АБУ ҲАНИФА СИФАТЛАРИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо жаноби олийларига дуруду саловатлар бўлсин!
Абу Ҳанифа р.а. Кўфада саксонинчи ҳижрий санада таваллуд топди. Шу ерда ўсиб улғайди ва ҳаётининг аксар қисмини шу шаҳарда таълим олиб, таълим бериб ўтказди.Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга,тақво,ибодат,зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар мужассам бўлган . Абу Ҳанифа ўта парҳезкор эди. Айтар эдики: “Агар банда ҳаёти давомида Аллоҳ таолога ибодат қилиб, ҳатто манабу устунга ўхшаб қуриб қақшасада аммо қорнига кираётган нарса ҳалолми ёки ҳаром эканлигини билмаса унинг ибодати қабул бўлмайди”. Шунинг учун ҳам шубҳа аралашган нарсалардан ўзини сақлар эди. Олийжаноблик ва саховатпешалик у кишининг энг кўзга кўринган хулқларидан эди. Фузайл ибн Иёз айтади: “Абу Ҳанифа фиқҳ илмида машҳур фақиҳ киши эди. Молу давлати бисёр, атрофидаги кишиларга хайр-эҳсон улашиш одати ҳаммага маълум, кеча-ю кундуз илм олишга сабрли, тунлари қоим, кўп сукут сақлар, то ҳалол ёки ҳаром ҳақида савол берилмагунча гапирмас эди”. Абу Ҳанифа р.а. уни уламолар орасида энг чўққига чиқишига сабаб бўлган сифатлар билан сифатланган эди. У саботли, ишончли, кенг фикр юритувчи, ҳақиқатларни илғаб олувчи ҳақ рост олимнинг сифатига эга эди.У ўзига талабчан, ҳиссиётларини жиловлаб олган эдики, унга қарши айтилган сўзлар уни ўзидан бегона қилмас, ноҳақ айтилган гаплар уни ҳақдан четлата олмас эди. У доим шундай дер эди: Эй, Аллоҳим! Кимнинг бизга кўнгли тор бўлса, бизнинг қалбимиз унга ҳамиша кенгдир. Унга ато этилган мустақил фикрлаш қобилияти уни Китоб ёки суннат ёки бирор саҳобанинг фатвосидан бошқага бўй сунишга йўл бермас эди. Бу борада унга бировга нисбатан муҳаббат ёки адоват ўз таъсирини ўтказа олмас эди. Ушбу сифатлар Абу Ҳанифа р.а.ни унга етган руҳий ғизодан озиқланиб буюк фақиҳ бўлиб етишишига сабаб бўлди. Унинг тоатга бунчалик берилишига, ибодатда бу қадар ғайрату шижоат кўрсатишига сабаб бўлган нарсалардан бири мана бу воқеадир. Бир куни у бир жамоа кишиларга дуч келди. Ва иттифоқо уларнинг ўзи ҳақида шундай деётганларини эшитиб қолди: «Сизлар кўриб турган мана бу киши тунда ухламайди!». Бу сўзлар унинг кулогига чалиниши билан у ўзига-ўзи шундай деди: Мен одамлар қошида Аллоҳ ҳузуридаги ҳолатимнинг хилофида эканман. Аллоҳга қасамки, шу соатдан бошлаб, одамлар мен ҳақимда килмайдиган ишимни гапирмагайлар. Бугундан бошлаб, то Аллоҳ билан учрашадиган онимга қадар кечаси ёстиққа бош қўймаганим бўлсин.Ўша кундан бошлаб Абу Ҳанифа (р.ҳ.) кечанинг ҳамма қисмини ибодат-ла иҳё қилишга қунт қила бошлади… Қоронғулик ўз чойшабини борликка ёзиб, ёнбошлар ётоқларга таслим бўлиб ҳаркас уйқуга чўмган бир вақтда у ўрнидан туриб, энг яхши либосларини кияр, соқолини тарар, хушбўйланиб зийнатланар, сўнгра маҳбубининг висолига ошиққан ҳабиб мисоли виқор билан меҳробида саф тортарди. Ва туни билан хушуъ ила қиёмда тик турган, ёки қаддини эгиб мусҳафга мук тушган ва ёхуд икки қўлини илтижо билан осмонга кўтарган ҳолда тонг оттирарди. Аллоҳ таоло анбиёларнинг қиссаларини Қуръони каримда зикр қилиб, шундай буюрган:
أُولَٰئِكَ الَّذِينَ هَدَى اللَّهُ ۖ فَبِهُدَاهُمُ اقْتَدِهْ
яъни: “Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоятга бошлаган зотлардир. Бас, (Сиз ҳам) уларнинг йўлига иқтидо қилинг!” (Анъом сураси 90-оят).
Шундай экан, Аллоҳ таоло ҳидоят қилган зотлар изидан юрайлик. Аллоҳ таоло мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифадан Ўзи рози бўлсин! У зот қолдирган илмий меросдан тўлиқ фойдаланишга барчамизни муваффақ айласин!
Жўйбори Калон ЎМИТМ ўқитувчиси Н.Ҳалимова
Izoh qoldirish