23.02.2022

Мўминни масхара қилган фосиқдир

Гоҳида баъзиларнинг ўзаро муноса­батини кўриб, афсусланиб кетасиз. “Дамас” тўла одам, бозордан уйга қайтяпмиз, ҳали туман ҳудудидан чиқмасдан бир эшак аравали эр-хотинга қарама-қарши келиб қолдик. Аравакаш эр-хотинни ҳамма танийди. Улар туманимиз атрофидаги баъзи “бефаросат одамлар” томонидан улоқтириб юборилган елим идишларни териб, атрофни тозалаб юради. Ҳеч кимга зарари тегмайди. Ўз ишлари билан овора. Уларни кўриб “Дамас”нинг орқа ўриндиғида ўтирган бир аёл ик­кинчисига, масхаромуз тарзда: “Ана, дугонанг...” де­ди. Машина салонида енгил кулги кўтарилди... Бундай ҳолатларни кўриб, халқимиз маъри­фатга нақадар муҳтож эканлигини англаб, ачи­насан киши. Бойлик, мансаб, обрў инсонларни Аллоҳга яқин қилмайди. Шунингдек, камбағаллик, муҳтожлик, од­дийлик одамларни Аллоҳдан узоқ ҳам қил­майди. Охиратда кимга нимани беради – Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Келинг, азизлар! Бир-биримизни камси­тиб, мас­харалашдан сақланайлик. Мустақим ИСОЕВ, Шофиркон туманидаги “Қори Фазлиддин” жоме масжиди имом-хатиби

Izoh qoldirish