Ҳазрат Навоий даҳосига эҳтиром.
Алишер Навоий ўзбек адабий тили ва адабиётига асос солган буюк сўз санъаткори, Шарқ ижтимоийфалсафий, маънавий-ахлоқий тафаккур тараққиётига катта ҳисса қўшган забардаст мутафаккир, ҲусайнБойқаро салтанатининг барқарорлиги ва гуллаб-яшнашини таъминлаган йирик давлат арбоби, илму фан, адабиёт ва санъатнинг улкан ҳомийси бўлган машҳур маърифатпарвар зот сифатида ўзбек тили, тарихи,адабиёти, маданияти ва санъати ривожида алоҳида ўрин тутади. Ғазал мулкининг султони яшаб ўтган умри давомида қолдирган улкан мерос асрлар давомида авлдоларга намуна бўлиб келмоқда. Форс ва туркий тилда ижод қилиб сўз саънатидан моҳирона фойдаланиб битган ғазаллари, байтлари-ю такрорланмас мисралари ҳали-ҳамон навоийшунос олимлар томонидан ўрганилмоқда. Алишер Навоий ўзидан бой шеърий, насрий ва илмий мерос қолдирган бўлиб, бу мероснинг хажми, “Лисон ут-тайр” достонида шоирнинг ўзи таъкидлашича, 100 минг байтдан иборат. Бу бой мерос билан Алишер Навоий ўзбек адабиётини жаҳон юксаклигига кўтарди ва ўзбек адабий тилига асос солди. Ўзбек адабиётида лирик жанрлар ва достончиликнинг энг юқори тараққиёти Алишер Навоий номи билан боғлиқдир.Атоқли шоир Абдулла Орипов буюк бобокалонимиз образини яратишда замонамиз шоирларидан анча илгарилаб кетган. Жумладан, “Ўзбекистон” шеърида шоир мана бундай ёзади:
Беш асрким назмий саройни,
Титратади занжирбанд бир шер.
Темур тиғи етмаган жойни,
Қалам билан олди Алишер.
Дунё бўлди чаманим маним.
Ўзбекистон Ватаним маним.
Шоир шеърияти ҳикматга йўғрилгани, образли тасвирнинг ёрқинлиги, ҳаёт ҳақиқати бадиий ҳақиқатга юксалгани билан алоҳида ажралиб туради.
Алишер Навоий асарларидаги асосий ғоя инсон камолотидир. Шоир жамият ҳаётини синчковлик билан таҳлил қилади, инсоният тарихига назар ташлайди. Шу кузатишлар асносида ниятнинг эзгулиги, комиллик сари интилиш инсонни юксалтиришига ишора қилади
Инсоннинг буюклиги нимада? Бу саволга хар ким турлича жавоб бериши мумкин. Кимдир буюкликни ибратли умр мисолида кўрса яна кимдир, ўша инсон томонидан қолдирилган илмий меросда, бошқалар эса эзгу ва хайрли ишларида кўради. Солиҳ амал қилиш – кишини икки дунёда зафар топиб, ёқимли ҳаёт кечиришига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилган:
مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً
وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
яъни: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси 97-оят). Шундай экан, солиҳ амаллардан бўлмиш, Аллоҳ таоло фарз қилган ибодатларни бажариш, ота-онага яхшилик, муҳтож ва қийналиб қолганларга ғамхўрлик қилиш, одамлар билан чиройли муомала ва муносабатда бўлиш, омонатдорлик, кечиримлилик каби солиҳ ва эзгу амалларда бардавом ва собитқадам бўлишимиз мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга қилган яхши амалларимизни риё, сумъа ва ужбдан сақлаб, имкон қадар махфий қилишимиз янада улкан савоб ва ажрларга сабабдир.
Мустақил Ўзбекистонда Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган бугунги кунда Алишер Навоийнинг безавол адабий мероси мисолида ўзбек адабиёти ва маданиятини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу улуғ шоирнинг бизга қолдирган мероси ўз даври ижтимоий ҳаётида тутган ўрни нечоғлик муҳим бўлганлигини белгилаб берувчи омил эканлиги билан аҳамиятли саналади. Чунки ўтмишни теранроқ англаб, келажакка ишонч билан боқишда аждодларимиз қолдирган бой моддий маданий мерослар муҳим ўрин тутади, беқиёс аҳамият касб этади. Ёшларимизни бобокалонимиз қолдирган асарлар билан қанчалик яқинроқ таништирсак, улар қалбига миллий ғурур ва комил инсон тарбияси билан боғлиқ туйғуларни шунчалик чуқурроқ сингдиришга эришамиз.
Жўйбори Калон ЎМИТМ маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари: И.Уста-Алимова
Izoh qoldirish