24.01.2022

Ақоид илми

       "Ақийда" сўзи арабча "ақада" феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг кўплик шакли "ақоид" дир. Аслида, бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш лозим. Бунинг учун, аввало ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейинчалик шу ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра замон ўтиши ва бошқа далилларнинг собит бўлиши билан ўша илмимиз тасдиқланади ҳамда унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Ушбу илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг, у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади. Қачонки маълум бир илм инсоннинг фикрига айланиб, ҳис-туйғуларини йўллайдиган ва ҳаракатларини бошқарадиган ҳолда етганда ақийдага айланган бўлали. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши керак.

 "Ақоид" илмининг мақсади-динга бўлган ишончни, диний ақийдаларнғ қатъий далиллар билан исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир. Тўғри йўлни изловчиларга очиқ ойдин ҳақни баён қилиш билан йўл кўрсатиш, аксинча, бўйин товловчиларга эса далил ва ҳужжатларни исбот қилишдир. Бу илмнинг асосий мақсади эса барча шаръий илмлар каби икки дунё саодатини ҳосил қилиш бўлиб ҳисобланади.

Жўйбори  Калон аёл-қизлар орта махсус ислом таълим муассасаси маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари И.Уста-Алимова

Izoh qoldirish