларни  амалга оширишни тақазо этмоқда.

Сўнгги вақтда қўни Афғонистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг кескинлашуви, Толибон ҳаракати ва мазкур мамлакатдаги бошқа террорчи гуруҳларнинг Марказий Осиё республикаларига чегарадош ҳудудларда тўпланаётгани ҳақидаги маълумотлар бизни янада ҳушёр бўлишимиз лозим эканидан далолат бермоқда.

Давлатимиз Раҳбари томонидан жамиятимизнинг маънавиятини юксалтириш, аҳолини ёт ва сохта диний ғоялар таъсиридан сақлаш, ҳушёрлик ва огоҳликни даъват этишда диний соҳа ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар юксак баҳоланганига барчамиз гувоҳмиз. Мазкур эътироф диний соха ходимларини жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни авайлаб-асраш йўлида янада фидокорона фаолият юритишларига ундайди.

 Жўйбори калон ўрта махсус ислом таълим муассасаси 

мударрисаси А.Жамилова

 

 

 

Izoh qoldirish