Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,домла ҳазратларининг “1-октябрь Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан байрам табриги
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,домла ҳазратларининг “1-октябрь Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан байрам табриги
Ассалому алайкум, ҳурматли диний таълим муассасалари раҳбарлари, фидоий мударрислар ҳамда жонкуяр мураббийлар!
Ҳар бир инсоннинг комил шахс бўлиб вояга етишида, етук касб эгаси бўлиб жамиятда ўз ўрнини топишида устоз-мураббийларнинг ўрни жуда ҳам муҳимдир.
Фидойи, заҳматкаш устозлар ўз шогирдларига билим бериш баробарида улар қалбига инсонга хос энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб боради.
Мамлакатимизда “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” деб эълон қилингани Мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган минг-минглаб ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар меҳнатининг юксак эътирофи, уларга билдирилган ҳурмат ва эътибор намунасидир.”
Устозлик олий рутба, юқори мақомга эга. Унга эришиш учун эринмай меҳнат қилиш ва тер тўкиб ишлашга тўғри келади. Бемисл меҳнат, тинимсиз изланиш, билим жавоҳирларини йиғиб, уни шогирдларига улашиш устозлик обрўсини улуғ қилади. Ҳақиқатан ҳам, инсонни инсон қилиб камол топтиришда, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда, бир сўз билан айтганда, жамиятимизнинг муносиб фуқароси бўлиб ҳаётга қадам қўйиши ва мустаҳкам ўрин олишида ўқитувчи ва мураббийлар, барча таълим соҳаси фидойиларининг ҳиссаси беқиёсдир.
Зеро, Аллоҳ илм қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан илм ато этилган инсонларнинг ҳам қадрини юксак қилиб қўйди. “Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даражаларга кўтарур”, деди” (Мужодала сураси, 11-оят).
Диний таълим муассасаларида ҳам кўп сонли ёшларни ўз фарзандларидек севадиган юзлаб фидойи ўқитувчи ва мураббийлар меҳнат қилишмокда. Уларнинг меҳнатини игна билан қудуқ қазишга ўхшатиш мумкин.
Диний таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган барча ўқитувчи ва мураббийларни умумхалқ байрами сифатида нишонланаётган шодиёналари билан чин юракдан табриклайман, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ-умр, шарафли ва машаққатли фаолиятларида каттадан-катта муваффақиятлар тилайман!
Азиз устозлар! Ҳамиша элда азиз, юртга фидоийлар қаторида бўлинг! Масъулиятли фаолиятларингизда Меҳрибон Аллоҳ таолодан Сизга куч-гайрат, матонат сўраб қоламан.
Камоли эҳтиром ила Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров
Жўйбори Калон аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати
Izoh qoldirish