ОФИЯТ ВА ОМОНЛИК – ЯРАТГАННИНГ БУЮК ИНЪОМИ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бугун она занимизда яшаётган ҳар бир киши ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ огоҳ, ҳушёр ва сергак бўлиши шарт. Чунки бир томондан башариятга терроризм, радикализм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик ва шу каби бошқа бир қанча омиллар хавф солаётган бўлса, иккинчи томондан ҳар хил офатлар, балолар, ваболар одамларнинг ёстиғини қуритяпти.
Биргина мисол, коронавируснинг “Omicron” штамми дунё аҳолисини яна иҳоталанишга мажбур қилмоқда. Пандемиянинг янги тўлқини авж олаётган мамлакатлар карантин чеклови орқали касаллик тарқалишига тўсиқ қўймоқда. Германияда тиббий ниқобсиз юриш тақиқланди, Францияда бустер-доза билан эмланиш учун 7 ой муддат берилди, Грецияда эмланмаган фуқаролар жаримага тортила бошланди.
Ҳиндистонда жами касалланганлар сони 37 миллиондан ошиб кетди. Россияда эса ҳолат олдинги пандемия тўлқинидан ҳам хавотирли. Мутахассислар 1 февралга қадар касалланиш 65 мингга етиши мумкин, деб тахмин қилмоқда. Демак, вазият мураккаб тус оляпти.
Шу боис 2022 йил 15 январдан эътиборан Республика махсус комиссияси қарори асосида юртимизда бир қатор карантин чекловлари ўрнатилди. Бундан мақсад битта – вирусдан одамларимизни муҳофаза қилиш, ундан кам талафотлар билан чиқиш.
Ислом дини манбаларида таъкидланганидек, бу дунё – синов ва имтиҳон майдони. Аллоҳ таоло бундай хитоб қилади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (Бақара сураси, 155-оят).
Ушбу оят тафсирида Имом Шаъровий раҳимаҳуллоҳ: “Аслида, инсонларнинг бошига синовлар келиши ёмон эмас, балки синовлардан ўта олмаслик ёмон. Зеро, ҳар бир синов тажриба ва имтиҳон ҳисобланади. Ҳеч ким имтиҳонларни ёмон демаган. Балки у машаққатларга бардош бера олмайдиган киши учун ёмон. Аммо бор куч-ғайратини ишга солиб, пешқадамлардан бўлган киши учун имтиҳонлар яхшиликдир”, деган.
Динимиз таълимотида ҳар бир яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолодан экани баён қилинган. Унга қалб ила таслим ва рози бўлиш лозим. Ҳар қандай синовларни розилик билан қабул қилиш мусибатларни мардонавор енгиб ўтишнинг гўзал муолажасидир.
Илм аҳллари, воизлар, нотиқлар бир ҳадиси шарифни жуда кўп тилга оладилар: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмай алданиб қолганлар. У иккиси – сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик” (Имом Бухорий ривояти).
Сўнгги йилларда ушбу ҳадиси шарифни ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этишини англаб етдик. Инсоният гоҳида ўзида бор неъматнинг қадрига етмайди. Саломат ва хотиржам бўлган киши турмуш ташвишлари, чеки-чегараси йўқ орзу-ҳаваслар кетидан қувиб юраверади ва ўшаларга алданиб саломатлиги, тинчлигини қўлдан бериб қўяди. Охир-оқибат аттанг қилади ва саломатлигини йўқотиш эвазига топган нарсаси орзу-ҳавас олдида ҳеч вақо эканини англаб етади. Лекин кейинги афсус-надоматнинг фойдаси йўқ.
Мазкур ҳадис мазмунига уйғун равишда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “…саломатлик вақтингизни беморлик келишидан олдин ғанимат билинг…” (Имом Термизий ривояти), деб марҳамат қилдилар.
Сиҳат-саломатликдан баҳраманд кишигина бошқа неъматлардан ҳам баҳра олиб яшайди. Саломатлик бўлмаса, қолганлари беҳуда: татимайди. Шунинг учун инсон бу неъматни қўлдан бермаслик, унга путур етказадиган ҳар қандай иллатлардан ўзини сақламоғи лозим.
Республика махсус комиссиясининг қарори билан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилмоқда. Бунда барча ташкилот, корхона ва муассасаларда, йирик савдо мажмуалари, супермаркетлар, кўнгилочар муассасаларнинг кириш қисмида ниқобда бўлиш, тана ҳароратини ўлчаш амалиётига қатъий риоя этилиши таъминланади.
Шундан келиб чиқиб, мўмин-мусулмонлар коронавирус тарқалиши ёки юқишидан эҳтиёт бўлишмақсадида мутахассислар кўрсатмаларига қатъийамал қилиши лозим. Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим асослардан бири саналади. Шу нараларга зарар етадиган ҳолатларда шариат ўз кўрсатмаларини инсониятга енгиллатади. Шундай экан, вакцина олиш зарурати бир неча жиҳатлар билан таъкидланади. Чунки биз учун ҳаётимиз қанчалик муҳим бўлса, соғлиғимизнинг ҳам аҳамияти шунчалик катта.
Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг шифосини ҳам берган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Аллоҳ таоло ҳар бир касалликка шифосини туширгандир” (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадисда шундай баён қилинади: «Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан аъробийлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули, даволанайликми?” деб сўрашди. У Зот алайҳиссалом: “Ҳа, эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар. Чунки Аллоҳ ҳар бир касалликка даво яратгандир”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Юқумли касаллик билан хасталаниш ҳолатлари ортиб бораётган, унга қарши эҳтиёт чоралари кучайтирилаётган вақтда ҳар бир мўмин-мусулмон Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиб, жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш, вакциналар билан тўлиқ эмланиши, шу билан бирга, Республика махсус комиссияси томонидан жорий этилган янги тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиб, ўзимиз, яқинларимиз, қолаверса, юртдошларимизнинг соғлиғини сақлашимиз зарур.
Таассуфки, айрим кишилар бундай тартиб-қоидалар ва тавсияларга риоя қилиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемия қоидаларини бузмоқда. Карантин талабларини бузиш нафақат қонун ҳужжатлари, балки Ислом дини кўрсатмаларига ҳам риоя этмаслик ҳисобланади. Бундай кимсалар, аввало, ўзлари ва яқинларини хатарга қўяётганларини, юртдошларимиз орасида вирус тарқалишига сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигини теран англаб етишлари зарур. Ислом дини таълимотида ҳар бир инсон ўзи ва бошқалар ҳаётини муҳофаза қилишга масъулдир! Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” деб қатъий хитоб қилган (Бақара сураси, 195-оят).
Коронавирус инсоният учун Яратганнинг бир синовидир. Ҳақ таоло бандаларига бирор синов юборса, албатта, унинг ортидан яхшиликларни ҳам бериб қўяди. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар).
Бу оятни тафсир қилган уламоларимиз бир қийинчиликдан кейин, албатта, икки енгиллик бор, дейдилар. Тафсири Табарийда бундай дейилади: “Бу ояти карима нозил бўлганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келади. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди”.
Жалолиддин Румий айтади: “Ҳар торлик ортида кенглик, ғамлар ортида шодлик бор. Ғам-ташвишларнинг калити – сабр”. Ҳар бир синов ортида Аллоҳнинг ҳикмати яширин..
Ишончимиз комилки, оиласи, фарзандлари, эл-юрти тинчлиги, соғлиғини ҳамма нарсадан устун қўядиган донишманд халқимиз синовларни Ҳақ таолонинг раҳмати ила енгиб ўтади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга гўё дунё тўлиғича берилибди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ким эрталаб уйғонганида ўзи ва аҳли саломат ҳолда бўлса, дастурхонида бир кунлик таоми бўлса, энг бой одам шу экан. Алҳамдулиллаҳ, хотиржам ухлаб-уйғониб, бола-чақамизни таълим-тарбияга йўллаб, ўзимиз ишга, ўқишга бориб келяпмиз. Бир кунлик эмас, ҳатто бир ой, бир йиллик насибамизга етарли даромадни захира қилганларимиз кўп. Шундай экан, биз Расул алайҳиссалом айтган дунёни тўлиғича, балки ортиғи билан олган кишилармиз.
Мана шундай фаравон ҳаёт бардавом бўлмоғи учун тинчликнинг шукронасини қилиб, уни кўз қорачиғидек асрамоғимиз даркор. Чунки неъматлар шукр билан зиёда бўлади. Зеро, ояти каримада: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”», деб баён қилинган (Иброҳим сураси, 8-оят).
Шу ўринда биз, дин пешволари, уламолар ва имом-хатиблар ўз олдимизга қатъий мақсадларни қўйган ҳолда, тинчликни таъминлашга дахлдорлик ҳиссини чуқур англашимиз зарур. Инсон ўзига берилган неъматнинг қадрини мулоҳаза қилиш ва мушоҳада юритиш орқали, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамлик туфайлидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашишни замон андозаларига мос ҳолда олиб боришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки глобаллашув жараёнлари юқори суръатда кечаётган бугунги давр инсон онгу қалбига қаратилган таҳдидлар, дин ниқоби остидаги ахборот хуружлари тобора кучайиб бораётгани билан ғоят мураккаб ва таҳликалидир.
Бугунги таҳликали замоннинг, узоқ ва яқин ҳудудлардаги нотинчликларнинг ўзи воқеликка теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, жаҳонда кучайиб бораётган хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ чиқариб яшашни талаб этмоқда.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг» (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Жарга қулаётган инсон арқонга пишгани сингари дўзах тубига қуламасликнинг бирдан-бир чораси Қуръони каримни маҳкам ушлашдир. Инсон учун нажот – шу.
Ушбу оятдан ўзаро тафриқага тушиш Аллоҳнинг арқонини тутишнинг зидди экани тушунилади. Демак, тафриқага тушиш Аллоҳнинг арқонини қўйиб юбориш, унинг нажотидан узоқлашиш. Аҳли сунна вал жамоада мустаҳкам туриб, тафриқага бормаса, Аллоҳ ундан рози бўлади.
Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида саҳобалар бир оят ҳақида тортишиб қолдилар. Бирлари: “Бундай ўқилади”, – деса, бошқаси: “Бундай ўқилади”, – дейишди. Набий алайҳиссалом уларнинг иккисини ҳам тўғрилаб: “Ихтилоф қилманглар. Ихтилоф қилсангиз, Аллоҳ қалбларни бир-бирига ихтилофли қилиб қўяди”, дедилар.
Набий алайҳиссаломнинг умматлари эканмиз, фирқаларга бўлинмасдан, бизга омонат қолдирилган мана шу динда собитқадам туришимиз керак. Ҳаммамиз ҳамжиҳат бўлишимиз зарур. Айниқса, ҳозирги мураккаб даврда турли сабаб ва омиллар билан низо чиқаришга ҳаракат қилаётган томонлар кўпайиб бораётган бир паллада осойишталикни таъминлаш учун астойдил қайғуриб яшашни даврнинг ўзи тақозо этаётир.
Аллоҳ таоло Қиёмат куни жаннатга кирган бандаларига: “У (ер)га соғ-саломат, тинч-омон кирингиз!” деб марҳамат қилади (Ҳижр сураси, 46-оят).
Жаннатий бандалар жаннатга илк қадамларини қўяётганида Аллоҳ таоло уларга “Саломатлик, тинчлик билан киринг”, дейди. Демак, жаннатдаги қанчадан-қанча ҳурлар, қасрлар, анҳорлар, мевалар, хуллас, нима неъмат бўлса, барчаси мавжуд. Аллоҳ таоло бу неъматлардан истеъмол қилиб, роҳатланинглар демаган, балки биринчи навбатда, сизлар бу ерда тинч-омон бўласизлар, деб зикр этмоқда. Чунки банда хотиржамлик боис роҳатланади. Агар тинчлиги бўлмаса, ҳеч бир неъмат татимайди, фақат тинчлик сабабли инсон фаровон ҳаёт кечиради, ибодатларида ҳузур-ҳаловат бўлади.
Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётларига назар солсак, бирор марта шикоят қилмаганларини кўрамиз. Ҳолбуки, туғилганларида оталарини кўрмадилар. Гўдаклик чоғида оналари вафот этди. Боболарининг қўлида қолдилар. Сўнгра амакиларининг қарамоғида улғайдилар. Фотима онамиздан бошқа барча фарзандларини ўз қўллари билан дафн қилдилар. Яъни бу дунёда инсон бошига тушиши мумкин бўлган энг катта мусибатларнинг ҳаммасини бошларидан ўтказганлар. Лекин бирон марта шикоят қилмадилар. Ҳамиша шукрга даъват қилдилар. Бундан биз ҳам хулоса чиқариб, неъматлар шукрини адо этишимиз лозим.
Сўзим якунида Набий алайҳиссаломнинг: “Саломни ораларингизда кенг ёйинглар” (Имом Муслим ривояти), – деган сўзларини келтиришни лозим топдик. “Салом” – “Ассалому алайкум” – тинчлик демак. Бу калом билан ўзаро тинчлик, хотиржамлик, ҳузур-ҳаловат, офият тилаймиз. Орамизда саломни – тинчликни ёйишимиз керак. Шунда бир-биримизга меҳрли, оқибатли бўламиз, имонимиз комил бўлади. Имони мукаммал кишиларга жаннат муборак!
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, оилаларимизни фаровон, олижаноб халқимизни доимо Ўз паноҳида асрасин!
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Izoh qoldirish