Талабаларимизнинг 2020 йилда эришган ютуқлари
Сўнгги 3 йил ичида “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида ўқув, услубий, маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар кўлами сезиларли даражада кенгайтирилди. Талабаларнинг сифатли таълим олиши ва дарсдан ташқари вақтини мазмунли ўтказиши ва ҳордиқ чиқариши учун замонавий талабларга мос шароитлар муҳайё қилинди. Яратилган шароитлардан мамнун талабаларимиз эса бор куч-ғайрат ва истеъдодларини ишга солиб, чуқур илм олиш билан бирга, илмий анжуманлар, маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб, қувонарли натижаларга эришмоқдалар. Жумладан:
2020 йил февраль ойида ДТМ томонидан араб тили бўйича ўтказилган тест ва ижодий имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, 1-курс талабаси Амонова Шаҳло халқаро CEFR сертификатининг В2 тоифасини қўлга киритди. Шуни қайд этиш лозимки, таълим муассасамиз талабалари орасида Ш.Амоновадан ташқари яна 1 нафар араб тили бўйича CEFR ва 3 нафар инглиз тили бўйича IELTS сертификат соҳибалари бор.
Талабаларни илмий мақолалар ёзишга кенгроқ жалб қилиш мақсадида улар орасида “Илмий мақола ёзиш тартиби, унга қўйиладиган талаблар” мавзусида услубий бўлим томонидан мунтазам тавсиялар бериб борилди. Талабалар томонидан 2020 йилнинг март, апрель ойларида жами 5 та илмий мақола ёзилиб, Республика миқёсидаги илмий анжуман тўпламлари ва интернет сайтларида эълон қилинди.
2020 йил 28 майда талабаларнинг 3 та илмий мақоласи Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси ўтказган онлайн конференцияга тақдим қилинди. Мазкур конференцияда 3-курс талабаси Ашурова Наргиза онлайн нутқ сўзлади.
2020 йил май ойида таълим муассасаси сайтида талабаларнинг 2 та видеоролиги эълон қилинди.
Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси, Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ва соҳага тааллуқли илмий тадқиқот марказларининг ўқув-услубий, илмий фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Илмий-услубий Кенгашининг 2020 йил 15 февралдаги 1-мажлис баённомаси қарорига асосан, 2020 йил 20 июнда “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Жамиятимизда соф исломий ақидаси ва фиқҳ илмининг долзарб масалалари” мавзусидаги Талабалар илмий жамиятининг анжумани ташкил қилинди. Анжуман учун таълим муассасаси талабалари тақдим қилган 25 та илмий мақоладан 19 таси саралаб олиниб, тўплам ҳолида чоп эттирилди.
2020 йил 10 июнда Ўз ХИА томонидан ташкил қилинган “Ўзбекистон-ислом цивилизацияси маркази” номли ёш тадқиқотчи ва талабаларнинг илмий анжуманида 3-курс талабаси Саъдуллаева Осима (илмий раҳбари Бафаева Гулнора) “Раисул уламо Абул Ҳафс Кабир” номли илмий мақоласи билан онлайн иштирок этди;
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, 2019-2020 ўқув йилини таълим муассасаси битирувчиларидан 3 нафари имтиёзли диплом билан тугатди. Битирувчиларнинг ҳар бирига таълим муассасаси директори томонидан Мусҳафи шариф совға қилинди.
Янги ўқув йилда 2018-19 ва 2019 2020 ўқув йилида муассасамизни тугатган 6 нафар талаба Олий диний таълим муассасалари талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди.
2021 йилнинг 8 февраль куни Диний талим муассасалари талабаларини моддий- ижтимоий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида "Вақф" хайрия фонди томонидан ўтказилаётган “Илм йўлида кўмак акцияси” доирасида пандемия даврида Қуръони Каримни 1 марта тўлиқ ёд олган 10 нафар талаба қизларимизнинг 1 йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилди.
Айни кунларда талабаларимиз 2-ярим йиллик ўқув фанларини ўзлаштириш билан бирга ”Ҳадис билимдони” мусобақасининг саралаш босқичига қизғин тайёргарлик кўришмоқда.
Буларнинг барчаси аввало Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати, қолаверса, ҳукуматимизнинг диний соҳада олиб бораётган ислоҳотлари, директоримиз бошчиликларидаги аҳил жамоамиз ва фидойи устозларимизнинг меҳнатлари самарасидир.
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ЎМИТМ услубий бўлим бошлиғи Н.Амонова
Izoh qoldirish