08.06.2022

Бидъат ва хурофотлар

Жамиятга, ҳатто динга зарар келтирувчи зарарли одатлар бор. Биз уларни умумий тарзда «Бидъат ва хурофот» деб юритамиз. Бидъат — Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин одамлар томонидан динга киритилган янгиликлардир.Уламоларимизнинг  айтган фикрлари  буйича бидъат икки хил бўлади:

1.Бидъати ҳасана (яхши саналган бидъат), масалан: мавлид ўқиш, таровиҳ намозида хатми Қуръон қилиш кабилар.

2.Бидъати саййиа (ёмон деб саналган бидъат), масалан: Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатиб берган мотам кунларига қўшимча мотам тутиш, ислом динида байрам қилиб белгиланган ҳайит кунларини мотамсаро кайфиятда ўтказиш, қабристонларга бориб шам ёқиш кабилар.  Хурофот эса халқ ўртасида одатга айланган, аммо дин кўрсатмаларига зид бўлган амаллардир. Масалан: аёлларнинг фарзанд талаб қилиб, дарахтга латта боғлашлари, янги келин-куёвларнинг никоҳ кечаси аланга ёқиб, унинг атрофида айланишлари ва шу кабилар. “Бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақидаларга киритилган ўринсиз ислоҳ”, – деган маънони билдиради. Истилоҳда эса Аллома Иззиддин ибн Абдуссалом шундай таърифлаганлар:

اَلْبِدْعَةُ فِعْلُ مَا لَمْ يُعْهَدْ فِي عَصْرِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ

“Бидъат – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир” (“Қавоидул аҳком” китоби).

Демак, ибодатларда асри саодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланар экан. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“عَليْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الخُلَفَاءِ الرَّاشِدِيْنَ المَهْدِيِّينَ، عَضُّوا عَلَيْها بالنَّوَاجِذِ، وَإيَّاكُمْ وَمُحْدَثاتِ الأُمُورِ، فإنَّ كُلَّ بِدْعَةٍ ضَلالَةٌ” (رَوَاهُ الإمام أَبُو دَاوُدَ وَالإمام التِّرْمِذِيُّ عَن العِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَة).

яъни: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат – залолатдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари). Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларида бўлмаган ҳар бир амал ҳам ёмон бидъат бўлавермайди. Балки, шариатимизнинг умумий қоидаларига зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларида бўлмаган ҳар бир амал ҳам ёмон бидъат бўлавермайди. Балки, шариатимизнинг умумий қоидаларига зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади. 

Бидъат амаллар тарқалишининг омиллари қуйидагилардир: Илми мукаммал бўлмаган, лекин ўзини ўта илмли ҳисоблайдиган баъзи кимсаларнинг дин номидан гапириши, ўзи ўйлаб топган, кўзига чиройли кўринган ишларни суннат ва савоб билан боғлашга уриниши. Масалан, шиалар, хорижийлар, жабарийлар, қадарийлар асосчилари мусаффо эътиқод масалаларига бидъатлар киргизди ва кўплаб инсонларни тўғри йўлдан чалғитди. ХХ асрда пайдо бўлган “Ҳизбут-таҳрир” каби оқимлар ҳам Қуръон ва суннатда йўқ масалаларни динда бор деб эълон қилишга интилди.

Дуохон, азайимхон кабиларнинг ўз олдига келувчиларга савоб бўлади дея “қон чиқариш”, “мозорга эҳсон қилиш”, “оқ қўчқор сўйиш” каби шариат буюрмаган амалларни тавсия қилишлари ва бу тавсияларнинг халқ орасида турли йўллар билан тарқалиши.Молу дунё тўплаш ёки обрў орттириш мақсадида савоб ва жаннатни ваъда қилувчи “Нурнома” ва “Мушкул-кушод” каби шаръий асосларга эга бўлмаган рисола ва китобларнинг ёзилиши ва тарқалиши. Кейинги вақтларда диний-маърифий китоблар расталаридан ўрин олишга уринган “Саодатга элитувчи билим” китобини ҳам ўшалар қаторига киритиш мумкин. Имом Бухорий бобомиз: “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмагай”,- деб бежиз айтмаганлар. Биз ҳар қандай бидъатга барҳам беришимиз учун асл Исломнинг моҳиятини халқимизга етказишимиз керак. Иншааллоҳ, шунда аста секинлик билан бидъатлар ўрнини суннатлар эгаллайди. Турли ноқулайликлар барҳам топади.

 

 

 

Жўйбори Калон ЎМИТМ ўқитувчиси:                            И.Уста-Алимова 

Izoh qoldirish