Ҳаё иймондандир.
Ҳаё улуғ исломий фазилат бўлиб, фахр-ифтихор этиладиган хулқдир. Ибн Дақиқул Ийд: «Ҳаё – айб саналган нарса туфайли хавотирга тушганда юз берадиган ўзгариш ва синиқликдир», деган таърифни келтиради. Имом Бухорий ва бошқалар Абу Саъид Худрийдан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳнинг ҳаёлари чимилдиқдаги келинчакникидан ҳам кучлироқ эди. Бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик. У зотнинг терилари латиф ва зоҳирлари юмшоқ эди, ҳаё қилганлари ва олийжанобликлари туфайли ҳеч кимга ёқмайдиган муомала қилмас эдилар». Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан: «Ҳеч қачон Расулуллоҳнинг фаржларини кўрмаганман», деган ривоятни келтиради. Бундан у икки зотнинг ҳам комил ҳаё эгалари бўлишгани маълум бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Оиша онамиз ҳаёни мусаффоликда беназир зот Пайғамбаримиздан ўрганганлар. Бошқа ривоятда: «Мен у зотнинг авратини кўрмаганман, у зот мендан кўрмаганлар», дейилган. Ҳаё – ўз соҳибидаги эзгуликка далолат қилувчи, қалб саломатлигидан дарак берувчи ва маломат тошларидан ҳимоя қилувчи бир қўрғондир. Ваҳб ибн Мунаббеҳ айтади: “Иймон бамисоли яланғоч тан кабидир. Унинг либоси тақво, безаги ҳаёдир”. Машойихлар дейдиларким, “Кийими ҳаёдан тикилган кишининг айби халойиққа кўринмас”.
Шоир айтади:
Сақлагил ҳаёинг ҳар дам, ҳар нафас,
Кишининг фазлига далилдир ҳаё,
Юзнинг суви кетса, қилинмас ҳавас,
Ўликдир у инсон, мурдадир гўё.
Ҳаёнинг турлари
Баъзи уламолар ҳаёни тўрт қисмга бўладилар:
1. Аллоҳдан ҳаё қилиш;
2. Фаришталардан ҳаё қилиш;
3. Одамлардан ҳаё қилиш;
4. Инсоннинг ўз нафсидан ҳаё қилиши;
Ахлоқлар дини бўлган ислом ҳаёни жаннатга киритадиган нарса даражасига кўтаргандир. Исломда ҳаёли бўлиш шунчалар юқори кўтарилган. Ҳар бир инсоннинг фитратида Аллоҳ таоло ҳаёни бор қилиб яратади. Аммо шуни ривожлантириш, уни шариатнинг қолипига мувофиқлаштириш ўша инсоннинг ўзига қолган иш бўлар экан. Агар ушбу ҳаё ўз ҳолига ташлаб қўйилса, у шариатдан ташқари ҳам бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло барчамизни ҳаёли бандаларидан қилсин.
Жўйбори Калон ЎМИТМ ўқитувчиси: И.Уста-Алимова
Izoh qoldirish