Ҳанафий мазҳабининг таърифи ва шаръий ҳукмларнинг далиллар.
Луғавий таърифи الحنفى лафзи Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳ куняларининг нисбий сифатидир.
Истилоҳий таърифи Ҳанафий мазҳабидаги барча масалалар Имом Абу Ҳанифанинг ижтиҳодий мазҳаблари эмас. Балки Имом Абу Ҳанифадан кейинги мужтаҳидлик даражасига етган Ҳанафий олимлар Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад каби ўз мазҳаббошларининг усулларига биноан ёки у зотдан ривоят қилинган фуруъларга қиёслаб жуда кўп масалаларнинг ҳукмини аниқлаганлар ва булар ҳам Ҳанафий мазҳабидан деб эътибор қилинади.
Шундай экан, Ҳанафий мазҳабига қуйидагича таъриф бериш мумкин: “Ҳанафий мазҳаби бу – фаръий ижтиҳодий масалалардаги Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг мужтаҳид соҳибларининг ороъларидан ҳамда тобеъларини уларнинг қоида ва усулларига биноан ёки масала ва фуруъларига қиёслаб чиқарган тахрижларидан иборат”.
Шаръий ҳукмларнинг далиллари.
Далил бу – унга тўғри назар солиш ила талаб қилинаётган хабарга етиштирадиган нарса. Шаръий далил эса, шаръий амалий ҳукмни чиқариш учун дастак қилинадиган нарсадир.
Шаръий далиллар умумий эътиборга кўра икки хил бўлади:
1. Жумҳур уламолар иттифоқ қилган далиллар:
- китоб;
- сунна;
- ижмоъ;
- қиёс.
2. Жумҳур уламолар иттифоқ қилмаган далиллар:
- истиҳсон;
- масолиҳул мурсала;
- истисҳоб;
- урф;
- мазҳабус саҳобий;
- шаръу ман қоблана;
- саддуз-зароиъ.
Биринчи далил: Қуръони карим
Қуръон аҳкомлари ислом таълимотининг асосидир. Зеро, унда инсон ҳаётининг барча соҳалари қамраб олинган. Бирини олиб, иккинчисини ташлаб қўйилмаган. Улар қуйидаги уч навга бўлинади:
1. Ақийдага оид аҳкомлар.
2. Ахлоққа оид аҳкомлар.
3. Амалга оид аҳкомлар.
Қуръони карим оятларининг аҳкомларга далолати гоҳида қатъий, гоҳида зонний (қатъиймас) бўлади.
- далолати қатъий матн Қуръонда келган ва уни ўзи тайин қилган маънодан бошқа ҳеч бир маънога буриб бўлмайдиган лафздир.
- далолати зонний (қатъиймас) матн Қуръонда келган битта маънодан бошқа маънога ҳам таъвил қилса бўладиган лафздир. Агар лафз муштарак, ом ёки мутлақ бўлса, уларнинг далолати зонний бўлади. Лекин бир мазҳабга эргашганлар учун ўша мазҳаб қабул қилган маъно қатъий ҳукм ҳисобланаверади[1].
Иккинчи далил: Суннати мутоҳҳара.
У санад эътиборидан жумҳур уламолар наздида икки қисмдир: суннати мутавотира ва оҳод. Ҳанафийлар наздида эса уч қисмдир: суннати мутавотира, суннати машҳура ва оҳод.
- Мутавотир суннат
“Мутавотир” сўзи луғатда “кўплик” ва “кетма-кет” маъносини англатади. Уламолар истилоҳида эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадисни ривоят қилган биринчи, иккинчи ва учинчи халқа одамларининг ёлғонга келишувига имкон бермайдиган даражада кўп бўлишидир. У икки хил навга бўлинади:
Биринчи хили – лафзий мутавотир.
Бу хилдаги ҳадисларнинг барча ривоятларида келган лафз ҳам, маъно ҳам бир хил бўлади.
Иккинчи хили – маънавий мутавотир.
Бу хилдаги ҳадисларнинг маъноси бир хил бўлса ҳам ўша маънони ифода этувчи лафзлар турлича бўлади.
- Суннати машҳура.
Машҳур суннат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоят бўлиб, адади мутавотир даражасига ровийлардан битта ёки иккита етмай қолганидир. Унда асосан саҳоблардан кейинги иккинчи асрдаги тобеинлар ва учинчи асрдаги табаъа тобеинлар адади мутавотир даражасида бўлиб, саҳобалар озчиликни ташкил қилади.
- Оҳод суннат.
“Оҳод” сўзи луғатда “озчилик кишилар” маъносини билдиради. Уламолар истилоҳида эса, биринчи уч асрда ровийларининг сони мутавотир даражасига етмаган ҳадисга айтилади. Оҳод суннат “зонн”ни – яқин даражасида бўлмаган илмни ифода қилади.
Учинчи далил: Ижмоъ
Уламолар истилоҳида ижмоъ қуйидагича таъриф қилинади: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг, бирор асрда мужтаҳидларнинг шаръий ҳукмга қилган иттифоқи ижмоъ дейилади”.
Тўртинчи далил: Қиёс
“Қиёс” сўзи луғатда “бир нарсани бошқаси билан ўлчаш”, яъни бирор нарсанинг ўлчовини билиш маъносида ишлатилади. Яна қиёс сўзининг “бир нарсани ўзига ўхшаш нарса билан тенглаштириш, таққослаб кўриш” маъноси ҳам бор. Уламолар истилоҳида эса, “шаръий ҳукми бўйича китоб, суннат ва ижмоъда ҳужжат келмаган ишни ҳукмига улардан бирида ҳужжат келган ишга тенглаштириш қиёс дейилади”.
Бешинчи далил: Истиҳсон
Уламолар истилоҳида “далил асосида хафий қиёсни жалил қиёсдан устун қўйиш ёки жузъий ҳукмни куллий аслдан ёхуд умумий қоидадан ушбуни тақозо қилган хос далилга асосан истисно қилишдир”.
Истиҳсондан мужтаҳид уламолар жуда кўп ҳукмларни чиқарадилар. Шунинг учун ҳам Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ “Илмни ўндан тўққизи истиҳсондир” деганлар.
Олтинчи далил: Урф
Урф одамлар ўрганиб қолган, яъни одамларга таниш бўлиб қолган иш ёки сўз бўлиб, жамиятда машҳур бўлган нарсадир. Урф иккига: амалий ва қовлийга бўлинади.
Одамлар ўрганиб қолган иш – амалий урфни уламолар одам деб ҳам атайдилар. Урф қавлий, яъни гап маъносида ҳам бўлади. Унда луғатнинг эътиборидан ташқари ҳолатда, бир сўзни маълум бир маънода ишлатиш урф бўлиб қолади. Масалан, арабларда “самак” – балиқ дейилаверади. Лекин ҳеч ким балиқ гўшти демайди. Чунки урфда шундай бўлиб қолган. Балиқ деса ҳам гўштни тушунилаверади.
Урф шаръан эътиборга олиниши ва олинмаслиги жиҳатидан иккига бўлинади:
Саҳиҳ урф - одамлар орасида танилиб қолган, лекин ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қилмайдиган урфдир.
Фосид урф – ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилган урфдир.
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ислом таълим муассасаси
4-курс талабаси Фараҳноз Рамазонова
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Усулул фиқҳ” – Б 27-60
Izoh qoldirish