Имом ал-Ашъарий ва имом ал-Мотуридийлар аҳли Сунна ва жамоанинг ақийда бўйича имомлари
Имом Ғаззолий аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабининг тарихи ҳақида сўз юритиб қуйидагиларни ёзади: «Калом бир илм бўлиб унинг мақсади аҳли суннанинг ақийдасини аҳли бидъатнинг ташвишидан муҳофаза қилиш ва қўриқлашдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз пайғамбари тилида ҳақ ақийдани илқо қилди. Унда уларнинг дини ва дунёсининг салоҳи бордир. Шунингдек, унинг ҳақида Қуръон ва хабарлар нутқ қилди. Сўнгра шайтонлар ўз васвасаси ила бидъатчиларга суннатга хилоф ишларни илқо қилди. Улар ўша ишларни гапирдилар ва аҳли ҳақнинг ақийдасини бузмоқчи бўлдилар. Бас, Аллоҳ бир тоифа мутакаллимларни пайдо қилди ва уларнинг ҳимматини тартибга солинган калом ила суннатнинг нусрати йўлида ҳаракатга солди. Шу орқали аҳли бидъатнинг суннатга хилоф равишда чиқарган алдамчиликлари фош қилинади. Ана шундан илми калом пайдо бўлди».
Бу гапларга қўшимча қилиб айтамизки, илми калом пайдо бўлган вақтга келиб, ақийдага оид масалаларга аввалги вақтларга ўхшаб фақат Қуръон ва суннатдан далил келтириш билан кифояланиш етмай қолган эди. Қарши тараф ақлий далил ҳам келтиришни талаб қилар эди.
Калом масалалари бўйича баҳслар мусулмон оламидаги ўша вақтнинг кўзга кўринган ақийдавий мазҳаблари; аҳли сунна ва жамоа, мўътазилийлар, муржиъийлар, хаворижлар ва шийъалар ўртасида бўлган.
Кейинчалик, Аллоҳнинг каломига тегишли баҳслардан, Аллоҳнинг сифатларига, Ислом давлати бошлиғи-имомга оид масалаларга, қазо ва қадар масалаларига ва ҳатто баъзи фиқҳий масалаларга ҳам ўтган.
Вақт ўтиб турли халқ ва тоифаларнинг Исломга киришлари билан бирга уларнинг ақийда ва фикрлари ҳам кирди. Шу билан бирга номусулмонлар томонидан Ислом ақийдаларига қарши фикрий ҳужум ва танқидлар ҳам авж ола бошлади.
Ана ўша ҳамлалардан Ислом ақийдасини ҳимоя қилиш ва уларга раддиялар қилиш учун илми калом соҳиблари ғайримусулмонлар билан тортишувларни бошладилар.
Бу ишда аҳли сунна ва жамоа уламолари ҳам, мўътазилалар ҳам ва бошқалар ҳам иштирок этдилар.
Аввал бу тортишувлар тўғри йўналишда ва бир маромда кетди. Кейинчалик эса, бошқа илм ва соҳаларда бўладигани каби турли бурилишлар ва хатолар юзага кела бошлади. Илми калом бобига бўлган бўлмаган турли туман масалалар аралашиб кетди.
Шунингдек, мутакаллимлар орасига ҳам ҳар хил шахслар аралашиб кетди. Натижада, ҳақиқий илми каломни сохтасидан, ҳақни ботилдан ажратиб олиш қийин бўлиб қолди.
Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва Суннат таълимотлари асосида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Уларга аҳли Сунна ва жамоа номи берилди.
Кейинроқ одамларга тушунарли бўлиши учун матнларни таъвил қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли Сунна ва жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб тартибга солинди. Охири келиб ақийдавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди.
Аҳли сунна вал жамоа исми бундан аввал ҳам бор эди. Аммо кейинроқ юқорида номлари айтиб ўтилган турли фирқаларга муқобил ўлароқ айни шу исмни ишлатила бошланди. Аҳли сунна деганда суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар деган маъноларни кўзда тутилган.
Бу борада имом ал-Ашъарий ва ал-Мотуридийлар аҳли Сунна ва жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олиндилар.
Бу икки имом Ислом оламининг икки тарафида – Ашъарий басралик, Мотуридий самарқандлик бўлса ҳам ва бир – бирлари билан кўришмаган бўлсалар ҳам бир хил ишни бир хил вақтда, бир хил тарзда адо этганлари ҳамда икковларини бирданига аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг имоми деб эътироф қилишини бу мазҳабнинг ақийдаси доимо барча юртларда маълум ва машҳур эканига ёрқин далилдир.
ИМОМ АБУЛҲАСАН АЛ-АШЪАРИЙ
Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг насаблари улуғ саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. У киши Бағдодда яшаб, ўша ерда 333 ҳижрий санада вафот этганлар.
Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи дастлаб мўътазилийларнинг бошлиғи Абу Али Жибоийдан дарс олган ва кези келиб ўзи ҳам мўътазилийларга бош бўлган. Кейин тавба қилиб, мўзътазилийларга қарши бўлган. Уларнинг айбларини фош қилган ва аҳли Сунна ва жамоанинг имом бўлишга эришган.
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи аҳли сунна ва жамоа ақийдаси бўйича бир неча китоблар ёзган. Улардан баъзиларини эслаб ўтайлик.
1. «Мақолатул Исломиййин».
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг бу китобларида Аҳли сунна ва жамоанинг ақийдасини баён қилиб берган.
2. «ал-Ибона»
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи бу китобда аҳли сунна ва жамоанинг мазҳабини имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қавллари асосида баён қилиб мўътазилий ва жаҳмийларга раддиялар қилган.
3. «Рисолатун ила аҳлис сағр»
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи мўътазилийларга маълум бир масалаларда раддия қилади ва ўзларини имом Аҳмад мазҳабида эканини баён қилади.
Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг мазкур уч китобида оят ва ҳадисларни таъвил қилиш йўлига ўтмайди. Салаф уламолари, хусусан, имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг йўлларини тутади.
4. «ал-Ламаъ»
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг бу китобида аввалги уч китобидагидан бошқача йўл тутиб, ақлий далилга ҳам эътимод қилади. Шундай қилиб у киши бу китобда салаф уламолар йўлида эмас, кейинги, таъвил йўлини тутганлар изидан боради.
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳаётлари ва мазҳабларини чуқур ўрганган уламолардан шайх Муҳаммад Абу Заҳра раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги хулосаларни қиладилар: «Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда келган ақийдаларни олган ва тушунтиришнинг барча услубларини қўллаган. Ташбиҳга оид оятларнинг зоҳирини – сиртқи маъносини олган. Аммо ташбиҳга ўтмаган. У Аллоҳ таолонинг бандаларнинг юзига ўхшамаган юзи ва У зотнинг махлуқотларнинг қўлига ўхшамаган қўли борлигига эътиқод қилган. Ақоидга оҳод ҳадислардан ҳужжат келтирган. Аҳли ҳавонинг барчасидан, мўътазилийлардан четда бўлган.
Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳаби ўртача ва мўътадил мазҳабдир. У киши ақийдаларга далил келтиришда ҳам нақлдан, ҳам ақлдан истифода қилган. Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони Карим, ҳадиси шарифда келган Аллоҳ таолонинг, Унинг расулларининг ва охират кунининг васфларини собит қилади. Ақлий ва мантиқий далилларни ҳужжат қилиб келтиради.
Шунингдек, у киши фалсафий масалалардан ҳам фойдаланган. Чунки Абулҳасан Али ибн Исмоил
ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи мўътазилийлар, файласуфлар, қарматийлар, ботинийлар, рофизийлар ва бошқаларга раддиялар қилган. Бу ишда эса ўшаларни қаноатлантириш ва зиддиларига далилни келтириш лозимдир».
Имом Абулҳасан Али ибн Исмоил ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ишини давом эттирувчилар кўп бўлди. Ибн Асокир, Абу Исҳоқ Исфиройиний, Абу Бакр Қаффол, Ҳофиз Журжоний, Абу Муҳаммад Табарий, Дороний, Абу Бакр Боқиллоний, Абулқосим Қушайрий, Имомул Ҳарамайни, Абу Ҳомид Ғаззолий, Фахрул Ислом Шоший, Фахриддин Розийлар шулар жумласидандир.
ИМОМ АБУ МАНСУР АЛ-МОТУРИДИЙ
Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий Самарқандда туғилиб, ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, шу ернинг ўзида 333 ҳижрий санада вафот этган.
У киши ҳанафий мазҳабда бўлиб, имом Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлган. Яъни,
у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи фуқаҳолар ва муҳаддислар чақирган нарсага чақирган.
У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча унга мурожаат қилган. Улар у кишидан фиқҳ, усули фиқҳ ва бошқа диний илмларни таълим олганлар.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича «Китобул жадал»ни ва фиқҳда «Маъохизуш шарийъа»ни таълиф қилганидан кейин шуҳрати яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб Хуросон аҳли ушлаган мазҳаб соҳибига айланди. Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ақийдадаги мазҳаби Абулҳасан ал-Ашъарийнинг мазҳабига тенг бўлди.
Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Таъвийлоту аҳлис сунна» номли тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши аҳли Сунна ва жамоанинг мазҳабини қўллаб қувватлаган.
Саъдуддин Тафтазоний, имом Тоҳавий, имом Умар Насафий, Фахрул Ислом Баздавий, Ибн Ҳумом ва бошқа уламолар ақоид илмининг мотуридия йўналишида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, биз ақийдада ҳам, фиқҳда ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабидамиз. Имом Мотуридий ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабидалар. Ҳозирда кўп кишилар имом Мотуридий нима деганларини ҳам тушунмайдилар. У киши аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид бўлмаган ҳолатда ўз даврларида чиққан мужассима(Аллоҳ таолога жисм исбот қилувчи) ва мушаббиҳа(Аллоҳ таолони махлуқотларга ўхшатувчи)ларга раддия тарзда Аллоҳ таолонинг исм сифатларини таъвил қилиб, ўша давр оммасини куфрга кетиб қолмаслигига сабабчи бўлганлар. Чунки у давр Юнон ва Рум фалсафаси ниҳоятда авж олган давр бўлиб, одамлар уларнинг фалсафасига кўр-кўрона эргашганлар. Ҳозирги кунда бундай фалсафа йўқ. Шунинг учун одамлар Имом Мотуридийнинг қадрларини ҳам, хизматларининг қийматини ҳам ҳис қила олмайдилар. Валлоҳу аълам!
Izoh qoldirish