23.05.2022

Либос ички дунё кўзгуси.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. 

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, жаннатни у кишига маскан қилди. У зот жаннатда хоҳлаган нарсани еб, унинг сояларида сояланиб, унинг неъматларидан баҳраманд бўлиб, тенги йўқ роҳат-фароғатда юрган эдилар. Лекин шунча неъматлар ва роҳатларга, атрофларини ўраб олган гўзалликларга, дарахтларнинг, қушларнинг гўзаллигига, таом ва бошқа нарсаларнинг лаззатлилигига қарамай, у киши ёлғизликни ҳис қилдилар.
        Ёлғизликни ҳис қилган Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло Ҳавво онамизни яратиб берди. Аллоҳ таоло Ҳавво онамизни Одамга унсу улфат бўлсин, унга яқин бўлсин, уларнинг ўртасида муҳаббат бўлсин, унда хотиржамлик, омонлик бўлсин деб яратди. Аллоҳ таоло Ҳавво онамизни Одам алайҳиссаломнинг қовурғаларидан яратди.
          Албатта, солиҳа аёл эркак учун роҳат ва гўзаллик масдаридир. Ундай аёл доим эрини рози қилиш пайида бўлади. Солиҳа аёл эри билан яшар экан, унинг ҳаётини роҳат-фароғатга, меҳру муҳаббатга тўлдириш учун қўлидан келган барча ишни қилади. Солиҳа аёлга дунё матоларининг қизиғи бўлмайди. Унинг мақсади фақат Аллоҳнинг розилиги ва эрининг розилиги бўлади. Солиҳа аёл дунёга ҳар қанча рағбати бўлмасин, уларни эрини деб қурбон қилади. Дунё ўз эшикларини унга ҳар қанча очиб турса ҳам, у ўзига керагидан ортиғини олмайди. Чунки солиҳа аёл қаноатли бўлади. Либос, уй жиҳозлари ва ҳоказо нарсаларнинг илинжида эрининг таъбини хира қилмайди. Ўзига ўхшаган аёллар ўз эрларидан турли нарсаларни талаб қилаётганларини ҳар қанча кўрса ҳам улардек йўл тутмайди. Балки сабрли, қаноатли, борига рози бўлувчи бўлади. Солиҳ эри борлигини Аллоҳнинг катта неъмати деб билади. Агар ўзига ёки эрига бирор мусибат ё беморлик етса, мол ҳам обрў ҳам ҳеч қандай фойда бермаслигини билади. Бундай аёлнинг эри уйига шошилади, аёлини тезроқ кўргиси келади. Солиҳа аёлга уйланган эркак аёли билан гаплашганда кўнгли кўтарилади.
Иффатли аёл одамларнинг кўзига виқорли бўлиб кўринади. Иффатли аёлнинг эри у билан фахрланади. Ислом дини солиҳа, гўзал хулқли аёлга уйланган эркакни зафарга, бахтга эришган деб эълон қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур!” деганлар. Солиҳа аёлга уйланган эркак дунё ва охират яхшилигига эришган бўлади. Чунки у эрига ибодатларни адо этишда, вазифаларни бажаришда эслатувчи, қизиқтирувчи бўлади.

Исломда аёл кишига зебу зийнат ҳалол қилинган. Чунки чиройли бўлишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Аллоҳ уларни шундай қилиб яратган. Ҳар бир аёл чиройли кўрингиси келади. Замон ўтиши билан зийнат ўзгариши мумкин, аммо аёл кишининг зийнатга бўлган рағбати ўзгармайди. Ислом аёл кишидаги ушбу рағбатни эътиборга олади. Аёл кишига зийнатланишга рухсат беради. Шу маънода эркакларга ҳаром қилинган тилла, кумуш ва шойи-ипаклар аёллар учун ҳалолдир. 

          Лекин Исломда ушбу зебу зийнатнинг таъсир доираси тартибга солинган. Аёлларнинг зебу зийнатлари номаҳрам–бегона эркакларнинг кўзини ўйнатишга, шаҳвоний ҳисларини қўзғашга, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак. Аёл киши, шунинг учун ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитмоғи лозим.

«...магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса, (майли)». Яъни, беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. Мисол учун, беихтиёр шамол турибми ёки бошқа сабабданми, зийнати зоҳир бўлиб кўриниб қолса, гуноҳ ҳисобланмайди.

«Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар». Яъни, бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга мўлжал бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин.

Ислом тарихида баъзи саҳобия аёлларнинг қора рангли ёпинчиққа ўранганларининг асосий сабаби ўзларига номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб этмаслик бўлган. Лекин бундан бошқа муслима аёлларнинг ҳам кийимлари айнан қора рангда бўлиши шарт экани келиб чиқмайди. Чунки бошқа кўплаб ривоятларда Расули Акрам алайҳиссаломнинг аёллари, қизлари ва бошқа саҳобия аёллар ипак, пахта, канопдан тўқилган қизил, кўк, оқ ва сариқ рангли матолардан кўйлак кийишгани нақл қилинган.

Машҳур тобеинлардан Иброҳим Нахаий ва Алқама ибн Асвадлар Набий алайҳиссаломнинг аёлларини қизил ёпинчиқда кўрганларини айтишган (Ибн Аби Шайба ривояти). Яна бир тобеин Ибн Аби Мулайка: “Умму Салама разияллоҳу анҳонинг устида сариққа бўялган рўмол ва кўйлакни кўрдим”, деган (Ибн Аби Шайба ривояти). Шунингдек, Қосим ибн Муҳаммад Оиша онамизни эҳромдалик пайтларида сариқ рангли кўйлак кийганларини айтган. Саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу эса: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсумнинг устига йўл-йўл чизиқли ипак тўн ёпиб қўйилганини кўрганман”, деганлар (Имом Бухорий ривояти)

Расули Акрам алайҳиссаломнинг суюкли қизлари Умму Кулсум разияллоҳу анҳо йўл-йўл чизиқли кийим кийганлари, ана шундай ранг ва шаклдаги либос кийиш аёлларга жоиз эканига далолат қилади.

Аёлларнинг қора кийим кийишларига диний тус бериш нотўғри эканини ҳозирги замон уламолари ҳам таъкидлаб ўтишган. Жумладан: Саудия Арабистонига қарашли “Илмий тадқиқотлар ва фатво бериш доимий қўмитаси” томонидан эълон қилинган “Аёл кишининг рўмоли ва либосининг ранги ҳақида”ги фатвосида шундай дейилган:

“Муслима аёл кишининг либоси қора рангга хосланган эмас. У истаган рангдаги либосни кийиши мумкин. Бунда кийим аврат аъзоларини тўсадиган бўлиши, эркакларнинг либосига ўхшамаслиги, тор бўлиб, аёлнинг аъзоларини билдириб турмаслиги, юпқа бўлиб, ортидаги нарсани кўрсатадиган бўлмаслиги ҳамда фитнага сабаб бўлмайдиган либос бўлиши шарт қилинган”.Фазилатли шайх Аднан Таҳа Аммоннинг “Дастур” газетасига берган интервюсида шундай дейдилар: “Ҳижоб кийимининг қора бўлиши мажбурий эмас. Лекин ҳар қандай рангда жоиз. Шуҳрат кийими ёки диққат эътиборни тортадиган даражада бўлиши керак эмас. Одатда араб аёллари қора рангли кийим кийишади. Бу урф саналиб, камтарлик белгиси деб санашади. Шаҳарларда айрим қабилалар ва аёллар бош ва юзни бекитувчи ранг сифатида оқ рангдан фойдаланишган. Аслида динимиз аёлларни маълум бир рангдаги кийимни кийишга мажбурламайди”.

Ушбу маълумотлардан маълум бўлмоқдаки, динимизда аёлларнинг либоси ёки рўмоли муайян бир рангда ёки шаклда бўлиши қатъий белгиланмаган. Балки Ислом динига мансуб ҳар бир халқнинг ўз миллатига, замонасига хос кийими бор. Масалан: Эронда бошқача, Туркияда бошқача, Малайзияда, Индонезияда бутунлай бошқача. Шу боисдан табиийки, ўзбек миллатига мансуб мусулмон аёлларининг миллий кийими ҳам ўзгача. Аёл киши юзи ва икки қўлининг кафтларидан бошқа аъзоларини беркитадиган ҳолда сидирға ёки гулли матодан кўйлак кийиб ва рўмол ўраб юрса жоиздир. Кўйлак ва рўмолни қайси кўринишида ёки рангда бўлишнинг аҳамияти йўқ.

Кузатишлардан яна бир жиҳатни англаш мумкинки, айни кунларда аёл-қизлар орасида қора рангдаги либос кийишдан мақсад авратни тўсиш эмас, балки модага айланиб бормоқда. Шунингдек, урфимизда одат бўлмаган бошдан-оёқ тим қора либос қийиш жамиятда кўпчиликни ўзига жалб этиши билан авратдан ёпишдан бош мақсад бўлган ўзгаларни жалб этмаслик талабига зид ҳолатдир. Мана шу жиҳатни ҳам доимо ёдда сақлаш керак.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари оқ кийим барча рангларнинг энг яхшиси, шунинг учун уни иложи борича тез-тез кийиш кераклигини айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кийимларингиздан оқини кийинг. Албатта, улар кийимларингизнинг хайрлисидир. Ҳамда уларда ўликларингизни кафанланглар”, деганлар.

Баъзи араб халқларида аёллар қора рангли кийим кийишларини айрим мутахассислар қуйидагича таҳлил қилишган:

1) оқ ранг эркаклар устунлигини таъкидлайди. Аёл эркак кишига соя каби эргашиши учун қора кийим кияди. Шундай қилиб, бу кимнинг аёли ва кимга тегишли экани дарҳол тушунарли бўлади;

2) қадимги пайтда араб қабилалари орасида тунда кўплаб ҳужумлар содир этиларди, ўлжа сифатида болалар ва аёлларни қўлга олишарди. Шунинг учун ҳужум қилаётганлардан яшириниш мақсадида аёллар қорамтир кийим кийишган;

3) араб мамлакатларининг ҳудуди анча иссиқ. Кўчада қорамтир кийим кийган аёллар тезда қизиб кетиб, кўчада беҳуда кезиб юрмасдан тезда уйга қайтишга тўғри келган.

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:

- Ислом динида аёл-қизларнинг сатри авратда бўлиши талаб этилсада, бунда махсус рангдаги кийим кийиш шарт этиб белгиланмаган.

- Баъзи шарқ мамлакатлари аёлларининг қора кийим кийиши арабларнинг иқлимий ва маданий-тарихий омиллари билан боғлиқ бўлиб, бунга диний тус бериш тўғри эмас.

Модага эргашиб, қора либос кийиш ҳам дуруст эмас. Шунингдек, одат бўлмаган бизнинг жамиятдаги тим қора либос қийиш орқали кўпчиликни ўзига жалб этиш ҳам динимизда маъқулланмайди.

 

Бухоро шаҳар Жўйбори Калон аёл-қизлар 

ислом таълим муассасаси талабаси Розиқова Сайёра 

 

 

Izoh qoldirish