30.12.2021

Мазҳаб саҳобалар йўлидир

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам Аллоҳ таоло томонидан юклатилган вазифани тўлиқ ва мукаммал ўз умматларига етказдилар. Қуръони Каримдаги оятлар мукаммал ва пурҳикматли бўлгани учун Пайғамбаримиз  саллаллоҳу алайҳи вассаллам 23 йил давомида батафсил ҳамда босқичма босқич баёнлаб бердилар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 129-оятида марҳамат қилади:

Роббимиз, уларнинг ичига ўзларидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Расул юбор. 

Қуръони Каримдаги барча оятлар умумий қоидалардир. Пайғамбарнинг вазифаси ўша оятларни инсониятнинг фаҳмига мослаштириб тушунтиришдир. Бунга 23 йил давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг атрофларида яшаб, у зот билан доимо ҳамнафас бўлган фақиҳ саҳобаларгина эришиб билдилар. Қуръони Каримда келмаган қолган илоҳий қонунлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг тилларида жорий бўлди. Нажм сурасининг 3- оятида:

У (пайғамбар) ҳаводан олиб сўзлаётгани йўқ. У зот фақат (Аллоҳ таоло) томонидан нозил қилинаётган бир ваҳийдир

Шунинг учун Набий саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг айтган ҳар бир сўзлари, бажарган амаллари ва тасдиқлари шариат аҳкомларидан ҳисобланди. Пайғамбар алайҳис салоту вассаллам тирикларида барча мусулмонлар шаръий масалаларини барчасини сўзсиз у зоти бобарокатнинг ўзларидан сўрашарди. Бирор бир киши нубувват 23 йиллик даврида ўзича бирор фатво ёки шаръий ҳукмларни таҳлил қилмасди. Чунки бу илоҳий қонун эди. Ҳашр сурасининг 7-оятида:

Сизга Расул нимани берса, олинг ва сизни У зот нимадан қайтарса қайтинг

Аммо Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламдан кейин кимларга эргашиш керак эканлигини ва кимлардан воқеълик пайдо бўладиган масалаларни сўрашликни баён қилди. Анбиё сурасининг 7-оятида: 

Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг

Cаҳобаларнинг умумий сони ҳақида тадқиқотчилар ихтилоф қилганлар. Улар 30 минг нафардан 90 минг нафаргача дейилган бўлса-да, барчалари фиқҳий салоҳиятда тенг эмас эдилар. Фиқҳий фатво бериш билан шуғулланган ёки фавто берган саҳобалар сони 140 нафар атрофида эди, холос. Аммо ўша 140 нафар саҳобанинг ичида энг фақиҳроғи 7 таси машҳурдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам билан ҳамзамон бўлган саҳобаларнинг бирортаси “мен ҳам пайғамбарни кўрганман, мен ҳам арабман, ўзимга ўзим фатво чиқара оламан” қабилида иш тутмаган. Чунки ҳамма саҳобалар ҳам илм билан шуғулланмаган, баъзилари ижтимоий соҳаларда умргузаронлик қилган бўлса, баъзилари давлатчилик соҳасида иш юритган ва ҳоказо. Фотир сурасининг 28-оятида:

Дарҳақиқат, Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқадилар.

Демак, ҳар бир уммат ичида олим бўлар экан ва у олимга эргашувчилар бўлади. Кўчада юриб “ман олимман” деган ҳар бир кимса, олим ҳисобланавермайди. Олим пайғамбарнинг илоҳий меросидан баҳраманд бўлган зотдир. Унинг олимгини дунёнинг ҳар чеккасидаги уламолар тасдиқлайди ва бутун мусулмонларини унинг ҳикмат эгаси эканлигини эътироф этади. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

"Олимнинг обиддан афзаллиги тўлин ойнинг  бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар тилло ё кумуш мерос қилиб қолдирмадилар, балки илм қолдирдилар. Ким уни олган бўлса катта насибани қўлга киритибди" деганлар. 

Саҳобалардан кейин шогирдлари тобеъйинлар уларнинг ишларини давом этдилар. Маккада Мужоҳид, Ато ибн Рабоҳ, Мадинада Саъид ибн Мусайяб, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Басрада Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сиррийн, Куфада Алқама, Масруқ, Шомда Абдураҳмон Авзоъий розияллоҳу анҳумлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг илмий омонатларини мусулмонларга тарқатдилар. Барча мусулмонлар уларнинг илмий салоҳиятидан хабарлари борлиги, ўзларидан кўра илмлироқ ва тақводорроқ эканликларини билишиб эргашишарди. Ўша замонларда бирор кимса чиқиб: “Қуръон ва суннатни қўйиб, бу шахсларга эргашамизми, бу бидъат ку”, демаган. Чунки ҳамма билган, бу олимлар Қуръон ва суннатдан бошқасини гапирмайди ёки Қуръон ва суннат йўлидан чиқмасдан ижтиҳод қилишади.

Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия» номли китобида қўйидагиларни ёзади: «Аллоҳ таоло ўз ҳикмати тақозоси ила динни ушлаш ва муҳофаза қилиш учун одамларга имомларни чиқариб берди. Уларнинг илмлари, билимлари, фатво ва ҳукмлар илмида кўзланган мақсадга эришганларини ҳамма тан олар эди. Улар раъй ва ҳадис аҳлидан эдилар. Барча одамлар фатвода уларга мурожаат қиладиган, ҳукмларни билишда ҳам улардан сўрайдиган бўлишди. Аллоҳ таоло улар учун мазҳабларини тартибга соладиган ва қоидаларини таҳрир қиладиган зотларни қоим қилди. Охир-оқибат улардан ҳар бир имомнинг мазҳаби, услуби, қоидалари ва фасллари аниқланди. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган, ҳалол ва ҳаром ҳақидаги калом тартибга солинадиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами, ушбу динни муҳофаза қилиш сабабларидан бўлди».

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ким мазҳабга эргашиб, ўз ибодатини қилиб юрган бўлса, Қуръон ва ҳадисга амал қилаётган бўлади. Акс ҳолда унинг ҳолига войдир. Аллоҳ таоло барчамизни сиротул мустақимдан айирмасин!

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси  мударриси Жамол Мавлонов

 

Izoh qoldirish