13.02.2021

«Жўйбори Калон»да ота-оналар йиғилиши

Бугун «Жўйбори Калон» аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида ота-оналар йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда 2020-2021 ўқув йилининг 1-ярим йиллик натижалари сарҳисоб қилинди. Тадбирни таълим муассасаси директори А.Иноятов кириш сўзи билан очиб бериб, таълим муассасасида янги ўқув йилида ўқув ва маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар кўлами янад кенгайтирилганлигини айтиб ўтдилар ва талаба қизларнинг исломий илмларни янада мукаммалроқ ўзлаштиришида ота-она ва қайнота-қайноналарнинг мунтазам ёрдамининг аҳамияти ниҳоятда катталигини,  айниқса, оилали талабаларимизга уйда фарзанд тарбияси ва уй ишларидан ортиб дарс тайёрлаши учун шароит яратиб беришга эътиборли бўлишларини  сўрадилар. Фарзандларининг мадрасада таҳсил олиши нафақат ўзлари, балки авлодлари учун ҳам фахр бўлишини алоҳида таъкидладилар.        

Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ҳ.Ҳалимова ҳам сўзга чиқиб, талабаларнинг ўзлаштириши масалалари, ютуқ ва камчиликлар хусусида маълумот бердилар ва ота-оналардан курс раҳбарлари билан мунтазам алоқада бўлиб туриш зарурлигини уқтирдилар.

Шундан сўнг ҳар бир курс раҳбари ўз талабаларининг ота-оналари билан алоҳида суҳбат ўтказди. Уларга  ҳар бир талабанинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ва ахлоқ-одоби ҳақида батафсил маълумотлар тақдим қилиниб, мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Барча фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирган ва маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда жамоат ишларида фаол талабаларнинг ота-оналарига Фахрий ёрлиқ ва Ташаккурномалар тақдим қилинди.

Izoh qoldirish