01.06.2022

Либосда тақлиддан асранайлик

              

      Ҳар бир жамият ва ҳар бир шахс, эркак бўлсин, аёл бўлсин, гўзал ўрнакка эҳтиёжи бор. Буюк ва комил шахсиятдан ўрнак олувчи жамият аъзоси ҳар турли фазилатларга эришади, юрти, оиласи обод бўлади, икки дунё саодатини қўлга киритиб, ортидан гўзал хотира қолдиради.

    Аллоҳ таолонинг одам болаларига берган улкан неъматларидан бири бу-кийиниб юриш ҳисобланади. Инсон либоси авратини ёпиш ва гўзал кўринишга эга бўлиш билан бирга бу борада бир қанча одобларга риоя этишни ҳам талаб қилади. Ҳар бир инсон ақл-идроки, фаҳму-фаросати ва диди билан кийинмоқлиги лозим. Агар кийим оддий ва дид билан кийилган бўлса, бу албатта ўша инсон тўғрисида ижобий баҳо беришга ундайди. Кийим инсонларни ажабланишига ва ҳавасига сабаб бўлади. Оилада ҳар бир фарзандни тарбиялаб, вояга етказаётган оилаларнинг ўз фарзандининг тарбияси ва кийинишга бўлган эьтибори муҳим ахамиятга эга бўлган омиллардан ҳисобланади.

     Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам “Бирорта ота-она ўз фарзандига хулқи-одобидан афзалроқ мерос бера олмайди” деб марҳамат қилган эдилар.Ҳар бир оилада эркак кишини, отани шани улуғланиши, кексаларга ҳурмат, яқинларига меҳрли-оқибатли бўлишлик, қолаверса ёшларимиз миллий одобларимизни пухта ўрганиб етишлари, миллий қадриятларимиз, диний урф-одатларимизга, миллийлигимизга мос равишда, Ватанимизга, халқимизга меҳрли-оқибатли ва содиқ бўлишлик ҳар икки дунёда ҳам саодат келтиришини унутмаслигимиз лозим. Буюк мутафаккирларимиздан бири А.Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт-ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат-ё фалокат масаласидир” деб таъкидлаганлар.

    Ислом қонунларида либослар келиб чиқиши ва турлари ҳақида зикр этилган бадиий асар муаллифидир, Шариат қоидаларини асос қилиб олган ҳолда, уларни Қуръондан мисоллар, Пайғамбар ва халифаларнинг сўзлари билан тасдиқлаб, ҳар бир халқ миллий либоси қиймати ва ўзига хослигини исботлайди. Улар ёрдамида авлодлар ўз аждодларидан ҳаёт ва либосларнинг аниқ услубини мерос сифатида қабул қилиб оладиган ўзига хослиги, анъанавийлиги ва бир-бирига ўхшамаслиги муҳимлигини қайд қилади. Либос миллат асосий таянчини шакллантирувчи руҳни ўзида акс эттиради. Айнан либослар воситасида миллат ўз миллийлигини кўрсатиб, дунёга ўзининг яхлит жамоа эканлигини маълум қилади.

"Бошқа бир миллатнинг либоси ва ҳаёт тарзини қабул қилган миллат, ҳақиқатдан ҳам, ўзининг тўла қимматга эга бўлмаганини кўрсатади. У чеклангани ва нафратга лойиқ эканлиги, фаҳрлана олишга арзигулик бирор нарсага эга эмаслигини тан олган бўлади. Бу  билан ушбу миллат вакиллари ўз аждодлари келгуси авлодларининг ўзларига уялмай сақлай оладиган бирон-бир нарса қолдириб кетишга қодир бўлмаганликларини тан олган бўлади". Бу сўзлар бегоналар либосларини кийиб кўриш муаммоси вужудга келган бугунги кунда, айниқса, долзарбдир. 

       Ўрта асрларда Ғарб тамаддунининг тарақкий этишида Шарқ тамаддуни кучли таъсир кўрсатган. Бугун тан олиш керакки, Шарқ халқлари Ғарб маданиятидан кўпроқ таъсирланмокдалар. Турмушини яхшилаш, яшаш шароитини қулайлаштириш, фан-техника, электроника каби соҳаларда Ғарб халқлари эришган ютуқлардан Шарқ халклари ҳам баҳраманд бўлишмоқда. Бунинг ёмон жойи йўк. Улардан тараққиётимиз, юксалишимиз учун зарур илмларни ўрганишимиз зарур. Фаровонликка, эзгуликка хизмат қиладиган кашфиётларни ўзлаштиришимиз ҳам мақбул иш. Лекин кийиниш маданиятида Ғарбнинг бешарм "тараққиёти"га ёки Яқин шарқнинг "қора ҳижоб"ларига кўр-кўрона янгича услуб деб тақлид қилмоқдамиз. Араб аёллари ўз иқлим шароитидан келиб чиқиб кийим киядилар ва ўзларига ярашган урф-одатларига риоя қиладилар. Мусулмончилик дегани араблардек яшаш дегани эмас, биз ўзбеклармиз, ўзимизга хос, ярашган либосларни кийсак, нақадар аъло.

      Ўзбек халқи ўзининг асрлар оша қадрланиб келаётган миллий либослари билан ҳам бутун дунёга довруғ таратган. Турли рангларда товланиб, кўзни қамаштирувчи атласу адраслар нозик хилқат вакилларининг кўркига кўрк қўшишда катта аҳамият касб этса, беқасам тўн, миллий дўппи ва белбоғ алп ўғлонларнинг мард, жасур ва довюрак бўлиб камол топишида муҳим ўрин тутади.

Шариатда аврат саналган барча аъзоларни беркитиб юришга кўрсатмалар берилган. Чунки инсон ҳаёти давомида жамиятда яшар экан, у хоҳ кийимда бўлсин, хоҳ зийнатда бўлсин ўзгалар назарини ўзига жалб қилиши ва ўзига қаратиши гуноҳ ҳисобланади. Ҳозирги вақтда қоп-қора рангли либосларда ўраниб юриш, ўзга миллатларнинг кийимини кийишлик урфга айланиб бормоқда. Тор-танқис, очиқ-сочиқ, калта-култа, йиртиқ шимларда юриш ёшларимизга урф бўлиб қолди. Либос кийишда бирор қавмга тақлид қилиш тўғри бўлмайди. Негаки, қалб ҳам ўша қавмга мойил бўлиб қоларкан. Кишининг ҳақ ёки залолат йўлидан кетиши унинг қалбига боғлиқ бўлади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи вассаллам “Ким бошқа қавмга тақлид қилса у ўша қавмдандир” – дедилар. Яъни, инсон тақлид қилиши билан ўзга               қавмдан бўлиб қолишлигини таъкидламоқдалар.
-"Баъзан миллат ягона бир бутун бўлиб, бошқа миллат услуби ва ташқи кўринишини қабул қилади. Маданий муносабатда бундай ҳаракат тўғри эмас. Чунки бегона миллатни ўз яшаш услуби, деб қабул қилувчи кишилар илдизларидан айриладилар ва охир-оқибат, ўзларининг миллатларига ҳам, ўхшашни истаган миллатларига ҳам тегишли бўлмай қолишади. Ислом дини тақлид қилишни қоралайди ва тақиқлайди.

Кўр-кўрона тақлид билан кимларга эргашамиз ёки нимага эришамиз... Ҳеч нимага!

Миллат ақлий муносабат ва аҳлоқан ортга томон ривожлана бошлаган ҳолатдагина,  ўз миллий хислатларидан воз кечади". Оила шаъни улуғ деймиз, бироқ миллат номуси ундан-да улуғ, мамлакат обрўси ниҳоятда азиз.

 

BUXORO “JO’YBORI KALON” AYOL-QIZLAR

O’RTA MAXSUS ISLOM TA’LIM MUASSASASI

     MUDARRISASI   GULSHAN SHOMURODOVA                      

 

                                        

 

 

Izoh qoldirish