Мусулмонни кофир деб бўлмайди
Аллоҳнинг ягоналиги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг элчиси эканига иймон келтирган киши мусулмон ҳисобланади.
Ислом борасидаги кўпгина хатолар қатори бу масаладаги хато ҳам асосан кишиларнинг диний билим савиясининг йўқлиги ёки хатолигидан келиб чиқади. Энг ёмони ўша камчиликни тўғрилашга ҳаракат қилмасликдир. Шу сўзни тили билан айтиб, қалби билан тасдиқ этса бўлди. Ҳеч кимга инсоннинг иймонини ўлчаш ҳуқуқи берилмаган. Минг афсуски, сохта салафий ва шу каби адашган гумроҳ кишилар гуноҳ иш қилиб қўйган мусулмонларни кофир деб, унинг қони ва молини ҳалол санамоқда.
Мусулмон кишини кофирга чиқариш мумкин эмаслиги борасида Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Уч нарса иймоннинг аслидир:
Лаа илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ!)” деган кимсага тегмаслик;
Гуноҳи боис уни куфрда айбламаслик;
Амали учун уни Исломдан чиқармаслик лозим;
Ла илаҳа иллаллоҳ деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи сабаб кофир демаймиз, амали туфайли исломдан чиқармаймиз. (Имом абу Довуд ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳақиқий мўмин-мусулмон бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли мўмин эмассан деган сўзни айтмаслиги лозимдир. Бу масалада «Шарҳи ақийдатут Таҳовия» китобида қуйидагилар айтилади:
«Аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз. Модомики, ўшани ҳалол ҳисобламаса».
Бу каби масалаларда «аҳли қибла»дан мурод, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирортасини инкор қилмаганлар кўзда тутилади.
Демак, аҳли қиблалардан бирортасини гуноҳ туфайли кофир қилмаймиз» дегани, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган жами нарсаларга иймон келтириб, диннинг асосий нарсаларидан бирор нарсани инкор қилмаган одамни гуноҳи кабира ёки гуноҳ туфайли кофир, деб ҳукм чиқармаймиз, деганидир. Бу масалада аҳли сунна ва жамоа айтган хулоса шуки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Фақат ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Мисол учун ароқ ичган одам уни ҳалол деб эътиқод қилса, кофир бўлади. Ароқни ҳалол деб эътиқод қилмаса-ю, уни ичса осий бўлади. Динимиз таълимотига кўра, ширкдан ташқари ҳар қандай гуноҳ қилган инсон токи ўша гуноҳини ҳалол деб ҳисобламас экан, кофир бўлмайди.
Демак, турли хил интернет тармоқлари ва гуруҳларда эрталабдан кечгача вақтини бекор ўтказиб, одамларни кофирликда айблаб фитна, тухмат ва бўҳтон қилаётган кимсалар аввало, Аллоҳ таолога чин дилдан тавба қилишлари лозим. Қолаверса, бундай ишларни бас қилиши ўзи ва атрофидагилар учун кони фойдадир.
Жўйбори Калон ЎМИТМ ўқутувчиси М.Бозорова
Izoh qoldirish